- Жуманинг фарз бўлиши шартлари; Бошқа намозларда бўлган шарт, рукн ва суннату одобларнинг барчаси жума намозида ҳам бор. Шу билан бирга, жума намозининг ўзига хос шартлар ҳам бор. бу ерда ўшалар ҳақида сўз боради.Жума намози фарз бўлиши учун унинг ташқарисида мавжуд бўлиши лозим шартлар бор. Уларни жуманинг фарз бўлиши шартлари деб аталади. Ана ўша шартлар қуйидагилар;1. Мисрда яшамоқ.Миср энг катта масжидига аҳолиси сиғмайдиган аҳоли яшайдиган жойдир. Бу каби истиқомат масканлари авваллари шаҳар дейилган. Аммо ҳозирги кичикроқ қишлоқлар ҳам аввалги шаҳарлардан катта бўлиб қолган. Мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод жума намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир. Демак, қай бир аҳоли яшайдиган жой бўлса-ю, унинг энг катта масжидига жума ўқиши фарз бўлган одамлари сиғмаса, ўша ер миср бўлади ва унда жуманинг фарз бўлиш шартларидан бир шарт вужудга келган бўлади.Миср бўла олмаган аҳоли яшаш жойларнинг аҳолисига жума фарз бўлмайди.Шунингдек, яшаш жойидан сафарга чиққан одамга ҳам жума фарз бўлмайди. Агар мусофир бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ яшашни ният қилса, мусофирлиги қолмайди ва жума ўқиши фарз бўлади.Пешин вақти киришидан олдин шаҳарнинг иморатларида айрилиб чиққан одам бўлса, жума куни сафар қилса ҳечқиси йўқ. Тўғриси заволдан олдин сафар қилса, жоиз. 2. Соғлик. Бемор одам жумага бориши оғир бўлганидан уни афв этилган.3. Ҳурлик. Бу қадимги замоннинг шарти. Ўша вақтлардан қуллар бўлган. Улар хожаларининг мулки бўлгани ва улар берган топшириқларни бажаришлари лозим бўлгани учун жумага боришдан афв қилинганлар. Аммо ҳур кишиларнинг эрки ўзида бўлгани учун жумага боришлари фарз бўлган.4. Эркаклик.Аёл кишиларнинг уй юмушлари кўп бўлгани учун, болаларга қарашлари керак бўлгани учун уларга енгиллик яратиш мақсадида жумадан афв этилганлар. Эркаклар эса бу юмушлардан озод бўлганлари ва бошқа масъулиятларини адо этишларидан эҳтиёжлари борлиги учун жумага боришлари фарз қилинган. 5. Балоғатга етганлик. Барча шаръий таклифларда асосий шартлардан бири бўлгани каби балоғатга етганлик ҳам жуманинг фарз бўлиши учун асосий шартлардан биридир. Балоғатга етмаган болаларга жума ўқишлик фарз эмас.6. Кўз ва оёқнинг саломат бўлиши. Кўзи тамоман кўрмайдиган шахсларнинг еталовчиси бўлса ҳам жума фарз бўлмайди.Ўзи юра олмайдиган даражада оёғи нуқсонли бўлган кишиларга ҳам жума фарз бўлмайди.Аллоҳ таоло «Ва сизларга динда ҳеч танглик қилмади», деган. Динда танглик қилмаслик, Исломнинг осонлик дини эканлигининг асосидир. Исломда танглик йўқлиги ҳақида гап кетганида инсонга тоқатидан ташқари нарсани амр қилмаслик англанади. Инсон ўзининг дангасалиги туфайли хоҳламаган нарса танглик ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло Жума намозини фарз қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жума намозини тарк қилганларга қаттиқ таҳдид маъносидаги ҳадисларни айтдилар. Лекин, шу билан бирга узрли кишилардан Жума намози фарзлиги соқит бўлади.Имом Абу Довуд Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:«Жума ҳар бир мусулмонга жамоатда ўқимоғи ҳақдир. Илло тўрт тоифа бундан мутасно; мамлук қул, аёл киши, ёш бола ва бемор», деганлар.Бу шартларни ўзида мужассам қилмаган одам жума намозини ўқиса, фарзни адо эган бўлади.Мисол учун мисрда яшамайдиган, мусофир, бемор, қул, аёл, балоғатга етмаган ёш бола, кўзи ожиз ёки оёғи чўлоқ кишилар жума намозини ўқисалар фарзни адо этган бўлаверади.Чунки юқоридаги шартлар машаққатни кўтариш ва енгиллик яратиш учун қўйилган рухсати бор шахслар ўзлари ихтиёрибилан имкон топиб жумани ўқисалар уларга фарзни адо этганлик мартабаси етаверади. Худди мусофир рўза тутса ёки фақир ҳаж қилса бўлаверганидек.