Ассалому алайкум! Эсимдан чиқиб кетган гуноҳларимга қандай умумий тавба қилсам бўлади. Ҳар бир гуноҳга тавба қилиш вожибдир деб эшитганман. Аллоҳ ва мен, мен ва бандалар ўртасидаги бўлган ва эсимдам чиқиб кетган гуноҳларга қандай тавба қиламан?
– Ва алайкум ассалом! Инсонлар ўзлари гуноҳлигини билмай туриб қилиб қўядиган хато ва маъсиятлар нақадар кўп. Баъзилари кейинчалик илм олиб, ҳаром ва ҳалолнинг ажратадиган бўлиб ўтмишда пинагини бузмай қилган ишлари аслида Аллоҳнинг ҳузурида ўта оғир жиноят эканини англаб етишади ва дарҳол тавбага шошилишади. Уларнинг баъзилари эса ўтмишда қилган ўша ишининг гуноҳ эканини билса ҳам, унга қўл урганини унутиб қўяди, тавба қилишни ҳам. Бошқа баъзилари эса буткул ҳалол ва ҳаромдан жоҳил бўлиб бу дунёдан ўтиб кетишади. Шунинг учун ҳар бир инсон ҳар куни ўзининг қилган ишларини тафтиш қилиши, қилган савоб ишлари учун Аллоҳдан қабулият сўраши, қилган гуноҳлари учун истиғфор айтиши ва ўзи билмай қилиб қўйган гуноҳлари учун ҳам тавба қилиши лозим. Билган гуноҳи учун ҳам билмаган гуноҳи учун ҳам тавба қилиши даркор. “Билиб-билмай қилган гуноҳларим учун тавба қиламан, мағфират сўрайман” каби сўзлар билан чин қалбдан надомат чекиб тавба қилса кифоя.
Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларни кечиши осон экан, деган хаёлга келиш мумкин. Аслида эса ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайдилар, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат қилиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилмоқлик ҳам зарур.
Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба дегани - қайтиш деганидир. Инсон тавба қилди,хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал қилган гуноҳларига надомат (афсус) қилди, дегани демакдир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда эслатиб ўтади: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир» («Моида» сураси, 39-оят). «Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир» («Анъом» сураси, 54-оят).
Кўпинча Қуръони Каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра унга тавба қилинг» каби. Чунки тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмаса, мағфират талаб қилмоққа имкони йўқ. Демак, истиғфор зарур нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажаралиши лозим. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир» дейилган (17-оят).
Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига 2 та шарт қўйган:
1. Ёмонликни билмасдан қилиш.
2. Тезда тавба қилиш.
Аммо инсон ёмонликни ўзига одат қилиб олса ва ажали яқинлашганда тавба қилса, тавба қабул бўлмайди. Бу ҳақда «Нисо» сурасида шундай дейилган: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят).
Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади: «Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» («Тоҳо» сураси, 72-оят). «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир» («Фурқон» сураси, 70-оят).
Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзни ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади. Голландиялик ёзувчи Франъ Сталл бир журналга ёзган мақоласида Исломдаги ахлоқий таълимотлар билан Европадаги ахлоққа чақирувчи ташкилотларнинг таълимотини қиёслаб кўриб шундай дейди: «Ислом динида тавба кишиларнинг ўз-ўзини тарбиялаш воситасидир. У улкан ахлоқий қуролдир, унда надомат, ўзгариш ва яхшиликка ўтиш бирлашиб келади». Валлоҳу аълам!