Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Ҳазрат мен ҳозирда чет элда мехмонхонада ишламоқдаман. Бу ерда мехмонларнинг юкини олиб бориб бериш вазифасида ишлайман. Ҳар бир сменада 3 киши ишлаймиз. Ойлигимиз унчалик катта эмас, лекин меҳмонлар берадиган чой чақа ҳисобига анча пул ишласа бўлади. Энди шу ерда бир савол чиқиб қолди, биз 3 кишидан 2 киши юкларни олиб бориб бериш, 1 киши бу икки кишини назорат қилиб, ишларни ташкиллаштириб туради ва бу 1 кишининг ойлиги бизникидан кўпроқ. Лекин бизга айтишаяптики, ҳар 2 киши тушган ҳамма чой чақани йиғиш керак ва смена охирида 3 кишига тенг бўлиниш керак. Лекин ҳеч ким бир бирига ишонмайди, яъни кимдир тушган пулни ҳаммасини берса, кимдир озгина беради. Шу билан пул 3 кишига тенг тақсимланади. Ва бу ҳолатда аниқ тушунмовчилик келиб чиқади. Шунинг учун ҳар ким ҳар куни тушган чой пулини фақат озгинасини беради ва тенг бўлинади. Мен шу ҳолатда нима қилсам тўғри бўлади: Тушган чой чақани ҳаммасини беришим керакми (Баъзида анча катта миқдорда ҳам пул тушиш мумкин)? Ёки бошқаларга ўхшаб фақат озгинасини бериб юраверишим керакми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
- Бу ўзаро келишув билан ҳал қилинса яхши бўлади. Ҳар ким ўзига берилганни ўзи олсин ёки ҳамма тушган пулни жамғармага яширмай топширсин.