Ассалому алайкум! 1). Мен тахта бозорида шогирд тушиб иш бошладим ва буерда тахтачилар бир бирларини танийди гохида бизнинг тахта магазинимизга тахтачилар узининг клиентларини олиб келишади агар уларда уша размердаги тахта булмаса, биз билан нархни келишади биз тахтачига сотамиз лекин у клиент билан кайси нархта келишганини билмеймиз, гохида клиентга айтмен дейдигонлари хам келади шунинг масаласи кандей? 2). Бизга тахта хархил апаратда кесилгани келади масалан ленточный апаратда З8мм кесган булса бизга 38мм дем езади унинг ичида 37- 39-40-41мм размерлар хам чикади ушанинг масаласи кандей? Кегин устозлар тахта вакт утгандан кегин курийди 1-2 мм ташейди масалаан 40мм келган булса З8 булиб колади куп жуйларда 40мм лик тахтез борми десан уша З8мм курсатишади ва куримаган тахталарда хам масалан тулик хаммаси бирхил размер булмайди ичида 1+- мм уйнайди шунинг масаласи кандей булади? З). Тахтанинг ичида камми купми браки болади уни олиб ташланади лекин каттик айби булмаси яхши тахталар билан аралашиб кетади масалан горбини булса ёки сал учи синган булса ва шунга ухшаганини бирга юклашовради чунки куп тахтачилар тахта хам бизга шундей келган агар ичидан хаммаси ажратиб олсак булмейди дейишади? 4) Тахта малум размерларда келади, масалан энига 75-90-110-140 булади бозорда 110 мм тахтани клиентлар 120мм борми деса уша 110мм курсатади мен буни сурасам бу бозорнинг размери экан чунки хамма бозорчи биладики ундака тахта ёк яни малум размерларда келади, агар биздан тулик 110мм чикадими деса биз тўғрисини айтамиз фарки борми тахтани ёки ёкми? 4.1)Кегин устазлар одамлар хам хархил булади кимдур тахтани сал айби булса ажратмайди кимдур ажратади уша ажратилган тахталарни аралаштириб юборамиз ёки устига териб куйамиз? 4.2) Устоги деган тахта хам бор у кози ёк тахта хамма размерларда булади уни ажратиб олиб кимматрок сотамиз, гохида куп колиб кетса уша устогини аралаштириб юборишади (жуйи бушасин деб агар янги тахта тушуриш керег булса) бошка размерларга масалан 32мм ни 34га шунинг масаласини хам кандей булади? 4.3) Бизда 6 метрлик тахта 6.20 метргача чикади ортиги билан гохида купрок синган булса кесиб ташлеймиз 5.95, 5.90 метр колади ушани аралаштириб юборамиз шунинг масаласи хам кандей?Устозлар узур сурайман жуда куп савол берган булсам Мен бир иш килсам шариатга мувофик булишини хохлайман топиляб турган пул халол булиши учун.
– Ва алайкум ассалом! 1). Биринчидан ўзиники бўлмаган молни сотиб бўлмайди. Иккинчида “даллоллик” билан одамларни чалғитиб уларга молни сунъий қиммат қилиб сотиб алдашда катта фарқ бор. Мол эгаси билан келишиб унга вакил бўлиб сотса жоиз. Лекин бунда хизматига яраша ҳақ олиш керак. Мол эгаси фақат молини сотилишини, “сайгак” фойда қилишни ўйлаб, харидорга ҳақиқатни баён қилмай алдашлари жоиз эмас. Харидорнинг мол эгаси билан ўзи мулоқот қилишга имкони бўлиш керак. “Сайгак”лар ўртага тиқилиб, харидорга ҳам мол эгасига ҳам ўзи шартларини қўйиб мажбурламасликлари керак. Бу ҳақида қуйидаги ҳадисларда шундай дейилади:
وَلأَصْحَابِ السُّنَنِ: لاَ يَحِلُّ سَلَفٌ وَبَيْعٌ وَلاَ شَرْطَانِ فِي بَيْعٍ وَلاَ رِبْحُ مَا لَمْ يُضْمَنُ وَلاَ بَيْعُ مَا لَيْسَ عِنْدَكَ
Сунан эгалари келтирган ривоятда:
«Қарз устига савдо ҳалол эмас, бир савдода икки шарт ҳам, зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам, ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам», дейилган».
Шарҳ: Ушбу ривоятда тўрт хил савдо ҳалол эмаслиги ҳақида сўз бормоқда:
1. «Қарз устига савдо».
Бунда бир одам иккинчисига бир нарсани қарзга беради. Кейин эса ўша нарсани устига нарх қўйиб, унга сотади. Бунда рибонинг шубҳаси борлигидан рухсат йўқ. Чунки Исломда қарздан фойда олиш мумкин эмас, рибохўрлик бўлади. Қарзнинг устига фойда қўйиб савдо қилинганда ҳам шундоқ бўлганидан ман қилинган.
