Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тамакининг ҳаромилигини қандай тушунтирсак бўлади?

21:08 / 18.04.2014 | Abror | 7788
Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Устоз мен билан бирга ишлайдиган бир Индонезиялик мусулмон одам бор. Бу киши доимо тамаки чекадилар. Ўзларининг айтишларича у киши ҳофизи Қуръон ҳам эканлар. Танловларда ҳам ғолиб бўлган эканлар бир неча марта. Мен бу кишига “сиз ҳофизи Қуръон бўлсангиз, нега чекасиз?” дедим. У киши эса, “чекиш ҳаром эмас, макруҳ” дейди (Яна маҳруҳ бу кишининг айтишича, қилинса гуноҳ олинмайди, қилмаса савоб олади). Мен у кишига, “бир неча йиллар олдин тамаки ҳаромлиги тўғрисида фатво чиққан” дедим. У “Тамаки Қуръонда ёки саҳиҳ ҳадисда ҳаром дейилмаган”, деб туриб олди. Мен эса “бу фатвони чиқаришда ижмо ёки қиёс ишлатилади” дедим. Қисқаси бу кишига ҳеч тушунтира олмадим, бунинг устига яна бир ёшроқ Мисрлик йигит ҳам худди шу гапни айтиб чекиб юрибди. Устоз, мен шу вазиятларда ва шу каби одамларга тамакининг ҳаром эканлигини қандай тушунтирсак бўлади? Умуман мана шу тушунтириш менга вожиб ҳисобланадими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Баъзи одамларнинг “Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифдан далилларсиз бу ўсимликни қандай қилиб ҳаромга чиқарасиз?” деганларига жавоб шуки, шариат соҳиби ҳаром қилинган нарсаларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида насс келтириши зарурий иш эмас. Албатта, у шундай тартиб қоидаларни жорий қилиб қўядики биз қўрқадиган жузъий ва кўпгина алоҳида масалалар уларнинг остига дохил бўлади. Чунки, қоидаларни чеклашнинг имкони йўқдир. Аммо, алоҳида ишларга келсак бас, уларни ҳам чеклаш мумкин эмасдир. Шариат соҳиби ифлос ёки зарарли нарсани ҳаром қилса нопок ва зарарли емак ва ичимликлардан сон саноқсизлари унга дохил бўлиши учун етарли бўлади. Шунинг учун ҳам уламолар ҳаром эканлиги хусусида муайян бир насснинг йўқлигига қарамасдан наша ва гиёҳванд моддаларни ҳаром деб иттифоқ қилганлар. Мана, имом Абу Муҳаммад ибн Ҳазм Зоҳирийни нассларни ҳарфма-ҳарф ва зоҳирини маҳкам тутган ҳолда кўрамиз. Шунга қарамай у нассларнинг умумийини олган ҳолатда ейишлик зарарли бўлган нарсаларни қатъиян ҳаромга чиқаради. У: “Зарари бўлган ҳар бир нарса ҳаромдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшилик қилишни ёзиб қўйгандир. Бас, кимки ўзига ёки бировга зарар қилса демак у яхшилик қилмабди. Ким яхшилик қилмаса ёзувга, яьни Аллоҳнинг ҳар бир нарсага яхшилик қилишни ёзиб қўйган”ига қарши чиққан бўлади,” деганлар. Шунингдек, ушбу ҳукмга Аллоҳ таолонинг: “Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир” деган сўзини ҳам далил қилса бўлади. Ва яна Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: لاَ ضَرَرَ وَلاَ ضِرَارَ “Зарар қилиш ҳам, зарар етказиш ҳам йўқ”, деган сўзларини далил келтириш мумкин. Зарарли нарсаларни истеъмол этишнинг ҳаромлиги ҳақидаги энг чиройли ибора бу Имом Нававийнинг “Равза”сида келган иборалардир. У киши: “Емоқлик зарар қиладиган шиша, тош ва заҳар кабиларни емоқ ҳаромдир. Емоқликнинг зарари бўлмаган ҳар қандай пок нарсани емаклик ҳалолдир. Аммо, маний ва буруннинг суви каби ўзи пок лекин жирканч нарсалар бундан мустасно. Чунки, бу нарсалар саҳиҳ далилларга асосан ҳаромдир....”, деб ёзган. Агар тузалиш эҳтимоли кўпроқ бўлса ва эҳтиёж туғилса ичига озроқ заҳар қўшилган дориларни истеъмол қилиш жоиздир. Инсон икки дунёда ҳам ўзига манфаати етмайдиган нарсаларга молу давлатини сарфламоқлиги жоиз эмас. Чунки, инсонга бу молу давлати омонат берилган бўлиб яна эгасига қайтаради. Зеро, саломатлик ва давлат Аллоҳнинг ундаги омонатидир. Шунинг учун ҳам инсон саломатлигига зарар еткармоғи ёки давлатини зое қилмоғлиги мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мол-у давлатни бекорга зое қилмоқдан қайтарганлар. Кашанда одам молини бериб ўз жонига зиён заҳмат сотиб олади. Бу иш шаръан ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб: “Ва исроф қилманглар. Албатта У исрофгарларни яхши кўрмайди,” дейди. Чекиш учун мол сарфлашлик уни зое қилиш эканлиги махфий эмас. Шундай экан бир пайтнинг ўзида ҳам молини сарфласа ҳам жонига талафот еткизса нима қилиш мумкин?! КАШАНДАЛИК Бу балонинг бугунги кунда инсоният бошига солиб турган таҳдидини яхшилаб англаб олиш учун Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тамаки (сигарет) чекиш ва унинг зарарлари ҳақида тайёрлаган қуйидаги маълумотларга бир назар солишнинг ўзи кифоя қилади. «Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг мутахассислари тамаки чекиш охирги йилларда глобал эпидемияга айланганлигини эълон қилишмоқда. Ташкилотнинг берган маълумотларига қараганда, ер юзида чекувчилар сони ҳозирда 1,2 миллиардни ташкил этиб, ҳар йили уларнинг сони 2,1 фоизга ортиб бораётган бўлса, 2025 йилда 1,6 милиардгача ўсиши эътироф этилган. Жаҳонда бир йил давомида 5 миллион киши тамаки чекиш билан боғлиқ бўлган касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб, 10 милллион кишини ташкил этиши мумкин. Дунё бўйича ҳар 6-8 сонияда бир киши тамаки чекишнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмади. Ўзбекистонда ҳам тамаки чекувчилар сони юқори кўрсаткичда бўлиб, йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Ёш аёллар ва ўсмирлар орасида тамаки чекувчилар сонининг ортиб бораётгани яққол кўзга ташланмоқда. Бу ҳол айниқса ташвишланарлидир. Ўзбекистонда ҳар йили чекиш келтириб чиқарган асоратлар туфайли 30 мингтага яқин инсон ҳаётдан кўз юмади. Агар чекишга қарши тезлик билан чоралар кўрилмаса, бу кўрсаткич 2020 йилга бориб икки баробар ортиши мумкин. «Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини ўрганиш» бўйича ўтказилган ижтимоий сўровлар натижаси шуни кўрсатдики, чекувчи эркаклар сони аёлларга нисбатан бирмунча юқори. Ўзбекистон аҳолисининг 23 фоиз эркаклари ва 1 фоиз аёллари доимий чекувчилар сафини ташкил этадилар. Доимий чекувчилар асосан шаҳар районларида вилоятларда (34 фоиз), Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчилар (44 фоиз) ва маҳаллий бўлмаган аҳоли ўртасида кенг тарқалган. Чекувчи эркакларнинг асосий қисми 25-29 ёшдагилар бўлиб, умумий чекувчиларнинг 25-35 фоизини, аёлларда эса кўпчилиги ёш қизлар, яъни 15-19 ёшлилар бўлиб, 20 фоизни ташкил этадилар. Чекувчи эркакларнинг 47 фоизи бир кунда 5-20 дона тамаки чекадилар. Тамаки тутунида 4000дан зиёд кимёвий унсурлар мавжуд бўлиб, улар организм фаолиятига ўз таьсирини ўтказади. Уларнинг 43дан ортиғи ўсма (саратон) касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлса, 400дан ортиғи токсик (заҳарли) моддалар ҳисобланади. Булар жумласига: смола, никотин, ис гази, кадмий, формальдегид, ацетон, бензол, мишьак ва бошқалар киради. Жумладан: ўсма касалликлари (ўпка раки 90 фоиз), нафас олиш тизими касалликлари (75 фоиз), юрак-қон томир касалликларининг (юрак ишемик касаллиги 25 фоиз) келиб чиқишига сабаб бўлади. Тамаки таркибидаги никотин ўта зарарли модда бўлиб, ўзига тобеликни шакллантиради. Шунингдек, никотин нафас марказларини қўзғатиб, қон томирлар спазмига (вақтинча торайишига) олиб келади. Натижада қон томир девори зарарланиб, торайган қон томирларда атеросклеротик ўзгаришлар юзага келади. Никотин таъсирида буйрак усти безида норадреналиннинг кўп миқдорда ишлаб чиқарилиши юрак ритмининг бузилишига, юракнинг кислородга бўлган эҳтиёжининг ошишига, оқибатда унинг юқори зўриқиш билан тартибсиз ва мажбурий ишлашига олиб келади. Бу эса юрак қисқаришлари сонини 15-20 фоизга оширади. Юқорида келтирилган ҳолатлар юрак ишемик касаллигига олиб келувчи асосий омиллар ҳисобланади. Никотин айниқса ҳомиладорлар учун жуда зарарлидир. Ҳомиладор аёл тамаки чекканидан сўнг йўлдош қон томирларининг спазми (вақтинча торайиши) оқибатида бир неча дақиқа давомида ҳомилада енгил кислород етишмовчилиги содир бўлади. Ҳомиладорлик вақтида бир маромда чекиб туриш натижасида эса кислород етишмовчилиги доимий тус олади. Бунинг натижасида она қорнидаги ҳомила ўсмай қолади. Чекувчилар нафақат ўзларининг, шунингдек, атрофдагиларнинг (иккиламчи пассив чекувчилар) соғлиғига ҳам зарар етказадилар. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг берган маълумотларига кўра, 700 миллион нафар болалар, яьни жаҳондаги барча болаларнинг ярми иккиламчи тутун таъсирига учрайди. Бу эса болаларда респиратор касалликлар, пневмония, астма касаллигининг келиб чиқиш эҳтимолини кучайтиради. Пассив чекиш бош оғриғи, кўз коньюктивасининг зарарланиши, бош айланиши, йўтал, томоқ қичиши, кўнгил айниши каби ҳолатларга олиб келади. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тамаки чекиш оқибатида юзага келадиган касалликлар меҳнатга лаёқатли ёшдаги чекувчи эркаклар ўртасида чекмайдиганларга нисбатан 3 баробар кўп учрайди. Касалланиш даврининг ўсиши тамаки сони ва чекиш даври билан узвий боғлиқ. Текширувларнинг кўрсатишича, кўпчилик чекишни ёшлик чоғидан бошлайди. Агар одам чекишни 15 ёшдан бошласа, умри 10 йилга, 25 ёшдан бошласа, 5 йилга қисқаради». «Нима учун тамаки чекиш бутун инсоният мубтало бўлган ижтимоий офат ҳисобланади? Нима учун ҳар йили кашандалик оқибатида миллионлаб инсонлар ҳалок бўлмоқда? Бу саволларнинг жавоби оддий: Улар тамакига ўрганиб қолиб, бу ярамас одат туфайли саломатлигидан ажраб, ҳаётдан кўз юмишмоқда. Кишилик жамиятининг тамаки чекишга муносабати йилдан-йилга кескинлашиб бораётганига қарамасдан, кўпчилик ҳамон чекишни ташлай олмаяпти… Статистик маълумотларга кўра, кўпчилик кашандалар қуйидаги жиҳатларга эътибор беришмаяпти: 1) Чекиш саратон касаллиги келиб чиқиш эҳтимолини 30 баравар оширади; 2) Кашандалар ошқозон ярасига 10 баравар кўпроқ мубтало бўладилар; 3) Миокард инфаркти чекувчиларда бошқаларга нисбатан 12 баравар кўпроқ учрайди. Стенокардия ва юракнинг ишемик касалликлари ҳам кўпроқ кашандаларда кузатилади; 4) Никотин яралар ва синган суякларнинг битишини секинлаштириб юборади, С ва Е витаминларининг сингишига тўсқинлик қилади; 5) Мижоз сустлиги вужудга келишининг эҳтимоли кашандаларда бошқаларга қараганда 26 баравар кўпроқ бўлади; 6) Кашандаларнинг суяк ва бўғимлари мўртлашиб қолади, шунинг учун уларда умуртқа поғонаси чурраси («грыжа») кўпроқ учрайди; 7) 40 ёшгача чекишни ташлай олмаганларнинг баъзилари кўр бўлиб қолишлари мумкин; 8) Ҳомиладор аёл чекса, ҳомиланинг тушиб қолиш эҳтимоли 30-70 фоизга, чақалоқнинг ўлими хавфи эса 52 фоизга ортади; 9) Никотин томирларни ўйиб юборади, шунинг учун у склероз, тромбоз, некроз (қорасон) каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Қорасонга чалинган аъзо эса кесиб ташланади. Афсуски, кашандалар мазкур мудҳиш оқибатлардан хабардор бўлса ҳам, кўпинча чекишни