Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Дуо қилиб бир нарсани сўраш

03:24 / 24.12.2022 | Suhrob@ali | 531

Ассалому алайкум! Аллоҳдан бир нарсани сўрашдан олдин, сабабини қилиб, кейин "шу нарсани Аллоҳим менга бер, мен сабабини қилдим ва Ўзинга таваккал қилдим" дегандан кейин, шу сўраганимиз ижобат бўлгунича сабр қилиб шу нарсани сўрайвермаслигимиз керакми? Ёки хар доим намозларда, дуоларда сўрайверишимиз керакми? Таваккал қилгандан кейин ўйланавериш керакмас деб эшитганмиз, яна кўпроқ, каттароқ сўрасак Аллоҳ буни яхши кўради деб хам эшитганмиз.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қайта-қайта дуо қилиб ҳожатни сўрайвериш лозим. Сабабларни ҳам маҳкам тутиш керак.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَمْ يَسْأَلِ اللهَ يَغْضَبْ عَلَيْهِ.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар».
Шарҳ: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Аллоҳдан У Зотнинг фазлини сўранг, чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.
Демак, Аллоҳ таолодан сўрамаган кишидан Аллоҳ таоло ғазабланар экан, шунинг учун барча ҳожатларимизни Роббул оламийнга арз қилиб, мушкулларимизни осон қилишини сўраб дуо қилиш биз учун фарзу вожиб амаллардан экан.
Худди шу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бошқа йўл билан ҳам ривоят қилинган.
Аллоҳ таолодан бирор нарсани сўрамайдиган одамнинг кимлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Албатта, Аллоҳ таоло ундай одамдан ғазабланиши турган гап. Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай бўлишдан сақласин.
Анасдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳга дуо қилсангиз, дуода азму қарорли бўлинг. Зинҳор бирортангиз: «Хоҳласанг, бергин» демасин, чунки Аллоҳни мажбурловчи йўқ», дедилар».
Шарҳ: Аллоҳ таоло бандасининг сўрашидан безор бўлмайди. Банда сўраса бас. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча махлуқотларнинг сўраганларини тўплаб туриб, ҳар бирига сўраганидан юз баравар, миллион баравар ортиқ қилиб бериб юборса ҳам, мулкидан заррача камаймайди.
Шунинг учун кўп нарса сўраб юбормадимми, каби ноўрин андиша қилиб ўтирмасдан, азму қарор билан сўрайвериш керак. Дуоларим албатта қабул бўлади, деган ишонч билан сўраш лозим.
Бу ҳадиси шарифда келган маънога ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Баъзилар: «Дуо қилганимда фалон нарсани ҳам сўрасам бўлар экан» қабилидаги гапларни кўп гапиришади. Бундай афсуслар такрорланмаслиги учун дуода ушбу ҳадиси шарифга доимо амал қилишимиз лозим бўлади.
Абон ибн Усмондан ривоят қилинади:
«Усмоннинг бундай деганларини эшитганман: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким ҳар куни эрталаб ва кечқурун уч марта «Бисмиллаҳил-лазий лаа ядурру маъа исмиҳи шайун фил арди ва лаа фис-самаа ва ҳувас-самийъул ъалийм» деса, унга ҳеч нарса зарар қила олмайди», деганларини эшитдим».
Унга фалажнинг бир тури етган эди. (Ундан ҳадис эшитаётган киши ажабланиб) унга қарай бошлади. У буни фаҳмлади-да, «Ҳадис сенга айтганимдек. Лекин ўша куни Аллоҳнинг қадари жорий бўлиши учун мен уни айтмабман», деди».
Шарҳ: Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг исми билан ерда ҳам, осмонда ҳам ҳеч нарса зарар етказа олмайди. У Зот ўта эшитувчи ва ўта билувчидир».
Ушбу ҳадисда зикр қилинган дуони чин ихлос билан эрталаб айтган одамга кечгача, кечки пайт айтган одамга тонггача ҳеч нарса зарар етказа олмас экан. Бу жуда осон нарса. Фақат эртаю кеч ихлос билан айтиб юриш керак.
Бу ҳадисни ривоят қилган ровий – Абон ибн Усмон розияллоҳу анҳу бир куни тўсатдан хасталаниб, бир томонлари ишламай, фалаж бўлиб қолибдилар.
У кишини кўргани кирганлар ажабланиб: «Ана шу дуони айтган одамга ҳеч нарса қилмайди, дер эдингиз, ўзингиз бу аҳволга тушиб қолибсиз-ку?» деган маънода у кишига қарашибди.
Шунда у киши: «Йўқ, ҳадис ўзгармайди, мен бугун эсимдан чиқиб қолиб, ўша калимани айтмаган эканман. Аллоҳнинг қазоси шундай экан. Шунинг учун ушбу мусибатга учраган бўлсам керак», дебдилар. Валлоҳу аълам!

(“Одоблар ҳазинаси китобидан)

Топ рейтинг www.uz Openstat