2. «Бир савдода икки шарт» қўйиш ҳам ҳаром.
Мисол учун, сенга ушбу кийимни тикиш ва бўяш шарти ила сотдим, деб бўлмайди. Битта шарт бўлса, бўлади.
3. «Зомин бўлмаган нарсанинг фойдаси ҳам», ҳаром. Яъни, бир нарсани савдолашиб қўйиб, қўлига келмасдан бошқа одамга сотиб юбориши ҳам мумкин эмас. Чунки бу ўртада ҳеч нарса қилмай фойда кўрмоқда. Мол ҳали сотган одамнинг қўлида турибди, агар унга бирор нарса бўлса ҳам қўлида турган одам зомин бўлади. Савдолашиб қўйиб қўлига олмаган одам зомин бўлмайди.
Демак, бу ўртадаги одам фақат фойда кўриши мумкин, холос. Унинг зиммасига бирор масъулият тушмаяпти. У худди бировнинг нарсасини устига фойда қўйиб сотиб, даромад олган бўлади.
4. «Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотиш ҳам» ҳаром. Чунки аввал ҳам ўрганганимиздек, харидорга бериш имкони бўлмаган нарсани сотиш йўқ нарсани сотиш билан баробар.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لاَ تَلَقَّوُا الرُّكْبَانَ وَلاَ يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَإِنْ تَلَقَّاهُ إِنْسَانٌ فَابْتَاعَهُ فَصَاحِبُ السِّلْعَةِ فِيهَا بِالْخِيَارِ إِذَا وَرَدَ السُّوقَ. وَلِمُسْلِمٍ وَالتِّرْمِذِيِّ: لاَ يَبِعْ حَاضِرٌ لِبَادٍ دَعُوا النَّاسَ يَرْزُقِ اللهُ بَعْضَهُمْ مِنْ بَعْضٍ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар. Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда:
«Агар бир инсон унинг олдини тўсиб чиқиб, сотиб олса, савдо молининг эгаси бозорга келганда ихтиёри ўзида бўлади», дейилган.
Имом Муслим ва Имом Термизийнинг ривоятида:
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин. Одамларни тек қўйинглар. Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири баён этилмоқда. Бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Улов минганларнинг олдини тўсиб чиқманглар» деганлари, ташқаридан бозорга сотгани ўз маҳсулотларини олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар, деганларидир.
Жоҳилият даврида шундоқ қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари, биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик, деганлар.
Саҳрода, қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолисича устомон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада, у ҳам, бозорга келадиган оддий кишилар ҳам зарар кўрадилар.
Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотсаю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳақи бор.
«Ерлик одам саҳроликка сотиб бермасин».
Баъзи ривоятларда «даллоллик қилиб» дейилган. Шунинг учун ҳам уламоларимиз ерликнинг саҳроликнинг молини сотиб бериши даллоллик қилмаслик ила бўлса жоиз, дейилган.
Чунки ерлик даллоллик қилганда ўзи фойдасини кўзлаб қимматроқ сотишга ҳаракат қилади ва кўпчилик саҳроликнинг ўзи сотган пайтдаги арзон нархга ололмайди. Шунинг учун ҳам бозорнинг нархини сунъий равишда ўстирмай, табиий ҳолига қўйиб бериш керак.
Шариат доирасида ҳаром-хариш аралашмай, ўзаро рози бўлган ҳолда тижорат юравериши керак. Бу қоидани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг:
«Одамларни тек қўйинглар! Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан ризқлантираверсин», деган гаплари билан ифода этганлар. Бошқача қилиб айтганда, эркин савдо бўлсин, дейилгандир.
Ушбу қоидада Ислом шариатида кўпчиликнинг фойдасини кўзлаб иш тутиш очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улов минганнинг олдини тўсиб чиқиш ман қилинганда иш бир киши билан битар эди. Шунинг учун содда одамни устомон алдамасин, деган асосда иш кўрилди. Яъни, битта устомон содда деҳқонни алдаб, арзон нархга молини сотиб олмасин, дейилди. Шу билан бирга, ўша устомон молни олиб келиб сотганда содда деҳқондан кўра қимматга сотиши ва орага воситачи кириб нарх ўсишига сабаб бўлиши ҳам назарда тутилган.
Ҳозир ҳам бундай ишларнинг содир бўлиши нарх-навонинг ўсишига сабаб бўлмоқда. Маҳсулот етиштирувчи билан харидор орасида воситачи қанча кўпайса, нарх шунча ўсади. Баъзи жойларда ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини бевосита сотиши ман қилиб қўйилган. Натижада нарх-навони режали равишда кўтариш юз беради. Оддий фуқаро зарар кўради. Унинг пешона тери билан топган пулини ҳеч бир меҳнат қилмай оладиганлар кўпаяди.
