Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўгай сингилларни моддий таъминоти

23:39 / 25.12.2022 | Caноат | 621

Ассалому алайкум! Биринчи аёлининг вафотидан кейин ота қайта уйланди ва қиз фарзандли бўлишди. Ота 64 ёш пенсионер 1 гурух ногирон бўганлиги учун оилани хамма харажатларини отанинг биринчи турмушидан бўлган ўғил таъминлайди. Бизни қийнаётган савол ўгай она яна хомиладор экан. Фарзанднинг моддий таъминотини ота бажара олмаса, ўгай ака масъул бўладими? Аканиям ўзини оиласи, фарзандлари бор.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Касб қилишга қодир бўлмай қолган отанинг нафақаси вояга етган ўғилларнинг зиммасидадир. Туғилажак фарзанднинг нафақаси ҳам акалари (гарчи она бошқа бўлса ҳам) зиммасида.
Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади:
«Бобом: «Ё Расулаллоҳ, кимга яхшилик қилай?» – деди.
«Онангга, отангга, опа синглингга, ака укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга, вожиб ҳақдир ва силаи раҳмдир», – дедилар».
Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.
Демак, онага, отага, ака ука, опа сингилларга, бошқа қариндошларга силаи раҳм, яхшилик қилиш, муҳтож бўлса, ёрдам бериш, ҳожатини чиқариш, нафақа бериш ҳар бир мўмин мусмон учун вожиб амал ҳисобланади, буни қилмоғи лозим ва лобуддир.
Ушбу бобдаги силаи раҳмга оид саноқли ривоятларни оладиган бўлсак ҳам, оламга татийдиган таълимотларга эга бўламиз. Чунки оламнинг ҳеч қаерида қариндошлик алоқалари ҳақида динимиз таълимотичалик бирорта таълимот учратмадик ва учратган одамнинг хабарини ҳам эшитмадик.
Эҳтимол, керакли таълимотларнинг йўқлиги ёки етишмаслигидан бўлса керак, дунёда қариндошлик ҳақларининг шафқатсиз равишда поймол қилинишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Баъзилар силаи раҳм ўрнига қариндошларига душманлик қилишни ўзларига раво кўрмоқдалар. Ака ука, опа сингил, амма-хола, амаки-тоғалар ўртасида бир-бирига меҳрибонлик ўрнини шафқатсизлик эгаллаб олмоқда.
Инсоният номига доғ, шаънига ор бўлаётган бу каби шармандаликларни тугатиш учун Аллоҳ таолонинг дини – Ислом таълимотларини пухта ўрганиб, уларга амал қилишга ўтиш зарурдир.
Фақат Ислом бу масалани ўз ўрнига қўйган ва мақомига етказган. Қариндошлик ҳаққини инсон ҳуқуқларининг юқори поғонасига кўтарган. Ҳақиқатдан ҳам, қариндошининг ҳаққини адо қилмаган кимса бошқаларнинг ҳаққини адо қилмаслиги турган гап.
Аллоҳнинг мукаммал ва боқий дини – Исломда қариндошлик алоқасини ўз ўрнига қўйиш орқали бошқа инсонларнинг ҳам ҳаққини адо этиш даражасига ўтилади.
Бошқа масалалар қатори, бу масалада ҳам дунё ва охират ёнма-ён қўйилган. Қариндошлик алоқасини жойига қўйган банда дунёю охират саодатига мушарраф бўлади. Аксинча, қариндошлик алоқаларида нуқсонга йўл қўйган одам дунёю охират бахтсизлигига йўлиқади.
Инсоният бахтини таъминловчи Ислом таълимотидан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилайлик. Ислом маданиятининг дурдоналаридан бўлган қариндош-уруғчилик алоқаларини мустаҳкамлайлик, динимиз бизга берган имтиёздан унумли фойдаланайлик. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat