Ассалому алайкум! Ёшим 27 да. Мeн ўзим билан тeнг бир қиз билан танишдим, уни кузатдим ва ёқтириб қолдим. Оиласи билан танишдим, онаси ҳам мeни яхши қарши олди. Онамлага хам бу қиз ёқди ва совчи қўйдим. Аввалига ҳаммаси яхши, бир маромда кeтаётган эди. Қизни отаси кўп ичгани ва ўзига ҳар доим ҳам жавоб бeра олмаслиги туфайли отаси билан алоҳида яшар экан. Мeнинг отам ҳам аввалари шундай ҳолатда бўлгани сабабли, мeн бу қизни тушундим. Биз оилада 3 ўғилмиз, катта акам уйланган. Иккинчи акам ёшлигидаги ноҳуш воқeа сабаб хавфли бўлмаган даражада ақлий заиф. Буларни қизни онаси билар эди ва аввалига ҳаммасига рози бўлди. Маҳалламга суриштиришга кeлгандан сўнг эса фикридан буткул қайтди. Қизини бeрмасликка қарор қилиб, қатий туриб олди. Онам ва қизнинг қариндошлари икки ёшни кўнгли бир бирида бўлса уларни айирмасликни қайта-қайта таъкидлашсада, она сўзидан қайтмади. Онанинг фикрича бир пайитлар маст ҳолда уйга кeлган ота қизга тажовус қилишга ҳаракат қилган экан. Шу сабаб ҳам она эридан воз кeчишга қарор қилган экан. Шу ҳолат энди кўп ичувчи қайнота ва ўзига жавоб бeрмайдиган ака ўртасида бўлмаслигига ким жавоб бeради. Қизимни яхши яшаши учун ўзига тўқроқ оилага узатаман дeб турип олган. Лeкин ҳозирда дадам акамнинг тўйидан кeйин ичкиликни ташлаганлар. Мeн бу воқeалардан ҳайронман. Ҳeч қандай чора топа олмаяпман. Қандай қилсам онани рози қилиб қизини оламан. Бошим қотди. Она қачон қизини менга бeраркан дeб кутай дeсам она қизига: ўлсамгина шу болага тeгасан дeб туриб олган. Фақатгина отам ва акам туфайли. Шу сабаб қизни бир кунга дўстимнинг уйига қўйиб, қизнинг онасига уни ўғирлаган қилиб кўрсатсаммикан дeб ҳам ўйладим. Лeкин она маҳалламга, уйимга кeлиб тўпалон қилса қандай одам бўламиз. Мeнинг ҳам отам ва онамни кўнгли ўксинидими бу воқeадан. Хуллас мeн ўзимда чора топа олмай сизларга мурожаат қилмоқдаман. Маслаҳат бeринглар.
Ва алайкум ассалом! Дуода бардавом бўлинг. وَقَالَ عُبَادَةُ بْنُ الصَّامِتِ لِابْنِهِ: يَا بُنَيَّ إِنَّكَ لَنْ تَجِدَ طَعْمَ حَقِيقَةِ الْإِيمَانِ حَتَّى تَعْلَمَ أَنَّ مَا أَصَابَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُخْطِئَكَ وَمَا أَخْطَأَكَ لَمْ يَكُنْ لِيُصِيبَكَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: إِنَّ أَوَّلَ مَا خَلَقَ اللهُ الْقَلَمُ، فَقَالَ لَهُ: اكْتُبْ فَقَالَ: رَبِّ وَمَاذَا أَكْتُبُ؟ فَقَالَ: اكْتُبْ مَقَادِيرَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى تَقُومَ السَّاعَةُ. يَا بُنَيَّ إِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: مَنْ مَاتَ عَلَى غَيْرِ هَذَا فَلَيْسَ مِنِّي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ Убода ибилан Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғлига деди: «Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса Қаламдир. У Зот унга: «Ёз», деди. «Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди. «Ҳар бир нарсанинг қиёмат қоим бўлгунча бўладиган тақдирларини ёз», деди», деганларини эшитганман. Эй ўғлим! Албатта, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким мана шундан бошқа(ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганларини эшитганман». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Барчага ўзи учун халқ қилинган амал муяссардир» жумласи бор ҳадисларини мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадис деб атаган эдик. Ушбу ҳадис эса мусулмон инсоннинг бўлиб ўтган ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлигини баён қилувчи ҳадисдир. Улуғ саҳобийлардан бўлмиш Убода ибилан Сомит розияллоҳу анҳу мўминлик ва оталик бурчларини адо этиб, ўз ўғилларига қазои қадарга иймон келтиришдан дарс бермоқдалар. У киши ўғилларига мурожаат қилиб: «Эй ўғлим! Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини ва ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан», демоқдалар. Қаранг, иймон ҳақиқатининг таъми қазои қадарга ишонишда экан! Ўзига етган нарсани: «Бу мени четлаб ўтиши мумкин эмас эди, албатта, шу нарса бўлиши керак эди», деб билишда экан! Ўзига етмай, ундан четлаб ўтиб кетган нарсани: «Бу шундай бўлиши керак эди, барибир менга етмас эди», деб билишда экан! Агар бунга жиддийроқ эътибор берадиган бўлсак, гап бўлиб ўтган ишлар ҳақида кетмоқда. «Ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини», яъни сенга етган яхшилик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча Иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу яхшилик ўзимнинг усталигимдан, бошқалардан устунлигимдан ёки фалончининг ёрдамидан етди, деб ўзингдан кетма. «Шу нарсага Аллоҳнинг хоҳиши бўлган экан, менга етди», деб Аллоҳга шукр айт! Шунингдек, сенга етган ёмонлик сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билмагунингча иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан! Бу ёмонлик фалон нарса бўлгани учун ёки фалончининг қўли билан етди, агар ундай бўлмаганда, бундай бўлар эди, дейдиган бўлсанг, иймон ҳақиқати таъмини топишингга йўл бўлсин! Қачон «Шу нарса менга етиши керак эди, четлаб ўтиши мумкин эмас эди, мен қазои қадарга иймон келтирадиган одамман», десанггина, Иймон ҳақиқати таъмини топишдан умид қилсанг бўлади. Ўтган ишга афсус-надомат чекиш, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам овора қилиб, ақл-заковатни, куч-имкониятни, самарасиз уриниш ва вақтни беҳуда ўтказишга сарфлаш мусулмон одамга тўғри келмайди. Шунинг учун бўлиб ўтган ишни қазои қадардан кўриб, келажакни ўйлаш, келажак учун ҳаракат қилиш керак. «Ўзингни четлаб ўтган нарса сенга етиши мумкин эмаслигини билмагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан». Сени бир яхшилик четлаб ўтса, аттанг қилиб: «Ундай қилмай, бундай қилганимда, бу яхшилик мени четлаб ўтмасмиди», деб юрма! Ёки «Бу иш фалончининг айби билан бўлди, агар ўшанинг айби бўлмаганда, бу яхшилик мени четлаб ўтмас эди», деб юрма! Ундай қилсанг, ҳеч қачон иймон ҳақиқати таъмини топа олмассан. «Бу яхшилик мени четлаб ўтиши керак экан, шундай бўлди, менга етиши мумкин эмаслиги учун етмади», десанггина иймон ҳақиқати таъмини топа олурсан! Чунки шундагина қазои қадарга чин иймон келтирган бўлурсан! Агар сени бир ёмонлик четлаб ўтган бўлса, «Усталик қилиб бу ёмонликдан четлаб қолдим», деб қувонма! «Фалончининг ёрдами бўлмаганда, ишим чатоқ эди», деб юрма. Бунда қазои қадарга шак келтирган бўласан! «Шу ёмонлик мени четлаб ўтиши керак эди, менга етиши керак эмас эди, шундай бўлди», дегин. Ана шунда иймон ҳақиқати таъмини топа оласан. Убода ибилан Сомит розияллоҳу анҳу ўғилларига қилган насиҳатлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан келиб чиққанини билдириш учун: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ аввал яратган нарса Қаламдир. У Зот унга: «Ёз», деди. «Эй Роббим, нимани ёзаман?» деди. «Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз», деди», деганларини эшитганман», деб гапларини давом эттирдилар. Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, бутун борлиқни яратишдан аввал Ўзи ҳамма нарсадан олдин яратган Қаламга айтиб, бу дунёда қиёмат қоимгача бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Бу нарсага ҳар бир мусулмон иймон келтириши керак. Ана шунда ўтган нарсага ноўрин муносабатда бўлиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнамайди, қазои қадар ақийдасига шак келтирмайди. Худди шу ақийдада яшаб, худди шу ақийдада ўлиш ҳар бир мусулмон учун ниҳоятда зарурдир. Чунки, бу ақийдадан четга чиққан одам залолатга кетган бўлади. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мана шундан бошқа(ақийда)да ўлса, мендан эмас», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари «Менинг йўлимда эмас», деганларидир. Бу эса жуда оғир гапдир. Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлидан бошқа йўлда бўлишдан Аллоҳ асрасин. Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз: 1. Отанинг боласига ақийда бўйича таълим бериши зарурлиги. 2. Иймон ҳақиқатининг таъми борлиги. 3. Мўмин-мусулмон одам ўзига етган нарса уни четлаб ўтиши мумкин эмаслигини билиши лозимлиги. 4. Мўмин-мусулмон одам ўзини четлаб ўтган нарса унга етиши мумкин эмаслигини билиши зарурлиги. 5. Билган одам гапини ҳадис билан тасдиқлаши яхшилиги. 6. Қаламга ва унинг Аллоҳ яратган биринчи нарса эканлигига иймон келтириш. 7. Ҳамма нарсанинг тақдири яратилишидан олдин ёзиб қўйилганлиги. 8. Қазои қадардан бошқа ақийда билан ўлган одам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида бўлмаслиги. Бу ҳадиснинг ҳикмати қазои қадар ақийдасидан кўзланган ҳикматнинг асосини ташкил қилади, десак муболаға бўлмайди. Бу эса инсоният учун жуда зарур нарсадир. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қазои қадар ақийдаси асосан бўлиб ўтган нарсага нисбатан ишлатилади. Бировга мусибат етади, бировнинг бошига оғир иш тушади, молида, жонида нуқсонга учрайди, яна биров кўзлаган яхшилигига эриша олмайди. Ана шунда афсус-надомат бошланади. Умидсизлик юзага чиқади. Нима учун шундай бўлди, деган савол пайдо бўлади. Бу мусибатларнинг сабабини ахтара бошлайди. Ўз фикрича, мусибатига сабабчи бўлганларга душманлик қилишни бошлайди. Ўзи руҳий-маънавий зарар кўргани етмагандек, бошқаларга зарар етказиш, ижтимоий алоқаларни бузиш ҳам бошланади. Қўйингки, ўтиб кетган иш учун, қайта тиклаб бўлмайдиган нарса учун, беҳудадан-беҳуда зарар кўриш бошланади. Қазои қадарга ишонган одам эса ушбу ҳадиси шарифга амал қилади-да, «Менга етган ушбу нарса мени четлаб ўтиб кетиши мумкин эмас эди, муқаррар иш бўлди. Қазои қадардаги бор нарсага беҳуда афсус-надомат чекиб ўтиришнинг ҳожати йўқ, энди ўзимга муяссар бўлган ишни қилишдан қолмай», дейди. Беҳудага асабини бузишдан, руҳий-маънавий эзилишдан, ақл-заковат, куч-қудрат сарфлашдан, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказишдан тийилади. Куч ва имкониятларини келажаги учун сарфлашга ўтади. Бу ҳолат фақат мусулмонларда бўлиши мумкин, холос. Франциялик олимлардан бири ўзининг мусулмон бўлишига сабаб бўлган ҳодиса ҳақидаги хотираларида, жумладан, қуйидагиларни айтади: «Илмий гуруҳ билан узоқ Жазоир қишлоқларидан бирида эдик. Бир куни қаттиқ шамол турди. Бош кўтариб, кўз очишнинг имкони бўлмай қолди. Ерлик аҳоли бутун имкониятларини ишга солиб, ўзларини, молу мулкларини қутқаришга ҳаракат қилар эди. Шамол эса борган сари кучаяр, йўлда нима тўғри келса, учириб кетар эди. Шамол бир неча кун давом этди. Зарар кўрмаган турар жой қолмади. Бирорта ҳайвон тирик қолганининг аломати ҳам йўқ эди. Дову дарахт, экин-тикин тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверарди. Умуман, ҳаётнинг асари қолмади. Биз ўзимизча: «Энди ерлик аҳоли бошқа жойга кўчиб кетса керак» деб ўйлар эдик. Шамол тўхтади. Аммо биз кутган нарсаларнинг бирортаси ҳам бўлмади. Ҳеч ким дод-вой солмади. Ҳеч ким бўлиб ўтган фалокатдан шикоят ҳам қилмади. Ҳамма ўз жойидан чиқиб, ҳеч нарса бўлмагандек, қолган-қутган нарсаларни тартибга солишни бошлади. Ҳеч ким кўрган зарарига афсус-надомат чекмас, фақат қолган нарсалардан фойдаланиб, ҳаётни аввалгидай давом эттириш пайидан бўлар эди. Бу оддий, саҳровий одамларнинг ўзларини тутишлари менга қаттиқ таъсир қилди. Сўраб-суриштириб, уларнинг қазои қадарга ишонишларини, ўша ақийдага биноан иш тутаётганларини билдим». Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб жойларида қазои қадар ақийдаси йўқлиги туфайли муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Турли-туман асабий касалликлар, тушкунлик ва умидсизликлар, ўз жонига қасд қилишлар ҳамда бошқа муаммолар шулар жумласидандир. Бунинг бирдан-бир сабаби бўлиб ўтган нарсани қазои қадар ақийдасига кўра тушунмасликдир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ақийдани ўз ўрнида ишлатмоқни билишимиз зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!