Ассалому алайкум! 1 ҳафтача бўлди 80 ёшли дўдажонимиз оламдан ўттилар, уларнинг аёллари идда тутишлари керакми, жанозада 3 кун овқат қилинмасин деб этиб қолдилар, шу нарса тўғрими ёки бу ирим сиримларга кирадими, яна бир саволим қозон ости деган нарсалар ҳам бор экан булар ўзи динимизада борми ёки йўқ. Аёлларнинг бақир чақир қилиб еғлашлари тўғриси мени ҳайрон қолдирди. Илтимос динимизда қандай жаноза отиши керак, нималар қилиш керак? Шулар ҳақида тўллиқ тушунтириб берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! 1). Ҳа, идда кутади.
2). Тўғри. Мусийбатга учраганлар дафндан кейинги уч кун ичида бошқаларга таом қилиб беришлари макруҳдир.
3). Унинг моҳияти нима?
4). Бу иш жоиз эмас.
عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نِيحَ عَلَيْهِ يُعَذَّبُ بِمَا نِيحَ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳаққига йиғланган киши ҳаққига йиғланган нарса билан азобланади», дедилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳадиснинг зоҳиридан кўриниб турибдики, ўлган одамнинг орқасидан айтиб йиғлаш ўликка фойда бермас, аксинча, унинг азобланишига сабаб бўлар экан.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا أُصِيبَ عُمَرُ رَضِي اللهُ عَنْهُ جَعَلَ صُهَيْبٌ يَقُولُ: وَا أَخَاهُ، فَقَالَ عُمَرُ: أَمَا عَلِمْتَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْمَيِّتَ لَيُعَذَّبُ بِبُكَاءِ الْحَيِّ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِنَّ الْمَيِّتَ يُعَذَّبُ بِبَعْضِ بُكَاءِ أَهْلِهِ عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу мусибатга учраганида Суҳайб:
«Вой биродарим!» деб йиғлай бошлади. Шунда Умар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, маййит тирикнинг йиғиси ила азобланади», деганларини билмайсанми?» деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, маййит унга ўз аҳлининг баъзи йиғиси ила азобланади», деганлар.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳазрати Умарни Абдурраҳмон ибн Мулжам пичоқлаб ташлаганида, ўлим олдида ётганларида бўлиб ўтган бу ҳодисадан ҳам ўликнинг ўз аҳлининг баъзи йиғиси туфайли азобланиши тушунилади. Лекин кейинги ривоятда бу тушунчага қарши фикр олға сурилади.
عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ مَيِّتٍ يَمُوتُ فَيَقُومُ بَاكِيهِ فَيَقُولُ: وَا جَبَلَاهْ، وَا سَنَدَاهْ أَوْ نَحْوَ ذَلِكَ إِلَّا وُكِّلَ بِهِ مَلَكَانِ يَلْهَزَانِهِ أَهَكَذَا كُنْتَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қайси бир маййит ўлганидан кейин унинг йиғловчиси туриб, «Вой тоғим, вой суянчиғим», деса ёки шунга ўхшашларни айтса, албатта, унга икки фаришта вакил қилиниб, қулоғининг тагига уриб, «Шундай бўлган эдингми?!» дейдилар», дедилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Агар маййит ўзи васият қилган бўлса, шундай бўлади», дейдилар баъзи уламолар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!