Ассалому алайкум! Шукр мўминман, Парвардигорнинг яратиш қудратини доим фикрлаб юришга интиламан, Куроннинг таржимасини ўқишни жуда севиб қолгамман. Ундаги муъжизавий оятлар, айникса фалаккиёт, инсон яралиши, жисмлар мутаносиблиги... Хаммаси улуғ мужизалар. Ўзим астрономияга қизиқаман(масалан). Бировнинг нарсасини олишдан, ғийбат, хасаддан нари юраман, ичкилик, чекишдан хам, минг шукр. Буларни риё қилмаяпман. Лекин биласизми, ёш йигитлигимда баъзи иллатларга учраб қолгамман. Албатта уларни қилиб қўйиб сира хурсанд бўлмасдим хам. Халигача надомат қилавераман. Бирор омадсизликка учрасам бу балки ўша гунохларим сабаблидир деган гумон ўраб олаверади. Аллоҳдан ёмон гумонда эмасман, аммо дуода қандайдир "уяламан". Шу нарсалар дилимдан кетмайди, маслахат беринг
– Ва алайкум ассалом! Аллоҳдан яхши гумонда бўлиш «У Зот мени авф қилади, мағфират қилади ва Ўзининг кенг раҳмати ила раҳм қилади», деган умид билан Аллоҳ таолога ибодат қилаверишдир. Одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш эса улардан ҳолини билмайдиганлар ҳақида:«Улар Аллоҳ таолонинг тоатида мендан кўра яхшироқ бўлсалар керак», деган гумонни қилишдир.Аммо ким очиқ-ойдин осийлик қилаётган бўлса, уларни Аллоҳ таоло учун ёмон кўриш лозим. Ана ўша иймоннинг баркамоллиги ҳисобланади. Одамлардан ҳазир бўлиш эса улар билан бўладиган муомалада эҳтиёт бўлиб жанжалдан қочиб , тинчлик ва осойишталикнинг пайидан бўлишдир.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَنَا عِنْدَ ظَنِّ عَبْدِي بِي. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла «Бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман» деди», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандай гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмоғи керак.
وَعَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: حُسْنُ الظَّنِّ مِنْ حُسْنِ الْعِبَادَةِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Яхши гумон яхши ибодатдандир», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлиш У Зотнинг ҳаққини адо этишдир. Шунинг учун ҳам бу иш яхши ибодатдан ҳисобланади. Одамлар ҳақида яхши гумонда бўлиш эса ўз эгасини одамларнинг ёмон кўришидан ва ҳасадидан асрайди. Шунинг учун ҳам бу иш яхши ибодатдан ҳисобланади. Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумон қилиш куфрдир. Одамлар ҳақида ёмон гумонда бўлиш маъсиятдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!