- ҲАНАФИЙ ФАҚИҲЛАР ТАБАҚАЛАРИАлбатта, ҳамма фақиҳ номининг олганларнинг даражалари бир хил эмас. Балки улар турли табақаларга бўлинадилар ва ўша табақаларида уларниннг даражалари билинади. Шунинг учун фиқҳ илми толиблари бу табақаларни билиб олишлари лозим.Биринчи табақа.Бу табақага шариат миқёсида ижтиҳод қилган улкан имомлар, мазҳаббоши фақиҳлар ва уларнинг даражасидаги зотлар кирадилар. Тўрт мазҳаб бошлиғи бўлган имомларимиз манашу биринчи табақага кирадилар. Улар фиқҳнинг асл қоидаларини ишлаб чиқадилар, шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни истинбот қиладилар. Улар ҳеч кимга тақлид қилмайдилар. Бу табақа ижтиҳоднинг енг олий табақасидир.Иккинчи табақа.Мазҳаб мужтаҳидлари табақаси. Биринчи табақа соҳибларининг шогирдларидан бу табақа фақиҳлари чиққан. Мисол учун Абу Ҳанифанинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммадлар иккинчи табақага кирадилар. Бу табақадаги фақиҳлар шаръий далиллардан ўз устозлари ишлаб чиққан қоидалар асосида шаръий ҳукмларни чиқарадилар. Улар асосий қоидаларга тегмаган ҳолда баъзи фаръий ҳукмларда устозларига хилоф қилишлари мумкин. Агар асл қоидаларда хилоф қилса, мазҳабдан чиққан бўлади.Учинчи табақа.Мазҳаббоши имомдан ривоят қилинмаган масалаларда ижтиҳод қиладиган фақиҳлар табақаси. Бу табақадаги мужтаҳидларга ҳанафий мазҳабида Хассоф, Таҳовий, Абул Ҳасан ал-Кархий, Шамсул Аимма ал-Ҳалвоний, Шамсул Аимма ас-Сарахсий, Фахрул Ислом ал-Баздавий, Фахриддин Қозихон ва бошқалар киради. Бу табақадаги фақиҳлар шайхларга аслларда ҳам, фаръларда ҳам хилоф қила олмайдилар. Улар ўз шайхлари ишлаб чиққан қоидалар асосида мазкур шайхлардан бир ривоят қолмаган масалаларда ҳукмлар чиқарадилар. Бу табақа ижтиҳод табақаларининг энг пасти ҳисобланади.Тўртинчи табақа.Бу табақадаги фақиҳлар ижтиҳод даражасига етмаган бўладилар. Уларга фақиҳларимиздан Розий мисол бўла олади. Уларни асҳоби таржиҳ деб аталади. Улар ўзлари ижтиҳод қила олмасалар ҳам усулни билганлари учун ва ҳукмни қаердан олишни билганлари учун икки томонга буриб юбориш мумкин бўлган гапларни қай бири тўғри эканини ва шунга ўхшаш майда ишларни қиладилар. Бешинчи табақа.Тақлидчи фақиҳлардан таржиҳ соҳиблари табақаси. Таржиҳ дегани бир нарсадан бошқасини устунлигини аниқлаш деганидир. Бу табақадаги уламолар бир ҳукмни иккинчисидан устун эканини аниқлашади. Уларга ҳанафий уламолардан Абул Ҳасан ал-Кархий, Бурҳониддин Марғилоний ва бошқалар киради.Олтинчи табақа.Кучли ва ўта кучли, мазҳабда бор ва заиф, зоҳир ривоят ва нодир ривоят орасидаги фарқни биладиган уламолар табақаси. «Канз», «Мухтор», «Мажмаъ» ва «Виқоя» каби китобларнинг муаллифлари худди манашу табақадаги фақиҳлар ҳисобланадилар. Улар ўз китобларида номақбул гаплар ва заиф ривоятларни нақл қилмайдилар.Еттинчи табақа.Семиздан ориқни, ҳўлдан қуруқни, ўнгдан чапни ажрата олмайдиган тақлидчилар табақаси. Буларга мутлақо яқинлашмаслик заурур.Китоблардан фойдаланишда уларнинг муаллифларига эътибор бериш, кўпчилик уламоларнинг таҳсинига сазовор бўлган китобни ихтиёр қилиш зарур.Агар бир масалада Абу Ҳанифа бир тараф, Абу Юсуф ва Муҳаммад бир тараф бўлиб қолса, хоҳлаган тарафни олаверса бўлади.