ташлай олмайди, чунки унинг организми бу оғуга мустаҳкам боғланиб қолган бўлади… ТАМАКИНИНГ ОРГАНИЗМГА ТАЪСИРИ Ўпка: Чекмайдиганлар кашандаларга қараганда ўпка саратони билан 20 баравар камроқ касалланадилар. Шу сабабли ўпка саратони асосан чекиш оқибатида келиб чиқади, деб хулоса қилиш мумкин. Одатда бу касаллик ниҳоятда кеч аниқланади, натижада беморнинг умрини фақат унинг бир ўпкасини олиб ташлаш йўли билангина бироз узайтириш мумкин бўлади. Тиббиёт олимлари ёши, иш фаолияти ва ҳаёт тарзи ўхшаш бўлган 200-300 минг киши устида кузатувлар олиб борганлар. Уларнинг ярми чекмайдиганлар, ярми кашандалар бўлган. Кузатувларга кўра, чекмайдиганларнинг ҳар 100 мингтасидан 12 нафари ўпка саратонига чалинган. Кунига бир қути тамаки чекувчилар ичида бу кўрсаткич 112 кишини, икки қути чекувчиларда эса 284 кишини ташкил этган. Ҳайвонларнинг ўпкаси ёки терисига тажриба учун тамаки қатрони юборилганда, уларнинг бирортаси ўпка ракига учрамай қолмаган. Юрак-томир тизими: Чекиш аввало юрак ва қонтомир каби энг муҳим аъзоларни емиради. Чекилган битта тамаки маҳсулоти томир уришини бир дақиқада йигирматага оширади, қон босимини бир неча ўн миллиметрга кўтариб, тери ҳароратини совутади. Бу ўзгариш ярим соатча давом этади. Натижада юракда кун давомида сурункали равишда қўшимча зўриқиш ҳосил бўлиб, бу ҳолат вақт ўтиши билан оғир хасталикка айланади. Ҳўпланган тамаки тутуни томирларни торайтиради, улардаги қон оқими секинлашади, ҳатто баъзи ҳолларда бутунлай тўхтаб қолади. Томирларда қон оқимининг секинлашиши коронар юрак етишмовчилиги деб аталади. Бу юрак атрофидаги ўткир санчиқ хуружидир. Кўпчилик беморлар чекишни ташлаган кундан бошлаб бундай оғриқлардан бутунлай қутулиб кетадилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тамакининг зарарли таъсирларини ўрганиш давомида кашандаларнинг коронар тромбоз оқибатида чекмайдиганларга нисбатан тўрт йил эрта ҳаётдан кўз юмишларини аниқлаган. Тамаки чекиш томирлари касал кишиларда кескин спазмга олиб келади. Агар бемор ушбу ҳолатдан кейин ҳам чекишда давом этса, ҳеч қандай даво чораси фойда бермайди Аслида бундай беморларнинг ҳатто тамаки тутуни бор ҳаводан нафас олиши ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Тажрибалар бундай бемор ҳатто ёқилмаган тамакини ҳидласа ҳам, бармоқларидаги қон оқими сезиларли даражада секинлашишини кўрсатади. Баъзи ҳолларда бундай беморлар тамаки чеккан пайтда тирноқости пайларида қон оқимининг батамом тўхтаб қолиши, қўл ва оёқ бармоқларининг ҳарорати олти даражагача пасайиб кетиши кузатилган. Эътиборга лойиқ жойи шундаки, тамакига ҳар қандай фильтр қўйилган тақдирда ҳам, қон оқимининг секинлашуви ва тана ҳароратининг пасайиши ўзгармаган. Тамакининг юракка таъсирини қуйидаги тажрибадан яққол кўриш мумкин: қуённинг юраги ажратиб олиниб, унга махсус қувурлар орқали физиологик эритма юбориб турилса, у бир маромда уриб тураверади. Физиологик эритма – баъзи белгиларига кўра қонга жуда яқин бўлган суюқликдир. Бироқ тамакини олиб, унинг ичидаги кукуни тўкиб ташланса ва тамаки ҳидига тўйинган юпқа папирос қоғозига юқоридаги физиологик эритмадан томизиб, қоғоздан сизиб ўтган бу томчини юракка бориб турган физиологик эритмага қўшиб юборилса, юрак шу заҳоти уришдан тўхтайди. Адолат юзасидан айтиш керакки, тамакининг инсон юрагига кўрсатадиган салбий таъсирини организмдаги компенсатор (ҳимоя) механизмлар маълум даражада тўсади, чунки улар автоматик равишда ушбу зарарли реагентга қарши кураша бошлайди. Бироқ, шунга қарамай, тамаки инсонга ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Тамаки маҳсулотлари ҳеч бўлмаганда инсон танасининг эрта қаришига сабаб бўлади. Мия ва асаб тизими: Никотиннинг марказий асаб тизимига нечоғлик зарар етказишини чекилган биринчи тамакининг асоратидан ҳам билиш мумкин: илк бор чеккан одамнинг кўнгли айниб, қайт қилади, баданидан совуқ тер чиқади, ҳатто баъзан ҳушдан кетиб қолиш ҳоллари ҳам учрайди. Буларнинг барчаси мия ҳужайраларининг заҳарланиши белгиларидир. Ошқозон-ичак йўллари: Баъзи кашандалар «Тамаки овқатни мазалироқ қилади», дейишади. Албатта, оғизга бирор аччиқ нарса солинса, ундан кейин ҳар қандай овқат ҳам мазали туюлиши аниқ. Бироқ аслида чекиш иштаҳани кетказади. Чекишни ташлаган одамнинг тезда семира бошлашини ҳамма билади. Бунинг сири шуки, никотиндан заҳарланиш тўхтатилгач, организмдаги модда алмашинув жараёнлари яхшиланиб, ошқозон таомни яхшироқ ҳазм қила бошлайди. Бевақт ўлим: Тамакининг таркибида фавқулодда заҳарли модда – никотин бор. Бир қути тамаки чеккан одам унинг ҳалокатли миқдорини ичига ютган бўлади. Бироқ инсон бир қути тамакини бирдан чекиб юбормайди, шунинг учун организмда бу заҳри қотилга нисбатан бироз мослашув ҳосил бўлиб қолади. Статистика маълумотларга кўра, юрак-томир касалликлари туфайли ҳаётдан кўз юмганлар орасида кашандалар икки марта кўп учрайди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига қараганда, кашандалар чекмайдиганларга қараганда пневмония сабабли ўн баравар, ошқозон яраси оқибатида олти баравар кўпроқ вафот этар экан. МУСУЛМОНЛАР ВА ТАМАКИ Кўпчилик биродарлар тамаки чекишнинг Исломдаги ҳукми тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилиб туришади. Албатта, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Мулоҳаза қиладиган бўлсак, ҳозирги кунда ҳар куни, ҳар ой, ҳар муддатда шу тамаки ёки унга ўхшаган нарсаларни истеъмол қиладиган кишиларга етаётган зарарлар, уларнинг оғир касалликларга чалинаётганлари, ҳаттоки миллионлаб инсонлар шу нарсадан ўлаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез тарқалиб турибди. Албатта, бундай хабарлар эшитилиб, ҳар хил тушунчалар тарқаб турганидан кейин мўмин-мусулмонларда чекса-чекмаса, бу ишга алоқаси бўлса-бўлмаса, унинг динимиздаги ҳукмини билиш иштиёқи туғилади. Шунинг учун бўлса керак, бу саволлар аҳоли орасида жуда кўп такрорланади. Бу саволларга илмий жавоб бериш, уламоларимиз чиқарган фатволар ва йиғилган маълумотлардан аниқ ҳужжат-далилли гаплар айтиш тақозоси юзасидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан ёрдам сўраб бу ишга қўл урдик. Ислом дунёсида ниҳоятда катта шуҳрат қозонган илмий асар – Кувайт давлати Вақф вазирлиги томонидан нашр этилган «Фиқҳ энциклопедияси»да тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг ҳукми тўғрисидаги батафсил маълумотлар тақдим қилинган. Ушбу сатрлардаги тамаки ҳақидаги маълумотларнинг кўпчилигини ана шу китобдан олдик. Тамаки чекиш, кашандалик асли Америкадан келиб чиққан. Эски мусулмон халқлар бу нарсани билишмаган. Унинг мусулмонлар ўртасида тарқалиш тарихини ўрганган уламолар тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, тутунни ютиб-чиқариш ҳолати 10-ҳижрий асрнинг охири, 11-ҳижрий асрнинг бошларида тарқала бошлаганини таъкидлайдилар. Уни ҳозирги Туркия ерларига биринчи бўлиб англияликлар олиб кирган ва урф бўлишига сабаб бўлишган. Мағриб тарафларга эса тамакини табиблик билин шуғулланувчи бир яҳудий олиб борган, мағриб аҳолисининг тамаки билан танишишларига мана шу одам сабабчи бўлган. Шундан кейин тамаки маҳсулотлари аста-секин