Ассалому алайкум! 5 тоннали ховузимизда 3 тонна ичимлик сув бор эди, аммо калтакесак тушиб 7,8 кун қолиб кетди аммо ёрилиб кетмаганди. Кейин кичик илон тушибди илонни чиқаролмай ховуз ичида бошидан уриб чиқар олдик. Энди бу сув нажас бўлдими, уни кир ёки ювин чайинга ишлатса бўладими ёки мумкинмасми?
– Ва алайкум ассалом! Сув нажас бўлмаган. “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
Агар унга нажас аралашган бўлса, у оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб, ҳовучлаб олганда ери очилиб қолмайдиган бўлса, у нажас бўлмайди.
Бу жумладаги «ўнга ўн» ибораси сув сақланадиган ҳовузнинг ҳажмини билдириш учун айтилган. Яъни сув сақланадиган ҳовузнинг кенглиги ўн аршинга ўн аршин, эни ҳам, бўйи ҳам ўн аршиндан бўлса ва ундан ҳовучлаб сув олганда тагидаги ер очилиб қолмайдиган даражада чуқур бўлса, унинг бир тарафига нажас тушганда бошқа тарафидан таҳорат қилаверса бўлади, чунки бу ҳажмдаги ҳовузлар оқар сувнинг ҳукмида бўлади. Бунда ҳовузнинг сатҳи юз газ бўлса бўлди. Ҳовуз хоҳ доира шаклида бўлсин, хоҳ учбурчак шаклида бўлсин ёки эни тор, бўйи узун шаклда бўлсин, фарқи йўқ.
Ҳанафий мазҳаби уламолари, нажас нарса тегиши билан ёки тушиши билан нопок бўлиб қолмайдиган энг оз сув миқдори – эни ўн аршин, бўйи ўн аршинли ҳовузнинг сувига тенг, деганлар.
«Аршин» деганда ўртача одамнинг бармоқлари учидан тирсагигача бўлган узунлик тушунилади, бу 61,2 см.га тенг. Демак, эни ва бўйи 6 метру 12 см.дан бўлган ҳовузнинг суви ҳанафий мазҳаби бўйича, нажас нарса тушса, нопок бўлмайдиган энг оз сув ҳисобланар экан.
عَنْ رَاشِدِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَاءُ لَا يُنَجِّسِهُ شَيْءٌ إِلَّا مَا غَلَبَ عَلَى لَوْنِهِ أَوْ طَعْمِهِ أَوْ رِيحِهِ . رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ
Рошид ибн Саъддан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди. Илло, унинг рангига, таъмига ва ҳидига ғолиб келган нарсагина қилади», дедилар».
Тоҳавий ривоят қилган.
Лекин ундай (оқар сув ёки ўнга ўн бўлиб ҳовучлаб сув олинганда ери очилиб қолмайдиган) бўлмаса, нажас тушган сув ҳам нажасга айланади.
Демак, мазкур ҳажмдан кичик бўлган ҳовузга нажас тушса, ундаги сув ҳам нажасга айланади. Валлоҳу аълам!