Ассалому алайкум! Уйнинг томи шифер қилинган ва унинг устига олаҳакка, қораялоқ(майна ҳам дейишса керак), кабутар, мусича, чумчуқ қўниб гўнг ташлашади ва жуда кам ҳолларда бойқуш ва қарғалар қўниб гўнг ташлашган бўлиши мумкин. Ёмғир ёғиб шу томдан оққан ёмғир сувига дастурхон, сочиқ ва кийимларни ювса бўладими? Бунда ёмғир суви кирни яхши тозалайди деб ювишади. Шу сувга таҳорат олса бўладими? Идишда тўпланган сув тиниқ ҳолда бўлади.
– Ва алайкум ассалом! Ўша сувдаги асл ҳукм уни пок ва таҳоратга яроқли эканидир. Уни нажас деб ҳукм қилиш учун далил керак. Томга чиқиб текшириб кўринг, агар нажосат топсангиз сувдан фойдаланманг. Агар нажосат йўқ бўлса ва сувда унинг асорати кўринмаса ундан фойдаланишингиз мумкин. Аммо буни аниқлаш имконсиз бўлса сув асл ҳукмда, яъни поклигича қолаверади. Томда сувнинг поклиги борасида шубҳа уйғотадиган даражада бирор нарса бор бўлса тақво юзасидан ундан фойдаланмай қўяверинг. Валлоҳу аълам!