Ассалому алайкум! Ота-она оламдан ўтган бўлса, амаки ҳолага қилинган яҳшиликлар ота онага қилинган яҳшиликча бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Отаси вафот этганидан кейин мусулмон фарзанд отасининг ака-укаларини худди отасини эъзозлагандек эъзозлаши, уларни ота ўрнида кўриши лозимлиги шариатимизнинг кўрсатмасидир. Бу ҳақда келган шариат таълимотлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ва улуғларимизнинг сўзларида ўз ифодасини топган.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар Аббоснинг садақаси ҳақида гапирган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Кишининг амакиси отаси кабидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакисидир. Кишининг амакиси эса отаси кабидир ёки отасининг аслидандир», дейилган.
Амаки ота ўрнида бўлиши қадимдан мавжуд бўлган тушунчадир. Ислом дини эса қариндошчилик алоқаларининг яхши бўлишига қанчалик катта аҳамият бергани маълум ва машҳур. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларига бўлган олиймақом муносабатлари иймон ва Ислом асосида бўлиши ҳам маълум ва машҳур.
Собитдан ривоят қилинади:
«Умар ибн Хаттоб: «Ким отасига ўлимидан кейин силаи раҳм қилмоқчи бўлса, унинг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», деди».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Ота вафот этиб кетди. Бола ўтиб кетган отасига силаи раҳм қилмоқчи. Агар у отасининг ака-укаларига – амакиларига ният билан яхшилик қилса, худди отасига яхшилик қилгандек бўлади. Чунки одатда амакилар доимо жиянлардан катта бўладилар.
Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отаси йўқнинг отаси амакисидир», деганлар.
Демак, ота йўқ пайтида амаки отанинг ўрнига қолади. Шунинг учун амакиларни эҳтиром қилиш, уларнинг дуосини олиш, уларга яхшилик, эҳсон ва силаи раҳм қилиш худди отага қилган яхшиликлар ўрнига ўтар экан.
Собит Бунанийдан ривоят қилинади:
«Бизга Умар ибн Хаттобнинг «Ким отаси қабрдалигида силаи раҳм қилишни истаса, отасининг ака-укаларига силаи раҳм қилсин», дегани етган».
Ибн Ҳиббон ва Бағавий ривоят қилишган.
Қаранг, ота-она дунёдан ўтиб кетгандан кейин ҳам фарзандларда уларнинг ҳақлари қолар экан. Фарзанд қабрида ётган отасига ҳам яхшилик қилиши мумкин бўлиб, бунинг учун у отасининг ака-укаларига яхшилик қилиши етарли экан.
Юқорида амаки ота ўрнида бўлиши, ота вафот этганидан кейин амакини ота ўрнида кўриб, уни эъзозлаш лозимлиги ҳадислар, ривоятлар мисолида айтилган эди. Энди эса динимиз таълимотлари асосида хола она ўрнида бўлиши, уни худди онани ҳурматлагандек ҳурмат қилиш, эҳтиром кўрсатиш кераклиги ҳақида сўз боради.
Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади:
«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У гуноҳ қилган эди. У зот:
«Онанг борми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Холанг борми?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Бор! Унга яхшилик қил!» дедилар».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Яъни она бўлмаса, хола она ўрнида бўлар экан. Она йўқ пайтда холани онанинг ўрнида кўриш, онадан сўраладиган дуони ундан сўраш, онага қиладиган яхшиликни холага қилиш лозим бўлади.
Гуноҳга ботиб қолиб, «Нима қилсам, гуноҳим мағфират қилинади?» деган ҳалиги одамга Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам холасига яхшилик қилишни буюрганлари шунга далолат қилади.
Абу Бакр ибн Ҳафсдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди аввалги ҳадис ривоят қилинган, фақат «Катта гуноҳ қилди», деган ибора бор».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
«Холам бор», деган ўша одам жуда катта гуноҳ қилган экан. Ушбу ривоятда қилинган гуноҳнинг катталиги алоҳида таъкидлаб айтилмоқда.
Яъни гуноҳи оддий гуноҳ эмас экан. Катта гуноҳни қилиб қўйиб, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан: «Нима қилай, қандай қилсам, гуноҳим кечирилади?» деб сўрабди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Онанг борми?» деб сўрабдилар. «Йўқ», деган экан, «Холанг-чи?» дебдилар. «Ҳа, холам бор», дебди. Шунда: «Холанг бўлса, унга яхшилик қил, дуосини ол, шоядки Аллоҳ гуноҳингни кечиб юборса», деган маънодаги гапни айтибдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг отаси йўқлигини билганлар, шунинг учун у ҳақда сўрамаганлар. Чунки билиб туриб, сўраш мумкин эмаслигини у вақтлардаги одамлар яхши тушунишган.
Бу ривоятдан бировни ўлдириб қўйса-ю, отаси ёки онаси бўлмаса, холанинг розилигини топиш билан гуноҳ ювилиб кетар экан, деган хаёлга бориш керак эмас. Бу гуноҳни қилган одамга шариатда одам ўлдирганга белгиланган чора кўрилади. Аммо гуноҳини тўлиқ ювиш учун онаси бўлмаса, холанинг розилигини олиш тавсия қилинган.
Зуҳрийдан ривоят қилинади:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Отаси йўқнинг отаси амакисидир. Онаси йўқнинг онаси холасидир», деганлари етди».
Ҳусайн Марвазий ривоят қилган.
Демак, ота йўқ пайтида амаки отанинг ўрнида қолиши, она йўқ пайтида хола онанинг ўрнида қолиши ҳадисда очиқ-ойдин айтилмоқда. Шунинг учун амакиларни, холаларни эҳтиром қилиш, дуосини олиш, уларга яхши эҳсонлар, силаи раҳм қилиш ота-онага қилган яхшиликлар, итоатлар ўрнига ўтар экан. “Кексаларни эъзозлаш” китобидан. Валлоҳу аълам!