Ассалому алайкум! Мен иложи борича гунохлардан тақво қилишга харакат қиламан олдинлари ароқ ичардим сигарет чекардим бировнинг устидан кулардим хуллас гунохларим кўп еди кегин оллох хидоят берди ва бу ишларимни ташладим хозирда сафарда ишлайман 1ойда 1марта уйга бориб келаман ишга келганимда 10 ёки 15 кун зўр юраман кегин еса шахватим қузиб кўз зиноси қилиб қўяман саволим шуки шундай инсон тақволи хисобланадими ёки хамма гунохлардан сақланган инсон тақволи хисобланадими?
– Ва алайкум ассалом! Бирор банда гуноҳдан омонда эмас. Тавба билан банданинг ҳар қандай гуноҳлари кечирилади. Аммо гуноҳга қўл уриб, сўнгра тавба қилган мўмин тақводорлар сафига қайтадими? Албатта қайтади. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилади:
وَسَارِعُواْ إِلَى مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
133. Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг.
Демак, Аллоҳ таолонинг мағфирати ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннати тақводорлар учун экан.
Келаси оятда мазкур мағфират ва жаннатнинг ҳақдорлари бўлган тақводорларнинг сифатлари зикр қилинади:
الَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي السَّرَّاء وَالضَّرَّاء وَالْكَاظِمِينَ الْغَيْظَ وَالْعَافِينَ عَنِ النَّاسِ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
134. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир.
Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:
«...енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар».
Яъни, улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига оғирчилик кунлари тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради.
Тақводорларнинг сифатларидан яна бири:
«...ғазабини ютганлар...»
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди: «Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўлиб туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», деганлар.
Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари:
«...ва одамларни афв қиладиганлардир».
Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки ишнинг чиройли ҳол бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олижаноблик кўрсатиб ғазабини ютган одам бу олижаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни афв қила олиши, кечира билиши ҳам керак.
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда, «Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», дейилади.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Қиёмат куни бир жарчи, одамларни афв қилганлар қани! Роббингиз ҳузурига ажрингизни олгани келинг, деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», деганлар.
«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир».
Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан.
Кейинги ояти каримада мазкур тақводорлар сифатларининг зикри яна давом этади:
وَالَّذِينَ إِذَا فَعَلُواْ فَاحِشَةً أَوْ ظَلَمُواْ أَنْفُسَهُمْ ذَكَرُواْ اللّهَ فَاسْتَغْفَرُواْ لِذُنُوبِهِمْ وَمَن يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلاَّ اللّهُ وَلَمْ يُصِرُّواْ عَلَى مَا فَعَلُواْ وَهُمْ يَعْلَمُونَ
135. Ва улар фоҳиша иш ёки ўзларига зулм қилган чоғларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар.
Маълумки, тақводорлик мўминларнинг олий даражаси ҳисобланади. Ҳозир ўрганаётган ояти каримамизда тақводорларга улкан даражалар ваъда қилинмаётир. Лекин ушбу оятда фоҳиша иш ёки ўзига зулм қилган одамлар ҳам тақводорлар сафидан ўрин олиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу нимага далолат қилади? Бу Ислом динининг бағри кенглигига далолат қилади. Бу Исломда инсоннинг табиатини ниҳоятда чуқур билиб ўзига яраша муомала қилинишидан далолат беради. Инсон, нима бўлганда ҳам, инсондир. Ҳаёти давомида турли қийинчиликларга, иғво ва чалғитишларга учрайди. Баъзи вақтларда заифлиги тутиб, ҳавою нафсининг сўзига кириб қўяди. Бундай пайтда дарҳол ўзига келиб, ояти каримада зикр этилаётгандек,
«Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар».
Хўш, буларга қандай муносабатда бўлиш керак? Сен фалон ишни қилиб қўйдинг, бўлди, энди умидингни узавер, дейиладими? Йўқ! Ислом тавба эшигини кенг очиб қўйган. Бандалик, ожизлик тутиб баъзи гуноҳларни қилган бўлса ҳам, тақводорлар сафига қўшилиш имкони бор. Фақат, бир шарти бор, у ҳам бўлса:
«Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрарлар» ва
«...билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмаслар».
Ана шундагина тақводорлар сафига қўшилиш имкониятидан маҳрум бўлмайдилар. Аммо тавба қилмасалар ва билиб туриб гуноҳларида яна давом этаверсалар, бу имконият уларга ҳеч қачон берилмайди.
Демак, бир марта, билмасдан ёки заифлик тутиб, гуноҳ қилиб қўйган одам дарров тавба қилса ва гуноҳдан тўхтаса, шундагина тавбаси қабул экан. Бу қоида ва мағфират бобидаги барча оят ва ҳадисларга тегишлидир. Баъзи нафси бузуқ одамлар ўйлаганидек, оғзида тавба қилдим деб қўйиб, қайта-қайта гуноҳ қилаверадиганлар бу ҳукмга кирмайдилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Гуноҳ қилган ҳар бир мусулмон яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқиб, сўнгра истиғфор айтса, албатта, Аллоҳ уни кечиради», деганлар.
Келаси оятда мазкур тақводорлик сифатига эга бўлганларнинг мукофотлари зикр қилинади:
أُوْلَئِكَ جَزَآؤُهُم مَّغْفِرَةٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَجَنَّاتٌ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَنِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ
136. Ана ўшаларнинг мукофотлари, Роббиларидан бўлган мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!
Бандаларнинг тақводорлиги, оғир ва енгил пайтларда баб-баробар нафақа қилишлари, ғазабни ютишлари, одамларга нисбатан кечиримли бўлишлари, гуноҳ қилсалар ёки ўзларига зулм этсалар, дарров ўнгланиб мағфират сўрашлари, гуноҳда давом этмасликлари–ушбу сифатларнинг мукофоти Аллоҳнинг мағфиратидир. Бунинг устига, қиёмат кунида:
«Остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, улар унда абадий қолурлар».
Ояти карима сўнгида келган:
«Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!», деган жумладан билиниб турибдики, мазкур олимақом мукофотларга сазовор бўлган кишилар амал-иш қилганлар. Қуруқ гап ёки рамзий ишлар билан кифояланиб қолмаганлардир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!