Ассалому алайкум! Никоҳда қиз тарафдан ота ёки ака шу каби кишилар валий бўлиш керак деган ҳадисга изоҳ бериб ўтсангиз. Иккинчиси бизнинг мазҳабимизда нимага валий шарт эмас дейилган шуни ҳам кенгриқ ёритиб берсангиз. Бошқа мазҳаблар валий бўлмаса никоҳ никоҳ эмас Абу Ҳанифа адашган бу масалада аёллар ҳам бўлади деб айтишаяпти.
– Ва алайкум ассалом! Ҳур ва мукаллаф аёлнинг тузган никоҳи, агар тенги бўлмаган кишига ва валийсиз бўлса ҳам ўтаверади.
Бунда аёл ўзининг никоҳидами ёки ўзгани никоҳлашда тасарруф қиладими - барибир. Фақат никоҳ тузишда тасарруф қилган мазкура аёл ҳур, оқила ва балоғатга етган бўлиши шарт.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
“Сўн агар талоқ қилса, бундан кейин у аёл токи бошқа эрга тегмагунича унга ҳалол бўлмас”, деган. (Бақара сураси, 230-оят)
“То валийси уни бошқа эрга бергунча”, деган эмас.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
“Хотинларни талоқ қилганингизда муддатлари охирига етганда яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, ушлаб турманг”, деган (232-оят).
Бу оятда ҳам никоҳланиш аёлларнинг ўзларига нисбат берилган, валийларига эмас.
Аллоҳ таоло шу суранинг 234-оятида:
“Муддатлари етганда ўзлари ҳақида маъруф ила қилган ишларида сизга гуноҳ йўқ”, деган.
Ўша яхшилик билан қилинадиган ишлар ичида никоҳ иши бўлиши ҳам мумкин.
Бухорийдан бошқа муҳаддислар жамоаси Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилган ривоятда айтилишича:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Жувон хотин ўзига валийсидан кўра ҳақлироқ, бокирадан эса унинг ўзи ҳақида изн сўралади. Жим туриши ёки сукути унинг изнидир”, дедилар”.
Ҳанафий мазҳаби уламолари бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, “Никоҳнинг тўғри бўлиши учун валий бўлиши шарт эмас”, дейдилар. Улар мазкур учта оят ва бир нечта ҳадисларни далил қилиб келтирадилар. Валийнинг шартлиги ҳақидаги ҳадисни эса “Бу гап комил никоҳ ҳақида. Яъни валий бўлмаса, комил никоҳ бўлмайди, деганидир”, дейишади.
Ҳанафий уламолар ўз фикр-ижтиҳодларини қувватлаш учун нақлий далилдан ташқари, ақлий далил ҳам келтирадилар. “Шариат, - дейишади улар, - балоғатга етган қиз болага ўз мол-мулкида ўз ихтиёри билан тасарруф қилиш ҳаққини берган. Нафс унинг учун молдан кўра яқинроқ ва азизроқ. Қандай қилиб аёл киши ўз нафсида ўз ҳолича тасарруф қила олмайди?!” (Кифоя китобидан). Валлоҳу аълам!