Ассалому алайкум! Намозда зам сурага бериладиган ажр ҳақида. яъни мисол учун бир киши бомдоднинг фарзида Ясин сурасини ўқиди, яна бир киши эса кичик суралар Кавсар билан ҳоказо шунда иккаласига ҳам бир хил ажрми ёки кўпроқ ўқиганга кўпроқ ажр бериладими?
– Ва алайкум ассалом! Суннатга мувофиқроғи кўпроқ ажр олади. “Кифоя” китобида бундай дейилган:
Қироатнинг суннати сафарда шошиб турилганда Фотиҳа билан хоҳлаган сурани, омонликда Буружга ўхшашни қироат қилишдир.
Ҳазарда(муқимликда)ги қироатда бомдод ва пешинда тиволи муфассални, аср ва хуфтонда авсати муфассални, шомда эса қисори муфассални яхши деганлар.
Ҳужуротдан Буружгача тиволи муфассалдир. Ундан «Лам якун»гача авсати муфассалдир. Ундан Қуръоннинг охиригача қисори муфассалдир.
Заруратда тақозои ҳолга қаралади.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши:
«Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб юбораётгани сабабли бомдод намозига кеч чиқяпман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор бир мавъизада ўша кундагидек қаттиқ ғазабланганларини кўрмаганман. Кейин у зот:
«Орангизда (намоздан) бездирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил қилсин. Чунки ораларида заифлар, кексалар ва юмушлилар бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Имом намозга ўтар экан, қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларнинг ҳолатини эътиборга олиши шарт. Намозни енгил ўқиш лозим. Аммо бу енгиллик намознинг амалларини чала қилиш ҳисобига бўлмаслиги керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра намози енгилроқ ва мукаммалроқ бирор имомнинг орқасида намоз ўқимаганман. У зот гўдак йиғисини эшитиб қолгудек бўлсалар, онаси чалғишидан қўрқиб, намозни енгил ўқир эдилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Мен намозни узун ўқимоқчи бўлиб тураман-да, кейин гўдак йиғисини эшитиб, онасига машаққат туғдириб қўйгим келмай, намозимни енгил қиламан», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Муъоз ибн Жабал Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқир, сўнгра қавмига келиб, уларга ўша намозни ўқиб берар эди. Уларга Бақара(сураси)ни (зам сура қилиб) ўқиб берди. Шунда бир киши (жамоатдан) ажраб чиқиб, (алоҳида ўзи) енгил намоз ўқиб олди. Муъозга бунинг (хабари) етгач:
«Албатта, у мунофиқдир», деди. Ўша (гап) ҳалиги одамга етди. Шунда у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, биз қўлларимиз билан меҳнат қиладиган ва обкаш туяларимиз билан (экинларимизни) суғорадиган қавммиз. Муъоз кеча (кечқурун) бизларга намоз ўқиб берди. (Унда) Бақарани ўқиди. Шунда (жамоатдан) ажраб чиқдим. У мени мунофиқ деб ўйлабди», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Муъоз, сен фитначимисан?! – деб уч марта айтдилар ва унга: – «Ваш-шамси ва зуҳаҳа» ва «Саббиҳисма роббикал-аълаа» ва шуларга ўхшашларини қироат қилгин», дедилар».
Икки шайх ривоят қилишган.
Бомдоддан бошқада биринчи ракъат қироатини чўзиб юбормайди.
Чунки бомдод вақтида кўпчилик ғафлатда бўлади. Кўпроқ одам жамоатга етиб олсин, деган мақсадда қироатни узун қилинади. Қолган намозларда бомдоддагига ўхшаб биринчи ракъатни иккинчисидан кўра чўзиб юбормайди. Аммо уч оятгача чўзилса, ҳечқиси йўқ. Валлоҳу аълам!