Мисрга, Ҳижозга, Ҳиндистонга тарқалиб, бора-бора ҳамма мусулмонлар яшайдиган диёрларга ёйилган ва шу тариқа кишилар чекишни одат қилишган. КАШАНДАЛИКНИНГ ҲУКМИ Одамлар ичида чекиш бошланиши билан унинг ҳукми ҳақидаги саволлар ҳам пайдо бўлган. «Бу нарса бизда йўқ эди, ажнабий юртлардан келиб, тарқалиб қолди. Уни чекишнинг ҳукми қандай?» деган саволга фуқаҳоларнинг берган жавоблари ҳар хил бўлган. Баъзилар «Бу нарса ҳаром», дейишган. Бошқалар «Зарари йўқ», дейишган. Учинчилари «Макруҳ, макруҳ бўлганда ҳам, макруҳи таҳримий», деган ва шунга ўхшаш ихтилофли жавоблар берилган. Мазкур жавоблар ҳозирги кунгача ҳам турлича бўлиб келаётган эди. Кимдир «Ҳечқиси йўқ», деса, бошқаси «Бўлмаса керак», дер эди. Яна бири «Бу борада аниқ ва ҳужжатли гапни эшитмадик», деган жавобни берарди. Аммо ҳозирда ана шу қадимий уламоларнинг чиқарган фатволари билан астойдил танишиш имконига эга бўлинди. «Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш мусулмон одам учун ҳаром», деб фатво чиқарган уламолар ичида эски ҳанафий уламолардан шайх Шарнаболий, Масъудий ва «Дуррул Мунтақо» номли китобнинг соҳиби ҳам бўлган. Ҳанафий уламоларнинг энг машҳурларидан Ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи тамаки истеъмол қилишни «макруҳи таҳримий», деб эълон қилган. Шунингдек, моликий мазҳаби уламоларидан Солим Санҳурий деган зот, Иброҳим Лаққоний, Муҳаммад ибн Абдулкарим Факкун, Холид ибн Аҳмад, Ибн Ҳамдун ва бошқа бир қанча уламолар, моликий мазҳабининг тамсилчилари ўлароқ, «Тамаки маҳсулотларини чекиш ҳаром», деган фатво чиқарганлар. Шофеъий мазҳаби уламоларидан Нажмиддин Ғаззий, Қалюний, Ибн Аллон ва бошқа бир қанча уламолар ҳам «Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаром», деб фатво чиқарганлар. Ҳанбалий мазҳаби уламоларидан шайх Аҳмад Баҳутий, шунингдек, Нажднинг баъзи уламолари «Тамаки маҳсулотларини чекиш ҳаром», деб фатво чиқарганлар. Уларнинг баъзилари шу масалага атаб алоҳида рисолалар ҳам ёзишган. «Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаром», деб фатво чиқарган уламоларнинг ҳужжат-далиллари. Мазкур уламолар бир неча далилларни келтирганлар. 1. Тамаки маҳсулотлари уни истеъмол қилишни бошлаган пайтда одамни сархуш қилади. Янги чекишни бошлаётган одам маст бўлади. Кейинроқ ўрганиб қолиб, бора-бора чекканда маст бўлмайдиган ҳолатга келади. Дастлабки пайтда маст қилдими, демак, тамаки ҳам маст қилувчи нарсалар қаторига киради, деб айтишга асос бор. 2. Тамаки ақлга таъсир қилади. Чекишга ўрганган киши агар чекмаса, сиқилиб, ҳар хил ҳолатларга тушади. Чекса, бироз миясига, ақлига таъсир қилади. Ақлга салбий таъсир қилган нарса Исломда ҳаромлигини ҳамма яхши билади. Шунинг учун бу нарса ҳаром, деб фатво чиқарилган. Бу фикрга қарши чиққанлар: «Йўқ, бу тамаки маст қилмайди, одамни бироз бўшаштиради, чеккан одамнинг асабларида, танасида бироз бўшашиш ҳис қилинади. Буни маст қилиш деб бўлмайди» деб раддия беришган. Шунда ҳаром деб фатво берганлар: «Худди ана шу бўшаштиришининг ўзи унинг ҳаромлигига далилдир», дейишган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шарифни келтиришган. عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قَالَتْ نَهَى رَسُولُ اللهِ  عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَمُفَتِّرٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар». Имом Абу Довуд ривоят қилган. Тамаки одамни бўшаштирадими? Ундай бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан наҳий қилганлар. Бўшаштирувчи модда ҳаром бўлмаса, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан қайтармасдилар. Демак, инсоннинг жасадида, руҳида, ақлида, асабида бўшашишнинг сабабчиси бўладиган нарса, албатта, Исломда ҳаром қилинган нарса ҳисобланади. Шунинг учун уламолар Умму Салама онамиз ривоят қилган ҳадисни тамакининг ҳаромлигига далил қилиб келтиришган. 3. Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган одамнинг баданига ҳам, ақлига ҳам, молу мулкига ҳам зарар етади. Баданига ва ақлига зарар етиши соғлиқнинг кетиши билан бўлади. Чекиш оқибатида турли касалликлар келиб чиқаётгани ҳаммага маълум. Молига зарар етиши – тамакига ишлатилган мол зое кетади. Жуда катта миқдордаги мол беҳуда кетади. Одамлар бу нарсани унча кўп деб ҳисобламайдилар. Ҳар куни бир қути-бир қутидан сотиб олаётган кишига сарфлаган пуллари у даражада кўп қўринмаслиги мумкин. Лекин миллионлаб инсонлар томонидан кунига бир қути тамаки учун пул сарфланиши давлат бюджетига, халқ иқтисодига жуда катта зарар бўлади. Тамаки чекувчиларнинг аксарияти юрак хасталикларига дучор бўлиши, ўзи заифлашиб қолиши, ўпка касалига чалиниши, юзлари сарғайиб кетиши ва бошқа турли касалликлар келиб чиқиши ҳаммага маълум. Буларнинг барчаси тамакининг жуда катта зарар эканининг далилидир. Исломда эса бир нарсанинг зарари собит бўлганидан кейин ҳаром бўлиши бор. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз шариатида нимани ҳаром қилган бўлса, ўша нарса зарарли бўлгани учун ҳаром қилган. Шунинг учун ҳам тамаки чекиш ҳаромлиги ҳақида фатво чиқарган уламолар бу ишнинг Аллоҳ таолонинг Нисо сурасидаги «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг», (29-оят) деган қавлига тўғри келишини таъкидлашган. Бу гапга қўшилган моликий мазҳаби уламоларидан шайх Алийш «Тамакини ташқаридан олиб келганлар бу нарсанинг зарарли эканини билгандан кейин бизга олиб келишган. Чеккан одамнинг томоғига, ўпкасига, жигарига ва юрагига қандай зарарлар келтиришини табиблар баён қилишган экан, бу нарсаларнинг барчаси очиқ-ойдин бўлиб, зарари кўриниб турганидан кейин қандай қилиб уни ҳалол деб бўлади?» деган саволни ўртага ташлаб, тамаки маҳсулотлари ҳаромдир, деган фатвони чиқарган. 4. Тамаки маҳсулотларини чекишда исроф, молни зое қилиш бор. Бу эса Исломда ман қилинган. Бировнинг ўз пули бор. У шу пулни тўғри тасарруф қила олмай, беҳуда сарфлаб юборади. Бундай киши Қуръон ҳукми билан сафиҳ – эсипаст деб номланади ва пули музлатиб қўйилади. Маҳкама томонидан қарор чиқарилиб, ўз пулини ўзи сарфлай олмайдиган қилиб қўйилади. Чунки у пулни беҳудага сарфлаб юборяпти. У нафақат ўз пулини, балки жамиятга фойда берадиган пулни зое қиляпти. Унга ўзига кераги берилиб, қолган пули ушлаб турилади. Бунга ҳаммамиз иттифоқ қилганмиз. Лекин тамаки чекувчи ақли пастлик қилиб, молини беҳуда сарфлаяпти, нима учун бунга тўсқинлик қилмаймиз? Аслида унга нисбатан ҳукм чиқариб, уни бу ҳаром ишдан қайтаришимиз керак. Демак, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишда молни зое, исроф қилиш, беҳуда сарфлаш борлиги унинг ҳаромлигига далил бўлади. Турк султонлиги даврида давлат уламолардан тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш тўғрисида фатво чиқариб беришни сўраган. Шунда уламолар ҳаммалари тўпланиб, «Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳаромдир, бу ишни қиладиган одамларга жазо тайинлаш керак», деган фатво чиқаришган. «Қаерда тамаки маҳсулотлари тўпланган бўлса, куйдириб ташлаш керак», деган гапни айтишган. Уламоларнинг бу фатвоси давлат томонидан чиқарилган махсус бир қарор бўлган. 