Ассалому алайкум! Ҳаётимда мусибат кўп ҳаттоки жуда кўп. Атрофга қараб тақволи кишиларни ночор камбағал ҳолда кўраман. Тақвосиз кишиларни эса бой кенгчиликда кўраман. Уламоларнинг ҳам бир бирига тош отиши ҳақоратлаши ва шунга ўхшаш гуноҳ ишларини кўриб диндан ҳам анча совудим. Ўзимни ҳам бошимда мусибат кўп. Тўғриси чарчадим. Динга ҳам қўл силтаб юборгим келяпти. Чунки ёшлигимдан турли қийинчликлар бўлишига қарамай ҳаётим яхши эди. Адашмасам 9 синфдан динга амал қила бошлаганимдан кейин шу қадар бало мусибатлар келдики, эсласам йиғлаб юборгим келади. Инсон зотини бардоши тошданда қаттиқ экан. Қизиғи кўп йил бўлдики, охири кўринмаяпти. Бу дин инсонга бахт саодат келтириши керакмасмиди ахир? Куйиб кетдику юрагим.
– Ва алайкум ассалом! Сиз ўзингизни тақводор деб биласизми? Динга тўлиқ амал қилаяпман деб ўйлайсизми? Аллоҳга номаъқул ишлар қилмаяпман дейсизми? Динни тўғри тушундим деб айта оласизми? Ёзганларингизга қараганда сиз динни ҳали тушунмагансиз. Аллоҳ таоло тақводор бандасига бойлик бериши мажбурий эмаслиги, ёки осий бандасини фақир қилиши мажбурий эмаслиги, қўйинки бойликнинг ўзи бу дунёда мукофот эмаслигини билмас экансиз. Агар дунё Аллоҳнинг наздида пашшанинг қанотичалик қадрга эга бўлганида кофирга ундан бир қултум сув ҳам ичирмас эди. Бойлик бу синов воситаси холос. Бойлик келганда қалбингиз ёришиб, у кетганида эса маҳзун бўлаётган бўлса билинки сиз ҳали Аллоҳдан анча узоқсиз. Бундай илм билан тақводорлар ва уларнинг ҳаётларидаги ҳолатлар ҳақида хулоса қила олмайсиз. Эҳсон мақоми ҳақидаги ҳадиси шариф ва унинг шарҳини топиб ўқинг. “Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобини ҳам ўқинг. Аллоҳ таоло "Фажр" сурасида марҳамат қилади:
فَأَمَّا الْإِنسَانُ إِذَا مَا ابْتَلَاهُ رَبُّهُ فَأَكْرَمَهُ وَنَعَّمَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَكْرَمَنِوَأَمَّا إِذَا مَا ابْتَلَاهُ فَقَدَرَ عَلَيْهِ رِزْقَهُ فَيَقُولُ رَبِّي أَهَانَنِ
15. Бас, қачон инсонни Роббиси синаш учун икром қилса ва неьмат берса, «мени Роббим икром қилди», дейдир.
16. Бас, қачон Роббиси синаш учун ризқини тор қилиб қўйса, у «Роббим мени хорлади», дейдир.
Кишиларда бойлик ва камбағаллик ҳақида нотўғри тушунча бор. У ҳам бўлса бойликни Аллоҳ тарафидан иззат-икром, Аллоҳ розилигининг аломати, яхши кўргани учун мол-дунё берди, деб эьтиқод қиладилар.
Аксинча, камбағалликни эса Аллоҳ тарафидан хўрлаш, хуш кўрмаганлик аломати, деб тасаввур қиладилар. Аслида эса ундоқ эмас.Аллоҳ таоло молу дунё, бойликни яхши кўрган бандасига ҳам, ёмон кўрган бандасига ҳам бераверади, шунингдек, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам ризқини тор қилиб қўйиши мумкин. Бойлик Аллоҳ тарафидан бўлган иззат-икром эмас, балки имтиҳон–синовдир, шунингдек камбағаллик ҳам. Синовдан мақсад эса Аллоҳнинг итоати: банда бой бўлса, шукр қилиб, бойликни Аллоҳ кўрсатган йўлга сарфлайдими, йўқми? Ёки камбағал бўлса, сабр қиладими, йўқми? Шунинг учун ҳам кейинги оятни «Каллаа» деб рад билан бошлаяпти.
كَلَّا بَل لَّا تُكْرِمُونَ الْيَتِيمَ
17. Йўқ! Балки Сизлар етимларни икром қилмайсизлар.
Йўқ! Сизларнинг бу фикрингиз нотўғри. Аллоҳ берган неьматни синов, деб билмасдан, мен ўзим зўр бўлганим учун икромлаб берди, дейишингиз нотўғри. Ана шундай нотўғри фикрда бўлганингиз учун ҳам етимларни икром қилмайсизлар. Уларга Аллоҳ сизга берган неьматдаги ҳақларини бермайсизлар. Ҳолбуки, ўша неьматда етимнинг ҳам ҳаққи бор эди. Агар етимга ундан ўзига тегишли ҳаққини берганингизда синовдан яхши ўтган бўлар эдингиз. Сиз эса синовдан ўта олмадингиз. Шунингдек...
وَلَا تَحَاضُّونَ عَلَى طَعَامِ الْمِسْكِينِ
18. Бир-бирларингизни мискинларга таом беришга ундамайсизлар.
Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўзингизга берилган неьматни синов эмас, шахсингизга икром, деб керилганингиздандир. Аллоҳ таоло сизга ўша неьматни шукр қилармикин, мен кўрсатган йўлларга сарф қилармикин, мискинларга ҳақларини берармикин, деб синаш учун берган эди. Сиз эса, Аллоҳ мени синаш учун бу неьматни берди, агар Аллоҳ хоҳласа, мени мискин қилиб, мискинни неьматлантириб қўяр эди, демадингиз. Мискинга Аллоҳ сизга омонат учун берган неьматдан бермадингиз, ҳаттоки бир-бирингизни унга таом беришга ҳам ундамадингиз. Бу ҳам етмаганидек сизлар...
وَتَأْكُلُونَ التُّرَاثَ أَكْلًا لَّمًّا
19. Ва меросни шиддатла ейсизлар.
Сиз молу дунёга шунчалик ўчсизки, Аллоҳ берган неьматга тўймай, бировларнинг ҳаққи бўлмиш меросни ҳам шиддатла-харис бўлиб ейсиз. Бу нарса бировнинг ҳаққи, бу мен учун ҳаром, демайсиз. Чунки, сиз...
وَتُحِبُّونَ الْمَالَ حُبًّا جَمًّا
20. Ва молни кўп яхши кўрасизлар.
Чунки, сизнинг вужудингизни молу дунё муҳаббати қамраб олган. Қалбингизда молу-дунё муҳаббатидан бошқа нарса йўқ. Кўзингиз молу дунёдан бошқа нарсани кўрмайди. Қулоғингиз молу дунёга оид гапдан бошқа гапни эшитмайди.
Аллоҳ таоло бойликка берилганларнинг ёмон ишларини фош қилгандан сўнг, қўрқитувчи оятларни келтиради. Шоядки, булар тавба қилиб, тўғри йўлга тушсалар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!