Ассалому алайкум! Қизим 2002-йилда туғилган хозирда медколлежда ўқиябди, диний талимга қизиқади кўп совчилар келишаябди беролмаябмиз. Сабаби қизим мадинага ўқишга хужжат тобширган акаси билан бирга. 6 ойда ўқишга қабул қиса арабистонга акаси билан ўқигани кетади. Шунга нима маслахат бероласилар? Эрга берворганимиз яхшими ёки ўқиганими?
– Ва алайкум ассалом! Баъзида қизларимизнинг тенги чиқса ҳам, янада яхшироқ жойлардан умид қилиб, уларни ушлаб турамиз. Гоҳида қизнинг сепи тайёр эмаслиги, бунга қўлимиз калталигини рўкач қилиб, уларнинг умрини ўтказамиз. Ваҳолангки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида айтадилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا خَطَبَ إِلَيْكُمْ مَنْ تَرْضَوْنَ دِينَهُ وَخُلُقَهُ فَزَوِّجُوهُ، إِلَّا تَفْعَلُوا تَكُنْ فِتْنَةٌ فِي الأَرْضِ ، وَفَسَادٌ عَرِيضٌ رَوَاهُ الْإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ وَالْإِمَامُ ابْنُ مَاجَةَ
яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Дини, хулқи сизни рози қиладиган киши совчи қўйиб келса, (қизингизни) унга никоҳлаб беринг. Агар шундай қилмасангиз, ерда фитна ва катта фасод чиқади”.
(Имом Термизий ва Имом ибн Можа ривояти).
Тенги чиққан қизларни турмушга узатмасак, кераксиз матоҳларни деб, тўйларни кечиктирсак, оиласиз эркак ва аёллар кўпаяди, зино ривожланади, насаблар кесилади. Жамиятда салоҳият ва иффат камаяди.
Баъзи йигитлар эса, ҳамма шароитимни яхшилаб оламан деб, уйланмай юришади. Натижада ёшлари ўтиб қолади. Ваҳолангки, бир касбни бошини тутган, нафақаи рўзғор қила оладиган йигитлар камбағалликдан қўрқиб, уйланмай юриши, тўғри эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَأَنْكِحُوا الْأَيَامَى مِنْكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِنْ يَكُونُوا فُقَرَاءَ يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
яъни: “Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами)кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).
Ҳанафий мазҳабига кўра, уйланиш – уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир.
Ояти каримада камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бой бўлиши ҳақида айтилмоқда. Бунинг устига, уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, ҳаракатчан бўлиб қолишлари кўп кузатилган. Шунинг учун динимиз имконияти бўлган йигитларни уйланишга тарғиб қилади. Лекин никоҳ суннатининг эълони бўлган тўй қилишни обрў мусобақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ
яъни: “...Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” (Анъом сураси, 141-оят). Валлоҳу аълам!