Ассалому алайкум! “Ақидатут таховия китобида" зикрда Алохга ширк келтириш хақида -яни Аллохдан узгани охиратда ёки Аллохга қурбат хосил қилишда ёрдам беради деб уйлаб суннатда жорий қлинган саноқлар ила эртаю кеч Аллохни зикр қилгандек зикр қилмоқ. Базиларни тонг отганида шайхларини зикр қилганларига ухшаш. Шунинг учун хам набий Алайхиссалом Зикрнинг афзали "лаа илаха иллаллох" дедилар. "Мухаммадур расулуллох" иймоннинг бир булаги булса хам, зикрда уни зиёда қилмадилар, чунки иймон бошқа нарса, зикр бошқа нарса" дейилган, биз тарафларда намоздан сунг худди тахлил, тахмид, такбир айтгандек 10 маротаба бармоқда саноқ билан саловат айтиш одат булган бу йуқорида келган Аллохни зикр қлишга ухшаб қолмайдими?
– Ва алайкум ассалом! Ўхшаб қолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтишни Аллоҳ таолонинг ўзи буюрган, кайфиятини расули баён қилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа кўп», деганларини эшитдим».
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади», деганлар.
Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ тао-лонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.
Имом Шофиъий: «Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.
Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз:
«Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз!» дедик.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Чунки ҳузуримга фаришта келиб: «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтурки: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар».
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни менга энг яқин кишилар, албатта, менга кўп саловот айтганлардир», деганлар.
Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оят ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи-шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.
Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинса-ю, у зотга саловот айтилмаса, бу мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:
«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!