- عَنْ أَبِي ذَرٍّ ، عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: يُصْبِحُ عَلَى كُلِّ سُلَامَى مِنْ أَحَدِكُمْ صَدَقَةٌ؛ فَكُلُّ تَسْبِيحَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلُّ تَحْمِيدَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلُّ تَهْلِيلَةٍ صَدَقَةٌ، وَكُلُّ تَكْبِيرَةٍ صَدَقَةٌ، وَأَمْرٌ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيٌ عَنِ الْمُنْكَرِ صَدَقَةٌ، وَيُجْزِئُ مِنْ ذَلِكَ رَكْعَتَانِ يَرْكَعُهُمَا مِنَ الضُّحَى. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ. وَلَهُمَا: يُصْبِحُ عَلَى كُلِّ سُلَامَى مِنِ ابْنِ آدَمَ صَدَقَةٌ؛ تَسْلِيمُهُ عَلَى مَنْ لَقِيَ صَدَقَةٌ، وَأَمْرُهُ بِالْمَعْرُوفِ صَدَقَةٌ، وَنَهْيُهُ عَنِ الْمُنْكَرِ صَدَقَةٌ، وَإِمَاطَتُهُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ، وَبُضْعُهُ أَهْلَهُ صَدَقَةٌ، وَيُجْزِئُ مِنْ ذَلِكَ كُلِّهِ رَكْعَتَانِ مِنَ الضُّحَى. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тонгда бирингиздан ҳар бир бўғин учун садақа лозимдир. Бас, ҳар бир тасбеҳ садақадир, ҳар бир таҳмид садақадир, ҳар бир таҳлийл садақадир ва ҳар бир такбир садақадир. Амри маъруф садақадир. Наҳйи мункар садақадир. Буларнинг ўрнига чошгоҳда икки ракъат намоз ўқиш кифоя қилади», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар. Абу Довуд ва Аҳмаднинг лафзида: «Тонгда одам боласининг ҳар бир бўғини учун садақа лозимдир. Учраган одамга салом бериши садақадир. Амри маъруф қилиши садақадир. Наҳйи мункар қилиши садақадир. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаши садақадир. Аёлига яқинлик қилиши садақадир. Буларнинг ўрнига чошгоҳдаги икки ракъат намоз кифоя қилур», дедилар». Шарҳ: Уйқудан эсон-омон туриб, уч юз олтмишта бўғини ишга тушиб кетиши ҳар бир инсон учун катта бахт, улуғ неъматдир. Мўмин-мусулмон киши ҳар бир неъмат учун Аллоҳ таолога муносиб шукр қилиши керак. Шукр қилганда ҳам, ҳар бир бўғини ҳисобига бир садақа қилиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Тонгда бирингиздан ҳар бир бўғин учун садақа лозимдир» деганлари шуни анг-латади. Садақа деганда пул ёхуд мол сарфлашни тушунмаслик керак. Мўмин банда томонидан қилинган ҳар бир яхшилик, шариатга мувофиқ амал садақадир. 1. Бир марта «Субҳаналлоҳ» деб тасбеҳ айтиш ҳам садақа. Бу билан бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади. 2. Бир марта «Алҳамдулиллаҳ» деб таҳмид айтиш ҳам садақадир. Бу билан яна бир бўғин учун қилиниши зарур бўлган шукр адо этилади. 3. Бир марта «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб таҳлийл айтиш ҳам садақа. Бу билан яна бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр адо этилган бўлади. 4. Бир марта «Аллоҳу акбар» деб такбир айтиш ҳам садақа. Бу билан яна бир бўғин учун қилиниши лозим бўлган шукр адо этилади. 5. Амри маъруф қилиш ҳам садақа. 6. Наҳйи мункар қилиш ҳам садақа. 7. Йўлда кўринган одамга салом бериш ҳам садақа. 8. Йўлдан кўпчиликка озор берадиган нарсани олиб ташлаш ҳам садақа. 9. Иффат ва солиҳ фарзанд талабида жуфти ҳалоли ила яқинлик қилиш ҳам садақадир. Мусулмон одам шу ва шунга ўхшаш солиҳ амалларни қилиб, ҳар бир бўғини учун кунда қилиши керак бўлган садақаларни адо этса, қандай яхши! Айниқса икки ракъат чошгоҳ намози ўқиган одам уч юз олтмиш бўғини учун қилиши лозим бўлган садақани адо этган бўлар экан. Чунки намоз пайтида инсоннинг барча бўғинлари ишга тушади. Бу ҳадисда чошгоҳ намози ниҳоятда фазийлатли эканлиги баён қилинмоқда. Шунинг учун ҳам бу намозни доимий равишда ўқиб юришга одатланишимиз лозим.