Ассалому алайкум! Бир сайтдан "Бировдан ишни тўғрилаб беришини сўраса, пора ҳақида гап-сўз бўлмаса, сўнг ўша ишни тўғрилаб берганидан сўнг порани берса, олимлар бунинг ҳукми борасида турлича фикрлар билдирганлар. Айрим уламолар олишни ҳалол бўлмайди, деган бўлсалар, айрим уламолар ҳалол бўлади, деганлар. Мана шу саҳиҳдир! Чунки, бу яхшилик ва яхшиликка берилган мукофот бўлиб, бу ҳалол бўлади. Худди бу имом-домлага ва муаззинга бирор нарса бергандекдир. Уни шарт қилмасдан берсалар, яхши иш ҳисобланади." гапларини ўқиб қолдим. Менда савол туғилдики агар давлат хизматчиси ўзига юклатилган вазифасини астойдил тезлаштириб қилса ва ундириладиган давлат тўловларини тўлиқ ундирса, тадбиркор билан олдиндан тил бириктириш, таъмагирлик бўлмаган бўлмаса, шу ишни битириб берганлик учун тадбиркор томонидан давлат хизматчисига бериладиган пул ҳалол бўладими ёки йўқми?
– Ва алайкум ассалом! Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда бундай дейилган:
عَنْ أَبِي حُمَيْدٍ السَّاعِدِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: اسْتَعْمَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا عَلَى صَدَقَاتِ بَنِي سُلَيْمٍ يُدْعَى ابْنَ اللُّتَبِيَّةِ، فَلَمَّا جَاءَ حَاسَبَهُ قَالَ: هَذَا مَالُكُمْ، وَهَذَا هَدِيَّةٌ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «فَهَلَّا جَلَسْتَ فِي بَيْتِ أَبِيكَ وَأُمِّكَ، حَتَّى تَأْتِيَكَ هَدِيَّتُكَ إِنْ كُنْتَ صَادِقًا». ثُمَّ خَطَبَنَا فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ ثُمَّ قَالَ: «أَمَّا بَعْدُ، فَإِنِّي أَسْتَعْمِلُ الرَّجُلَ مِنْكُمْ عَلَى الْعَمَلِ مِمَّا وَلَّانِي اللهُ، فَيَأْتِي فَيَقُولُ: هَذَا مَالُكُمْ، وَهَذَا هَدِيَّةٌ أُهْدِيَتْ لِي. أَفَلَا جَلَسَ فِي بَيْتِ أَبِيهِ وَأُمِّهِ حَتَّى تَأْتِيَهُ هَدِيَّتُهُ، وَاللهِ لَا يَأْخُذُ أَحَدٌ مِنْكُمْ شَيْئًا بِغَيْرِ حَقِّهِ، إِلَّا لَقِيَ اللهَ يَحْمِلُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ، فَلَأَعْرِفَنَّ أَحَدًا مِنْكُمْ لَقِيَ اللهَ يَحْمِلُ بَعِيرًا لَهُ رُغَاءٌ، أَوْ بَقَرَةً لَهَا خُوَارٌ، أَوْ شَاةً تَيْعَرُ». ثُمَّ رَفَعَ يَدَهُ حَتَّى رُئِيَ بَيَاضُ إِبْطِهِ يَقُولُ: «اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ». بَصْرَ عَيْنِي وَسَمْعَ أُذُنِي
Абу Ҳумайд Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Сулаймнинг закотига Ибн Лутабийя деган одамни омил қилиб тайинладилар. У қайтиб келгач, ҳисоб-китоб қилдилар. У: «Бу сизларнинг молингиз, бу эса ҳадя», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ростгўй бўлсанг, ҳадянг олдингга келгунча ота онангнинг уйида ўтиравермабсан да», дедилар. Кейин бизга хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва шундай дедилар: «Аммо баъд. Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ менга топширган амаллардан бирига омил қилиб тайинлайман. У бўлса келиб, «Бу сизларнинг молингиз, бу эса менга қилинган ҳадя», дейди. Ундай бўлса, ҳадяси олдига келгунча ота онасининг уйида ўтиравермабди да! Аллоҳга қасамки, бирортангиз бирор нарсани ноҳақ олар экан, қиёмат куни ўшани кўтарган ҳолда Аллоҳга рўбарў бўлади. Бирортангизнинг ўкириб турган туя, бўкириб турган мол ёки маъраб турган қўйни кўтарган ҳолида Аллоҳга рўбарў бўлганини кўрмайин!» дедилар. Сўнгра: «Аллоҳим, етказдимми?» деб, қўлларини кўтардилар, ҳатто қўлтиқларининг оқи кўринди. (Буни) кўзим кўрган, қулоғим эшитган».
Сизга ҳам шу сўз айтилади: Агар сизнинг айтаётган сўзингиз рост бўлса, айтингчи, ўша мансабда ишламаганингизда ва ота-онангизнинг уйида ўтирган бўлганингизда ўша ҳадялар сизга берилармиди? Агар жавоб “Йўқ” бўлса, демак сизга берилган ҳадяларнинг эгаллаб турган лавозимингизни бажаришда ҳаддан ошишингиз ёки сусткашлик қилмаслигингизга алоқаси бор. Ваҳоланки, мансабингизда ҳаддан ошишингиз ҳам сусткашлик қилишингиз ҳам жоиз эмас. Ўзингизга холис савол бериб кўринг, агар сизга ҳадялар келиши тўхтаса, ўша ишни маромига етказиб бажарармидингиз? Сизга берилган ҳадялар унинг соҳибига нисбатан ўзгача муомала қилишингизга ундайдими? Ҳадянинг сизга заррача таъсири бўлмаган тақдирда ҳам бошқа мансаб эгаларига таъсири бўлиши ва уларда таъма уруғи томир отиб, ҳадясиз иш битириб бўлмайдиган ҳолга келиб қолиши мумкин. Шариат ҳаром ишни таъқиқлаш билан бирга унга олиб бориши мумкин бўлган сабабларни ҳам ман қилади. Валлоҳу аълам!