Ассалому алайкум! Саволим номуносиб бўлсада, беришим керак. Бува ўз набирасини онасидан сўкса, яъни «онангни ...» деб айтса, нима бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Сўкингани учун гуноҳкор бўлади. Бу билан зино қилган бўлиб қолмайди, ҳурмати мусоҳарат ҳам собит бўлмайди.
Мусулмонни сўкиш фосиқликдир
Муҳаммад ибн Саъд ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонни сўкиш фосиқликдир», - дедилар».
Шарҳ: Ким бўлишидан қатъи назар, мўмин-мусулмон одамни сўкиб бўлмайди. Бу номаъқул иш шариат ҳукми бўйича фосиқлик ҳисобланади.
Фосиқлик – диннинг чегарасидан чиқишдир. Аслида араб тилида ерга кўмилган данак ёрилиб, ўсиб чиқса «фасақа» дейилади.
Худди шу каби шариат мўмин-мусулмонларни кўпгина аҳкомлар билан ўраб қўйган. Кимки шариатнинг мана шу чегарасидан чиқса, фосиқ бўлади.
Мусулмон кишини сўкиш анна шу фисқ ишлардан биридир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳаё гап гапирувчи ҳам, лаънатловчи ҳам эмас, ва сўконғич ҳам эмасдилар. Аччиқлари чиққанда «унга нима бўлди, пешонаси ерга ишқалсин», дер эдилар».
Шарҳ: Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон одам бу ҳадиси шарифдан ибрат олиб, бешарм, беҳаё гапларни гапирмаслиги, лаънат айтувчи бўлмаслиги, бировни сўкмаслиги, жуда жаҳли чиқса юқоридаги каби енгил сўз айтишга одатланиши керак экан.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган шахс беҳаё гапларни гапришни ўзига эп кўрмайди. У доимо ҳаёли бўлади ва ҳаёли гапларни гапириб ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган шахс бировни лаънатлашни ўзига эп кўрмайди. У доимо одобли бўлади ва одобли гапларни гапириб ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.
Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан бўлиш шарафига муяссар бўлган бировни сўкишни ўзига эп кўрмайди. У доимо гўзал муомалада бўлади ва ўз маданияти ила бошқаларга ўрнак бўлади.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир», - дедилар».
Шарҳ: Сўкиш ёмон нарсалигини билиб олдик, ундан ўтиб, уришиб кетиш бундан ҳам ёмон экан. Сўкиш фисқ бўлса, уришиш куфр экан, Аллоҳ Ўзи сақласин. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим.
Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Биров бировга туҳмат тошини отмасин, туҳмат қилмасин, уни кофир демасин. Агар соҳиби ўшандоқ бўлмаса, албатта, гапи ўзига қайтиб келади», деганларини, эшитдим».
Шарҳ: Бир киши бошқа бирини кофир деса, бироқ ҳақида бу сўзни айтилган киши мўмин-мусулмон бўлса, кофир бўлмаса, куфр уни кофир деган одамнинг ўзига қайтар экан.
Шунинг учун бировни кофир дейишдан ниҳоятда сақланиш керак. Бир киши мўмин-мусулмонман, деб, калимаи шаҳодатни айтиб, мусулмонларга тақозо бўлган ишларни қилиб турган бўлса, у кишини зоҳирдан мусулмон деб турилаверади.
Уни кофир дейилса, лекин у киши аслида кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлиб қолиш хавфи бор.
Шунинг учун зинҳор бировни кофир дейишга шошилмаслик керак, умуман бу сўзни айтмаслик керак. Шунда эминлик бўлади.
Агар мабодо бир киши куфр ишларни қилиб, куфр гапларни гапириб юрса, унинг кофир ёки кофир эмаслигини аниқлаб бериш учун маҳкамага тортилганда ҳам унинг юздан тўқсон тўққиз нарсаси куфрга тортиб турса, бироқ битта нарсаси иймонга тортса, уни мўмин деб ҳукм қилинади. Улуғ уламоларнинг айтган гапи шу.
Қилган ишларининг деярли ҳаммаси – 99 таси куфр. Биргина ишида иймон кўриняпти. Ана шунда «демак, унда иймон бор экан, иншааллоҳ» деб яхши умид қилиш керак экан. Ўша битта ҳам қолмаса, унда бошқа гап.
Шунинг учун куфр нисбатини бериш ниҳоятда оғир иш, ундан доим эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам!