Ассалому алайкум! Ҳазрат раҳимаҳуллоҳнинг «Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир» китобларида ёввойи эшакни ейиш ҳалол дейилган. Шунга изоҳ берсангиз устоз. Ёки бу ёввойи эшак бошқача ҳайвонми?
– Ва алайкум ассалом! Ёввойи эшак деганда зебра назарда тутилган.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَهْدَى الصَّعْبُ بْنُ جَثَّامَةَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِمَارَ وَحْشٍ وَهُوَ مُحْرِمٌ، فَرَدَّهُ عَلَيْهِ وَقَالَ: لَوْلَا أَنَّا مُحْرِمُونَ لَقَبِلْنَاهُ مِنْكَ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Саъб ибн Жассома Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёввойи эшакни ҳадя қилди. У зот эҳромда эдилар. Уни қайтардилар ва:
«Агар эҳромда бўлмаганимизда, уни сендан қабул қилар эдик», дедилар».
Шарҳ: Зебра номли ҳайвон араб тилида «ёввойи эшак» деб аталади. Саъб ибн Жассома розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга у зот эҳромдалик чоғларида ёввойи эшакни ҳадя қилган экан. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом эҳромда эканликларини ва бу ҳадяни олишдан узрли эканликларини тушунтирган эканлар.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқалар Абу Қатода розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Ҳудайбия йили одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан умрага эҳром боғладилар. Фақат менгина эҳром боғламадим. Бир ёввойи эшакни овладим. Уни шерикларимга таом қилиб бердим. Улар эҳромда эдилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказдим ва бизда унинг гўштидан яна борлигини айтдим. У зот «Уни енглар», дедилар. Улар эҳромда эдилар». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!