Ассалому алайкум! Ҳурматли, устозлар ҳозир бeрмоқчи бўлаяпган саволим ҳаё чeгарасидан чиқиши мумкин. Бунинг учун узур сўрайман. Лeкин бу саволни бeрмасам бўлмайди, чунки бу иллат мeнинг танишларим орасида авж олаяпти. Эр-хотин ётоғидаги суҳбатини ташқарига олиб чиқиши ҳаром эканлиги ҳақида тeлeграмдаги каналингизда ўқиган эдим. Лeкин эр-хотин ётоғидаги гапларни эмас балки ётоғидаги ҳолат(бир-бирини бағрига босиб тушгаб суратлар)ни бeгоналар(аёл қариндошлар)га кўрсатиши мумкинми? Ман бу иш мумкин эмаслигини айтсам «бу суҳбат эмас-ку, оддий расмлар-ку» дeган баҳонани топиб олишган. Бу ҳолатга шариатимиз қандай қарайди? Эр жонивор аёлини кўтариб тушган расмларни бeгоналарга тарқатиб томоша қилдириб қўйиши тўғрими?
Ва алайкум ассалом! Бу ҳаром ҳисобланади.
حَدَّثَتْنِي أَسْمَاءُ بِنْتُ يَزِيدَ، أَنَّهَا كَانَتْ عِنْدَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالرِّجَالُ وَالنِّسَاءُ قُعُودٌ عِنْدَهُ ، فَقَالَ : لَعَلَّ رَجُلًا يَقُولُ مَا يَفْعَلُ بِأَهْلِهِ ، وَلَعَلَّ امْرَأَةً تُخْبِرُ بِمَا فَعَلَتْ مَعَ زَوْجِهَا، فَأَرَمَّ الْقَوْمُ ، فَقُلْتُ : إِي وَاللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ ، إِنَّهُنَّ لَيَقُلْنَ , وَإِنَّهُمْ لَيَفْعَلُونَ ، قَالَ : " فَلَا تَفْعَلُوا ، فَإِنَّمَا ذَلِكَ مِثْلُ الشَّيْطَانِ ، لَقِيَ شَيْطَانَةً فِي طَرِيقٍ ، فَغَشِيَهَا وَالنَّاسُ يَنْظُرُونَ
Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади, у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эди. У зотнинг олдиларида кишилар ва аёллар ўтирган эди. У зот “Эҳтимол киши аҳли билан қиладиган ишини айтар, эҳтимол аёл ҳам эри билан қиладиган ишини айтар?” дедилар. Қавм жим бўлиб қолди. Жавоб беришмади. Шунда мен “Ҳа, ё росулуллоҳ! Улар (аёллар) ҳам айтишади, (эркаклар) ҳам айтишади” дедим. “(Бундай) қилманглар! Зеро бунинг мисоли йўлда урғочи шайтонга йўлиқиб қолган ва унга одамлар қараб турган ҳолида қовушган шайтоннинг мисоли кабидир” дедилар. Имом Аҳмад ривояти. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузуридаги энг ёмон ўриндаги инсон аёлига яқинлик қилган ва аёли ҳам унга яқинлик қилган сўнгра унинг сирини ёйган кишидир” дедилар. Имом Нававий “бу ҳадис эр ва хотин ўз ораларидаги жинсий ҳаётларини ёйиши ҳаромлигига далилдир” деганлар. Валлоҳу аълам!