5. Тамаки маҳсулотларини ҳаром дейишга ҳужжат-далиллардан яна бири, тамакининг ҳиди бадбўй, кишига ёқмайдиган, ёнида турган одамга озор берадиган даражадаги ёмон ҳид бўлганидир. Исломда бундай ҳидларнинг барчаси ман қилинган. Мисол учун, «Саримсоқ пиёз, хом пиёз еган одам масжидга бормасин, чунки бошқаларга озор беради», дейилган. Тамакининг ҳиди уларникидан ҳам баттар. Нима учун саримсоқ ёки хом пиёздек ҳалол нарсани еган одамни «Масжидга кирма», дея огоҳлантирамиз-у, тамаки чекканга бу гапни айтмаймиз? Шу маънони эътиборга олганимизда ҳам уларнинг масжидга киришларини ман қилиш керак бўлади. Уламолар: «Кўпчиликка, фаришталарга озор етказадиган нарса сифатида тамаки маҳслуотларини истеъмол қилиш ҳаром», дейишган. Мана шу нарсалар ўтган аср ва балки ундан олдинги замон уламолари томонидан чиқарилган фатволарга ҳужжат-далил қилиб келтирилган. Албатта, мазкур фатволар чиққанидан кейин ўтган даврда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ниҳоятда зарарли нарса эканлигига илмий далиллар, ҳужжатлар жуда кўпайди. Мана, анчадан буён баъзи юртларда тамаки ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келаётган корхоналар, фабрикалар кўпчиликнинг талаби билан қонун-қоида асосида қутиларнинг устига «Соғлиқ вазирлиги огоҳлантирадики, буни чекиш соғлиғингиз учун зарардир» деган ёзувни ёзиб қўйишга мажбур қилинди. Кўпгина давлатларда ёпиқ жойларда, биноларнинг ичида чекиш қатъиян ман қилинди. Яна шунга ўхшаш турли-туман чоралар кўриляпти. Ўтган йилларда Америкада қанча-қанча одамлар тамаки чекиб касал бўлганлиги учун тамаки компанияларини судга бериб, соғлиқларини тиклаш мақсадида миллионлаб пулларни ундириб олиш бўйича маҳкама ишларини ютиб чиққанлари ҳақида гап бўлди. Кўплаб янгидан-янги касалликлар пайдо бўлаётгани, оқибатда миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юмаётгани, ўпка, саратон хасталиклари билан оғриган беморлар сони кун сайин ортиб бораётгани ва ҳоказолар тўғрисида бутун дунёда тинимсиз бонг урилмоқда. Шунинг учун ҳам барча юртларда ҳозир соғлом ҳаёт тарзи учун кураш борасида тамакини ташлаш учун ҳам ҳаракатлар бўляпти. Мана шуларни эътиборга олиб, мусулмон давлатлардаги кўпгина уламолар ҳам бу масалада янги изланишлар ўтказиб, кўпчилик уламолар иштирокида тамаки маҳсулотлари мутлақо ҳаром экани тўғрисида баҳс қилиб, ҳаммалари имзо чеккан ҳолда фатволар чиқаришяпти. Миср Араб жумҳуриятида, Саудия Арабистонида ана шундай фатволар чиқиб, кенг тарқалди ва бошқа мамлакатларда ҳам шу тариқа тарқалиб боряпти. Ниҳоят, тамаки чекишнинг ҳаром эканига умматнинг ижмоъси собит бўлди. Бу эса бутун дунё аҳолисининг, бутун инсониятнинг саломатлигини сақлаш, соғлиги учун кураш маъносидаги хайрли ишларнинг бир кўриниши ҳисобланади. Шу маънода бизлар ҳам баъзи бир нарсаларни тушундик, англаб етдик. Албатта, бу балоларга оид маълумотларни эшитиш, ўқиш, билиш учун чекувчи ёки ичувчи бўлиш шарт эмас. Балки чекмайдиган, бу нарсадан йироқ бўлиш бахтига сазовор бўлган кишилар ҳам кашандаликнинг зарарлари, инсониятга салбий таъсири ҳақида керакли маълумотларни ҳужжат-далиллари билан билиб қўйишса, фойдадан холи бўлмайди. Бу билан билганларини бошқаларга айтиш, лоақал ўз фарзандларини, яқин кишиларини бу зарарли иллатга мубтало бўлишдан сақлаб қолиш имконига эга бўладилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай нохуш, шариатимиз ҳаром қилган нарсалардан йироқда бўлишимизни насиб этган бўлсин. Уларнинг баъзисига мубтало бўлиб қолган биродарларимиз бўлса, бу нарсалардан халос бўлиб, яхши ҳолатларга ўтиб олишларини насиб қилган бўлсин.

Топ рейтинг www.uz Openstat