Агар Абу Ҳанифа икковларидан бири билан бўлиб бирлари ёлғиз қолса, Абу Ҳанифа бор тараф қабул қилинади.ҲАНАФИЙ КИТОБЛАР МАРТАБАЛАРИМаълумки ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китобларни «Усул» деб аталади.Мазкур даражадаги китобларни «Зоҳирур ривоя» деб ҳам аталади. Улар имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг қавлларини ўз ичига олган бўлиб, имом Муҳаммад томонидан таълиф қилинган. Улар қуйидаги китоблар;1. Китобул асл. Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».2. Китобуз зиёдот.3. Китобул Жомеъус Сағир.4. Китобул Жомеъул Кабир.5. Китобус сиярис Сағир.6. Китобус сиярил Кабир.Иккинчи даража.Бу даражадаги китобларни «Наводир» деб аталади.Улар мазҳабнинг катта имомларидан ривоят қилинган бўлиб, мазкур олти китобга кирмай қолган масалалардир. Наводир китобларга имом Муҳаммаднинг ўша машҳур олти китобидан бошқа «Касаниёт», «Ҳоруниёт», «Журжониёт», «Руқайёт» китоблари ва Ҳасан ибн Зиёднинг китобларига ўхшаш китоблар киради.Машҳур олим Ибн Обидийн бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:«Ўшандоқ китоблар жумласига Абу Юсуфнинг Амолий китоблари киради. Амолий имлонинг жамъидир. Бунда мужтаҳид ўтирганда унинг атрофига шогирдлари қоғоз қаламларини олиб ўтиради. Сўнг олим илмда Аллоҳ унга билдирган нарсани ёддан гапиради. Шогирдлар уни ёзиб боради. Кейин ёзган нарсаларини жамлаб китоб қиладилар. Ана ўшани имло ёки амолий деб атайдилар. Ўтган фуқаҳо, муҳаддис ва араб тили олимларининг шундоқ одати бор эди».Бу даражадаги китоблар аввалги даражадаги китоблардан паст ҳисобланади. Агар бир масала усулда ва наводирда келган бўлса усулдагиси олинади.Учинчи даража.Фатволар ва воқеъалар китоблари. Бунда кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол сўралганда берган жавоблари йиғилган бўлади. Кейин келган мужтаҳидлардан мурод Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда улардан сўнг келганларнинг асҳобларидир. Улар кўпчилик бўлиб хабарлари табақот китобларида келган.Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг асҳобларига Исом ибн Юсуф, Ибн Рустам, Муҳаммад ибн Самоъа, Абу Сулаймон ал-Жавзжоний, Абу Ҳафс Бухорий ва улардан кейин келган Муҳаммад ибн Салама, Муҳаммад ибн Муқотил, Нусайр ибн Яҳъё, Абу Наср Қосим ибн Салломга ўхшашлар киради.Улар ўзларига зоҳир бўлган далил ва сабабларга кўра мазҳаб соҳибларига хилоф қилишлари мумкин. Уларнинг фатволарини дастлаб жамлаган Абу Лайс Самарқандийнинг «Навозил» китобидир. Кейин машойихлар бошқа китобларни жамладилар. Мисол учун Нотифий «Мажмауъул навозил» ва Воқеъот»ни, ас-Содр аш-Шаҳид «Воқеъот»ни жамлаган.Кейинги уламолар аралаш китоблар қилдилар. Бунга «Фатовои Қозихон» китоби мисол бўлади. Баъзилар эса Розийиддин Сарахсий ўзининг «ал-Муҳийт» китобида қилганига ўхшаб ҳар бир соҳани айри – айри келтирди. У аввал усулга оид масалаларни келтириб кейин наводирларни келтирган.Албатта, фатволар ва воқеъотларнинг мартабаси усул ва наводирнинг мартабасидан пастдир. Чунки усул ва наводирлар маҳаб соҳибларининг қавлларидир. Фатво ва воқеъотлар эса уларнинг қавллари асосида уларнинг издошлари ечган масалалардир.Мазкур уч қисмнинг қўшилишидан ҳанафий мазҳаби ташкил бўлади.