Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ўғирлик

23:46 / 14.12.2022 | Polatjon | 555

Ассалому алайкум! Базида дўконимизда у бу нарса ўғирлатип турамиз. Айтингчи шу ўғирланган нарсалар учун қиёматда бизга ажр борми ё бирор гунохимиз учунми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Албатта ажр бор. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا يُصِيبُ الْمُسْلِمَ مِنْ نَصَبٍ وَلاَ وَصَبٍ وَلاَ هَمٍّ وَلاَ حُزْنٍ وَلاَ أَذًى وَلاَ غَمٍّ حَتَّى الشَّوْكَةِ يُشَاكُهَا إِلاَّ كَفَّرَ اللهُ بِهَا مِنْ خَطَايَاهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, албатта Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Демак, мусулмон одам бирор азият чекса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ таоло шунга яраша унинг хатосини ювар экан. Касал бўладими, чарчайдими, оғир аҳволда қоладими, мусибат етадими, ғам-ғуссага ботадими – чеккан азобларининг ҳар бири катта ва кичик гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлмай қолмайди.
Шунинг учун мўмин-мусулмон одам ўзига бир азият, нохушлик етганида, дард текканида, тўсатдан бирор ғам-ғуссага учраганида жазавага тушиб, ўзини ўтга-сувга урмасдан, сабр қилиши лозим.
«Аллоҳ таоло бунинг эвазига менинг хатоларимни кечиради, гуноҳларимни мағфират қилади», деган эътиқоддаги киши бу ҳолатни осон ўтказади. Дод-вой қилишнинг ўрнига «Бу менга Аллоҳнинг марҳамати бўлди, шу бўлмаса, гуноҳларимни қандай ювардим», деган эътиқодда бўлса, ҳар қандай дардни осонлик билан енгади.
Ислом маданияти мусибат етган мусулмонлардан ана шундай олийжаноб муносабатни талаб қилади.
Бу эса илоҳий таълимотдан келиб чиққан юксак даражадаги маданиятдир.
Бу барча инсониятга ўрнак бўладиган ва фойда берадиган маданиятдир.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин ва мўминага баданига, аҳлига, мол-мулкига балолар етиб туради. Ҳатто у Аллоҳ азза ва жаллага йўлиққанида бирорта ҳам хатоси қолмаган бўлади», дедилар».
Шарҳ: Бу дунё ҳаёти давомида ҳар бир бандага жонида, оила аъзоларида, молида ёки бошқа нарсаларида турли кўнгилсизликлар етиб туради.
Бундай ҳолатларни исломий таълимот ва маданиятдан бехабар кишилар жуда ҳам оғир қабул қиладилар. Улар ўзларича мазкур нохушликларни бало-офат, омадсизлик, ҳатто оила, қабила ёки уруғига теккан қарғиш сифатида қабул қиладилар. Бунинг оқибатида тушкунликка тушиб, ноумид бўладилар ва турли бўлмағур чораларни кўришга ўтадилар. Бу чоралар эса бу дунёга ҳам, охиратга ҳам бирор фойда келтирмайди, балки мусибат устига мусибат бўлишидан бошқа нарса эмас.
Мўмин-мусулмон одам эса бундай ҳолатларда ушбу ҳадиси шарифда келган таълимот асосида иш кўради. Ўзига, аҳли-аёлига, молига етган ҳар бир мусибатни гуноҳларини ювадиган омил сифатида қабул қилади. Уларни сабр ва матонат билан қарши олади. Ўзини ҳар тарафга уриб, жиззакилик қилмайди.
Мўмин ва мўминага етган ҳар бир мусибат унинг гуноҳ ва хатолари ювилишига хизмат қилади. Ўша одам вафот этганда бирорта гуноҳи қолмаган бўлади. Чунки ҳаммаси етган мусибатлар билан ювилиб бориб, вафот этганида гуноҳлардан, хатолардан покланган ҳолатда бўлади.
 Шунинг учун ҳар биримиз бу ҳақиқатни яхши тушуниб етишимиз ва унга иймон-ишонч билан амал қилишимиз керак. (“Одоблар хазинаси” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat