Ассалому алайкум! Дўконда ишлайдиган сотувчидан харидор келиб қарзга нарса бериб туришлигини илтимос қилса ва у одам қийналган бўлса лекин сотувчига дўкон эгаси қарзга берма деган бўлса шундай вазиятларда қандай йўл тутулади?
– Ва алайкум ассалом! Дўкон эгаси маҳсулотни қарзга сотишни таъқиқлаган бўлса бунга хилоф қилиши мумкин эмас. Агар шундай қилса дўкон эгаси ҳақига тажовуз қилган бўлади ва қарзни ўзи тўлайди. Унга ёрдам бермоқчи бўлса буни ўз ҳисобидан қилиши керак. Ишчи ўз шахсий ҳисобидан муҳтож ҳолдаги харидорга қарз бериб турса жуда катта савобли иш қилган бўлади.
Қарз беришнинг фазилати
Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай деган:
وَأَقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا
«...ва Аллоҳга «қарзи ҳасана» беринглар...».
Қарз сўзининг маъноси жуда кенг бўлиб, ўзгаларга фойда етказиш ҳам қарзи ҳасананинг жумласига киради.
القرض قربة يتقرب بها العبد إلى الله سبحانه لما فيه من الرفق بالناس والرحمة بهم، وتيسير أمورهم، وتفريج كربهم. قال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «من نفس عن مسلم كربةً من كرب الدنيا، نفس الله عنه كربةً من كرب يوم القيامة، ومن يسر عن معسر، يسر الله عليه في الدنيا والآخرة، والله في عون العبد ما دام العبد في عون أخيه» رواه مسلم
Қарз бериш бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир, чунки унда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади». (Муслим ривояти).
وقال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ما من مسلم، يقرض مسلماً قرضاً مرتين، إلا كان كصدقتهما مرة». رواه ابن ماجه
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир мусулмон кишига икки бор қарз берса, иккала берган қарзини бир мартада садақа қилган бўлади», дедилар.
Ибн Можа ривоят қилган.
وقال صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كل قرض صدقة». رواه الطبراني بإسناد حسن
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир қарз садақадир», деганлар.
Тобароний ривоят қилган. Валлоҳу аълам!