Ассалому алайкум! Мен бир миллий таомлар кафесида ишлайман, бизни ишхонада етказиб бериш хизматидан ошга буюртма тушса биз бошқа жойдан олиб келиб бизники деб сотамиз. Шу ишимиз тўғрими?
– Ва алайкум ассалом! Ўзида йўқ нарсани сотиш жоиз эмас.
Ҳаким Ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб:
“Менга бир киши ўзимда йўқ нарсани сотишни сўраб келади. Бозордан у учун сотиб олиб, сўнгра унга сотсам бўладими”, деб сўрадим. У зот:
“Ўзингда бўлмаган нарсани сотма”, дедилар”.
(Имом Аҳмад. Муснад 3/402, 444; Абу Довуд. Сунан. 3/384; Термизий 3/525; Насоий 7/288; Ибн Можа 2/737).
Ушбу ҳадис маъносида бир неча эҳтимоллар бор:
“Сўнгра унга сотсам” дегани “Сўнгра унга топширсам” маъносидадир. Бунга “Бозордан у учун сотиб олиб” деган сўзлари далолат қилмоқда. Яъни, молни ўзи учун эмас, балки бошқа киши учун сотиб олган бўлмоқдалар. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу сотиб олган нарсани бошқа киши сотиб олишга мажбур бўлиб қолмоқда.
Эҳтимол, Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу нархни тўлалигича олиб, сўнгра бозордан молни арзонроққа сотиб олмоқчи ва ўртадаги фарқни ўзида қолдирмоқчи бўлгандир.
Эҳтимол, Ҳаким молнинг нархини олмаган, балки нақд пулга уни сотиб олиб, бошқа кишига қимматроқ нархда насияга сотган.
Бу кўриниш фуқаҳолар жумҳури наздида жоиз эканлигини ўз ўрнида кўрдик. Лекин бу ерда харидор молни сотувчининг айнан ўзидан тўғрима-тўғри олган бўлиши, Ҳаким эса молни ўз мулкига киргизмасдан, унга зоминликни бўйнига олмасдан фойда қилган бўлиши мумкин. Бу билан Ҳаким нақд молнинг нархини қарз бериб, насия билан нақд ўртасидаги рибо фарқини олган бўлиши мумкин.
Ҳадисдаги ўзининг ҳузурида бўлмаган нарсани савдо қилиш, ўзи молик бўлмаган нарсани сотиш эканлигини тушундик. Шунингдек, ушбу ўртада турган киши тижоратдан умуман бехабар бўлиши ҳам мумкин.
Буни салам савдоси десак (яъни нархни нақд бериб, молни насия олиш) ҳатто бунда ҳам сотувчининг тижоратдан хабардор бўлиши шартдир. Тижоратчи ўзи сотаётган молни яхши билиши керак. Шундан келиб чиқиб, ҳадисдаги ўзининг ҳузурида бўлмаган нарсани сотиш, ўзининг малакаси бўлмаган нарсани сотиш деган маънони ҳам беради.
(Зодул-Маъод Ибн Қайюм 5/816).
Эҳтимол Ҳаким савдо молини насия ёки нақдга сотган бўлиши мумкин. Агар маълум сифатдаги насия савдосини қилиб, нархни нақд олган бўлса ва тижоратдан ҳам хабардор киши бўлса, бу салам савдоси бўлиб, унинг жоизлиги тўғрисида бир неча ҳадислар келган.
Агар савдо нақд салам бўлса, бунга имом Шофеъий рухсат берганлар, балки насия саламдан нақд саламда алданиш камроқ бўлгани учун унинг жоизлиги афзалроқ деганлар.
Биз ўрганаётган ҳадис насия саламдан қайтариш маъносида эмас. Чунки, барча фуқаҳолар насия салам савдосининг жоиз деганлар.
Эҳтимол, бу ҳадис нақд салам савдоси тўғрисида ворид бўлган бўлиши мумкин. Жумҳур фуқаҳолар бундай савдо турига ижозат бермаганлар.
Эҳтимол, Ҳаким сотган савдо моли муайян ёки аниқ сифатга эга, бозорда унинг ўхшаши топиладиган нарса бўлишлиги мумкин. Агар савдо моли муайян нарса бўлса Ҳаким унинг нархини тўлай олишлиги ёки тўлай олмаслиги мумкин. Бундай пайтда Ҳаким молнинг ўзини харидорга топшира олмай қолса, бу манъ қилинган ғарардир. Агар савдо моли аниқ сифатга эга ва бозорда унинг ўхшаши топиладиган нарса бўлиб, унинг нархини нақд берилса, бу жоиз бўлган салам савдосидир.
Аслини олганда ҳадисда келган маънонинг ўзи очиқ-ойдин ва қувватлидир. Яъни “Ҳузурингда бўлмаган нарсани савдо қилма”. Валлоҳу аълам!