Иккинчи ҳолатда иш саҳроликнинг зарарига кетаётганга ўхшайди. Чунки агар ерлик одам унга сотиб берса, у ўзи сотгандан кўра кўп фойда олиши мумкин эди. Аммо бу ҳолда кўпчилик, ундан келиб нарса сотиб оладиганлар манфаати эътиборга олинган. Бунда ҳам воситачилар меҳнат қилмай нарх-навони сунъий равишда юқори ушлаб туришларига йўл қўймаслик учун шундоқ қилинган. Ҳар бир бозорда шунга ўхшаш тамагирлар бўлади. Улар ўз фойдаларини кўпчилик ҳисобидан топадилар. Ислом шариатида бу нарсага рухсат берилмаган. (“Ҳасъдис ва ҳаёт” қитобидан).
2). Қолган барча саволларингизга умумий жавоб шуки, товарнинг реал ўлчови қандай бўлса ўшани айтиб сотиш шарт. Агар бир хил қилиб саралаш ўта мушкул бўлса молнинг қанча қисми қанча мм фарқ қилиши мумкинлигини айтиб, харидорни рози қилиб сотиш шарт. Синиқни бутунларни орасига беркитиб сотиш ёлғонлиги ҳаммага маълум.
وَمَرَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِرَجُلٍ يَبِيعُ طَعَامًا فَسَأَلَهُ كَيْفَ تَبِيعُ؟ فَأَخْبَرَهُ، فَأُوحِيَ إِلَيْهِ أَنْ أَدْخِلْ يَدَكَ فِيهِ فَأَدْخَلَ يَدَهُ فَإِذَا هُوَ مَبْلُولٌ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَيْسَ مِنَّا مَنْ غَشَّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُمَا: فَقَالَ: مَا هَذَا يَا صَاحِبَ الطَّعَامِ؟ قَالَ: أَصَابَتْهُ السَّمَاءُ يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: أَفَلَا جَعَلْتَهُ فَوْقَ الطَّعَامِ كَيْ يَرَاهُ النَّاسُ، ثُمَّ قَالَ: مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: «Қандай сотяпсан?» деб сўрадилар. У хабар берди. Шунда у зотга «Қўлингни у(таом)нинг ичига тиқ», деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини тиқсалар, ҳўл экан. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким алдаса, биздан эмасдир», дедилар».
Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Муслим ва Термизийнинг лафзида:
«У зот:
«Эй таом эгаси! Бу нима?!» дедилар.
«Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули», деди.
«Одамлар кўришлари учун буни таомнинг устига қилсанг бўлмасмиди! Ким алдаса, мендан эмас!» дедилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга ёмғир тегса, шишиб, оғир бўлиб қолади. Шунинг учун сотувчи ўлчовда фойда кўради. Иккинчидан, сув теккан буғдойни сақлаш қийин бўлади. Шунинг учун унинг айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.
Ушбу ҳадисдан савдо-сотиқ бўйича бир қанча фойдалар олинади:
1. Ислом динининг савдо-сотиқ, иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга эканлиги.
2. Масъул кишилар савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ боришини кузатиб туришлари лозимлиги. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўрашлари ва қўлларини солиб, текшириб кўришлари шуни кўрсатади.
3. Савдо молида айб бўлса, уни харидорга айтиш ёки кўрсатиш лозимлиги. Айбини кўриб туриб, олса, ўзининг иши.
4. Савдодаги алдамчилик қилиш савдогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мендан эмас» деганлари «Менинг динимда эмас», деганларидир.
Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик.
Савдонинг қайси тури бўлса, ҳаммасида харидорни яхшилаб алдаш услуби ишлаб чиқилган. Нима қилиб бўлса ҳам харидорни алдаб, молни ўтказиб олишдан бошқа ташвиш йўқ.
Яхши, сифатли молни кўргазмага қўйиб, ёмонини тортиб ёки ўлчаб бериш – энг осон услуб.
Аввалгиларга ўхшаб, ёмғир тегиб қолганди, дейиш йўқ. Зироат маҳсулотини бозорга узиб ёки териб олишдан олдин, албатта, томиридан тўйиб ичиб олганича сув қўйилади. Маҳсулот тарози босадиган бўлгандан кейин бозорга олиб чиқилади. Албатта, уни еган одамни дард босади.
Бозорда шеригининг ширин анорини сўйиб, кўргазмага қўйиб, ўзининг аччиқ анорини пуллайдиганлар ҳам йўқ эмас.
Қўйингки, инсон боласининг ақлига сиғмайдиган нарсалар, ҳийла-найранглар бозорда учрайди. Ушбу нарсаларни касб қилиб олган алдамчиларнинг ўзини мусулмонман, деб аташга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, дейишга ҳақлари бормикан?!
Аллоҳ таолодан қўрқиш керак. Алдамчиликни ташлаш керак. Алдамчилик билан топилган мол-дунё ҳаром бўлади. Эгасига юқмайди. Бошига битган бало бўлади. Қиёматда ҳам шарманда қилади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!