Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Махр

11:55 / 14.12.2023 | Olimjon | 1429

Ассалому алайкум! Ҳозирда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в нинг суннатларига мувофиқ оила қуриш учун тайёргарлик кўрмоқдаман. Учрашувда (совчиликда) қизнинг ҳоҳиш истагига биноан ўзи истаган маҳрни олиб беришни истайман онам, ўзи маҳр олишни мен аралашмаслигимни, қиз ўзи истаган нарсани (маҳрга)олишга ҳақли эмаслигини таъкидламоқдалар, бунга сабаб бозордаги тилла сотувчилар белгилаб берган нарсани берса бўлишлигини бод бод таъкидладилар, маҳр нима эканлигини билмайсан демоқдалар, ислом динига мувофиқ, устозлар ёзган маҳр ҳақидаги бирон бир китобга ишонмайди онам (маҳр) ҳақидаги исбот далилларга нима қилай мен ўзи маҳр олмаганини рўкач қилади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Маҳр никоҳ ақди туфайли эр аёлга бериши шарт бўлган молдир. У айнан эрнинг зиммасига тушади, онанинг эмас. Қуйида ушбу ҳукм далиллари билан батафсил ёритилган.

МАҲР ВА УНИНГ ҲУКМЛАРИ

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр‑хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

 وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَة

«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4‑оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ.... رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:
«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмў қилганлар.

Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.

Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», – дедилар».
Дора Қутний ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.
Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эр‑хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.
Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.
Бу ҳукм Қуръони Каримда келган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

إِن طَلَّقْتُمُوهُنَّ مِن قَبْلِ أَن تَمَسُّوهُنَّ وَقَدْ فَرَضْتُمْ لَهُنَّ فَرِيضَةً فَنِصْفُ مَا فَرَضْتُمْ إَلاَّ أَن يَعْفُونَ أَوْ يَعْفُوَ الَّذِي بِيَدِهِ عُقْدَةُ النِّكَاحِ

«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237‑оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони Каримда келган.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай дея марҳамат қилади:

لاَّ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن طَلَّقْتُمُ النِّسَاء مَا لَمْ تَمَسُّوهُنُّ أَوْ تَفْرِضُواْ لَهُنَّ فَرِيضَةً وَمَتِّعُوهُنَّ عَلَى الْمُوسِعِ قَدَرُهُ وَعَلَى الْمُقْتِرِ قَدْرُهُ مَتَاعًا بِالْمَعْرُوفِ حَقًّا عَلَى الْمُحْسِنِين

«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236‑оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.

سُئِلَ ابْنُ مَسْعُودٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنْ رَجُلٍ تَزَوَّجَ امْرَأَةً وَلَمْ يَفْرِضْ لَهَا صَدَاقًا وَلَمْ يَدْخُلْ بِهَا حَتَّى مَاتَ، فَقَالَ: لَهَا مِثْلُ صَدَاقِ نِسَائِهَا لَا وَكْسَ وَلَا شَطَطَ، وَلَهَا الْمِيرَاثُ وَعَلَيْهَا الْعِدَّةُ، فَقَامَ مَعْقِلُ بْنُ سِنَانٍ الْأَشْجَعِيُّ فَقَالَ: قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَرْوَعَ بِنْتِ وَاشِقٍ مِثْلَ الَّذي قَضَيْتَ، فَفَرِحَ ابْنُ مَسْعُودٍ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.
Шунда у киши:
«У аёлга ўз аёллари маҳри мислича маҳр берилади. Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Унга мерос ҳам берилади. Унга идда ўтириш вожиб бўлади», дедилар.
Шунда Маъқил ибн Синон ал-Ашжаъий туриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барваъа бинту Вошиқ ҳақида сен чиқарган ҳукмга ўхшаш ҳукм чиқарган эдилар» деди.
Ибн Масъуд бундан хурсанд бўлди».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафий қилиб, мол бўла олмайдиган нарса ила, жинси ёки сифати номаълум нарса ила қилинган никоҳ дурустдир.
Бу жумлада маҳрга боғлиқ беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда:
1. Маҳрни зикр қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳнинг жорий бўлавериши. Чунки никоҳга амр қилинган оятда маҳр зикр қилинмаган.
2. Маҳрни нафий қилиб, яъни «орада маҳр йўқ», дея келишилган никоҳнинг собит бўлиши.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади:

لاَّ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن طَلَّقْتُمُ النِّسَاء مَا لَمْ تَمَسُّوهُنُّ أَوْ تَفْرِضُواْ لَهُنَّ فَرِيضَة

«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ» (236‑оят).
Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлганидан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади. Чунки талоқ фақат саҳиҳ никоҳгагина тушади.
3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб, маҳрга хамр ёки чўчқа бераман, деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани атаганлари учун, бу – худди ҳеч нарса атамаган билан баробар бўлади.
4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ бераман», деди. Қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги номаълум. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш, бўлаверади.
5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Маҳрга сигир бераман», деди-ю, қай сифатдаги сигир беришини айтмади.
Аммо, бундай никоҳлар бўлаверади, дейиш эр маҳр бермай кетаверади, дегани эмас. Балки, никоҳ боғланади, ундан кейинги муносабатлар зино бўлмайди, деганидир. Никоҳ ақди дуруст бўлаверади, аммо аёлнинг маҳр ҳаққи поймол бўлмайди, эрга маҳр бериш фарзлиги ўз ўрнида тураверади. Бу ҳолатларда, аввал айтиб ўтилганидек, ўша нарсаларнинг ўртачаси ёки қиймати миқдоридаги «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ихтиёрида. Келин унинг берганини олишга мажбур.
Агар эр аёлини юртидан чиқармаслик шарти билан мингни атаб, никоҳлаб олган бўлса ёки никоҳда «муқим турса, минг берасан, олиб чиқсанг, икки минг» деб шарт қўйилган бўлса, у ҳолда эр айтганига вафо қилса ёки муқим турса, аёлига мингни бериш вожиб бўлади. Акс ҳолда «маҳри мисл»ни беради. Бу эса, икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.
Агар бокираликни шарт қилган бўлса-ю, жувон чиқиб қолса ҳам, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади. Чунки қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.
Фосид никоҳда, агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб, аталгандан зиёда бўлмаган «маҳри мисл» вожиб бўлади, насаб собит бўлади.
Фосид никоҳга опа‑сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бошқанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланиш кабилар киради.
Келинга бериладиган «маҳри мисл» унинг ота қавми эътиборидан ёшига, жамолига, молига, ақлига, диёнатига, юртига, замонига, бокиралиги ёки жувонлигига қараб бўлади. Шунингдек, келиннинг одоб ва ахлоқига қараб бўлади.
«Маҳри мисл»ни белгилашда мазкур омилларни ҳисобга олиб, келиннинг маҳри унинг ота юртидаги ўзига энг ўхшаш келинга бериладиган маҳр миқдорида бўлади. Агар уларда – ота тараф қариндошларда бўлмаса, бегоналардан олинади. Яъни «маҳри мисл»и аниқланиши лозим бўлган келинга ўхшаш келин унинг отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас, бегоналардан излаб топилади. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.
Бир келинга бериладиган «маҳри мисл»ни аниқлашда унинг қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши тайинланади.
Маҳрни бериш муддати (эрта ёки кеч берилиши) ана шу тайинланган кишилар тарафидан белгиланган бўлса, ўшандоқ бўлади, агар улар тайин қилмаган бўлсалар, урфдагига қараб бўлади.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва «маҳри муъажжал» – «эрта маҳр» деб аталади. Кейингиси кейин берилади ва «маҳри муажжал» – «кечиктирилган маҳр» деб аталади.
Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида эрта маҳр қанча ва қачон берилишини, кеч маҳр қанча ва қачон берилишини келишиб олган бўлсалар, ўша келишувга биноан иш тутадилар.
Ақди никоҳ пайтида бундай келишув бўлмаган бўлса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни ўша аёлга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланган бўлсалар, ўша тарзда берилади.
Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзининг сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам, жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди.
Яъни, маҳрини ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр: «Хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман», дейишга ҳақли эмас.
Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли. Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан ман қилишга ҳақли бўлмайди.
Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса, бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар «Эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр хотиннинг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми?» деган масалада турли гапларни айтганлар. «Олиб кетиши мумкин эмас», деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олганлар. «Олиб кетиши мумкин», деганлар Аллоҳ таолонинг «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг», деган қавлини далил қилиб келтирганлар. Мана шуниси тўғри.
Агар эр унга бир нарса юборган бўлса-ю, хотин уни «ҳадя» деса, эр «маҳр» деса, эрнинг гапи қабул бўлади. Илло, емоқ учун тайёрланган нарсада унинг гапи қабул қилинмайди.

МАҲР ҲАҚИДА МУЛОҲАЗА

Аллоҳ таолонинг эрларга никоҳда маҳр беришни фарз қилгани ва аёлларга маҳр олишни ҳақ қилгани бежиз эмас. Бу амалнинг тўрт оят ва бир неча ҳадислар билан шариатга киритилиши ҳам унинг аҳамияти қанчалик катта эканини кўрсатади. Барча нарсаларни ҳикмат билан қиладиган Зот – Аллоҳ таолонинг бу иши ҳам, албатта, беҳикмат эмас.
Аллоҳ азза ва жалла маҳрни аёл-қизларнинг қадрларини ошириш, уларнинг ўз ота‑оналари, туғилиб ўсган оилаларини ташлаб, ёлғиз ўзи бошқа тарафга бориб, янги оила қуришга кўрсатган жасоратларини тақдирлаб жорий қилган. Ўзига турмуш йўлдоши бўлаётган шахсдан, ҳали бирга бўлмасдан туриб, маълум миқдорда мулкни қабул қилиб олган келинда ўзига бўлган эҳтиром туйғулари жўш уради. Ҳам келинда, ҳам унинг яқинларида куёвга нисбатан ишонч кучаяди. Келажакда келиннинг молиявий таъминоти ўз жойида бўлишига никоҳда кўзлари етади. Шу боисдан ҳам, куёв тарафдан ҳимматсизликка йўл қўйилмасли ги учун маҳрнинг ози белгилаб қўйилган. Ўта оз маҳр ила келиннинг иззат нафсига тегмаслик учун ўн дирҳамдан оз маҳр бўлмаслиги шариатда таъкидланган.
Шу билан бирга, маҳр бераётган эр ҳам ўзининг эрлигини, оиланинг оғирлигини зиммасига олиши лозимлигини, келинга меҳр-мурувват кўрсатиши кераклигини, оила қуриш ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса эмаслигини англаб етади. Аслини олганда, келинга маҳр бериш орқали куёвга – бўлажак оила раҳбарига ўзининг яхши ниятини, оиласи ва аёлига молу дунё сарфлашдаги ҳимматини намойиш қилишга йўл очилади. Шунинг учун ҳам маҳрнинг кўпи чегараланмаган ва уни чегаралашга бировнинг ҳаққи ҳам йўқ бўлган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:

 وَآتَيْتُمْ إِحْدَاهُنَّ قِنطَارًا فَلاَ تَأْخُذُواْ مِنْهُ شَيْئًا

«Ва уларнинг бирига беҳисоб маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг!» (20‑оят).
Фақиҳлар худди шу ояти каримани далил қилиб, маҳрга ҳар қанча кўп мол берса бўлади, дейдилар.
Уламоларимиз бу мавзуда сўз кетганда ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг машҳур қиссаларини эслатадилар.
Ҳофиз Абу Яъло Шаъбийдан, у киши Масруқдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларига чиқиб:
«Эй одамлар! Аёлларнинг маҳрини жуда ошириб юбордингиз-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари тўрт юз дирҳамдан оширмас эдилар. Ундан ҳам оз бўлар эди. Агар маҳрни зиёда қилиш Аллоҳга тақво ёки карамли иш бўлганида, улардан ўтиб кета олмас эдингиз. Ҳеч кимнинг бир аёлнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилганини билмайин!» – деди-да, минбардан тушди. Қурайшлик бир аёл унинг йўлига кўндаланг чиқиб:
«Эй мўминларнинг амири, одамларни аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилишдан қайтардингми?» – деди. Умар:
«Ҳа», – деди. Аёл:
«Аллоҳ Қуръонда туширган ҳукмни эшитмаганмидинг?!» – деди. Умар:
«У қандай ҳукм экан?» – деб сўради. Шунда аёл:
«Аллоҳнинг: «...ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам..» деган оятини эшитмаганмисан?!» – деди. Умар:
«Роббим, Ўзинг кечир! Одамлар Умардан кўра фақиҳроқдирлар», – деди-да, қайтиб бориб, яна минбарга чиқди ва:
«Эй одамлар, мен сизларга аёлларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан ортиқ қилмасликка амр қилган эдим. Энди ким ўз молидан қанча хоҳласа, бераверсин. Умар хато қилди, аёл тўғри айтди», – деди».
Уйланаётган вақтида озми, кўпми маҳрини бериб қўйиб, ажрашаётганда уни қайтариб олишга уриниш мусулмон инсонга ҳеч тўғри келмайдиган иш. Ушбу оятда бу ишни очиқ ман этиш билан бирга, унинг ҳикмати ҳам баён қилиниб, эркаклар виждонида нозик ҳиссиётлар қўзғатилмоқда. Қуръоний таъбирга эътибор беринг-а, қандай ҳам ҳассос, қандай ҳам таъсирли!
«Ва қандай ҳам олурсиз?! Ахир, бир-бирингизга қовушдингиз ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» (21‑оят).
Никоҳ туфайли эр‑хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис-туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту саодатлари – барча-барча нарса қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳ таолонинг исми ила ва унинг Расулининг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир. Ана ўша қудсият ҳурмати, бирга ўтказган ҳаёт ҳурмати, қовушиб кетган нарсалар ҳурмати, ажрашганда ҳам яхшилик билан ажралмоқ керак. Бир вақтлар рози бўлиб берган маҳрни ўзи билан бир ёстиққа бош қўйиб яшаган аёлдан қайтариб олишга уриниш мусулмон одамга, қолаверса, эркак зотига ҳеч ярашмайди.
Ояти каримада келган: «...улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» жумласидаги «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён Саврий: «Яхшилик билан тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», – деганлар.
Рабиъ ибн Анас эса: «Бу, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз» деган ҳадисларидан иборатдир», – деган.
Демак, маҳр, аввало, никоҳнинг ҳурмати, қолаверса, эркакларнинг аёлларга берган мустаҳкам аҳду паймонлари белгисидир.
Шунинг учун ҳам бу ишга алоҳида эътибор бериш керак. Маҳр масаласида шариат кўрсатмасига амал қилмаслик, унда ҳаддан ошиш ёки унга нисбатан бепарво бўлиш яхши оқибатга олиб бормаслигини тажриба кўрсатган.
Бир вақтлар одамлар маҳрни «қалин» деб атаб олиб, қизлари учун катта миқдорда молу дунё талаб қилишган. Ўзлари талаб қилган миқдордан кам молга кўнмаганлар. Бечора қизларнинг бунга дахли ҳам бўлмаган. Уларнинг қўлига бу нарсадан ҳеч қандай улуш берилмаган.
Шариатнинг маҳр борасидаги кўрсатмасини бузиб, ҳаддан ошиш оқибатида оила қуриш кўпчилик учун оғир машаққатга айланган. Вояга етган йигит-қизларнинг оила қуришлари қийинлашган. Жамиятда қари қиз ва қари йигитларнинг сони ортиб бораверган. Бунинг оқибатида жамиятлар ҳам, якка шахслар ҳам зарар кўрган.
Ўша вақтдаги бу нохуш ҳолатни ёқтирмаганлар «қизини сигирни сотгандек сотмоқчи бўляпти» деган ибораларни ишлатишган. Ушбу ношаръий ҳолатни муолажа қилмоқчи бўлган уламолар «Маҳрнинг ози яхши» шиори остида маърузалар қилганлар, тушунтиришлар олиб борганлар ва бошқа чоралар кўрилган.
Ҳозирга келиб, юқоридагига тескари ҳолат вужудга келди. Одамларнинг кўпчилиги маҳрни билмайди ёки унга аҳамият бермайди. Билгани, аҳамият бергани ҳам бу ишга охирги ўриндаги ишлар каби назарда бўлади. Имом домла ярим соат маҳрнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилиб бўлганидан кейин бўлғуси куёвдан: «Келиннинг маҳрига нима атайсиз», деб сўраса, «Узук», деган жавобни эшитади. Баъзида бизларга бошқа миллатлардан мерос бўлиб ўтган ўша «узук»нинг қиммати энг оз маҳрнинг миқдоридан ҳам кам бўлади. Ҳатто, баъзи тушунмаган шахсларда «маҳр» дегани никоҳ узуги бўлса керак» деган тасаввур пайдо бўлган бўлса, ажаб эмас. Келинлар эса маҳр сўраш Аллоҳ таоло берган шаръий ҳақлари эканини тушунмайдилар. Тушунсалар ҳам, сўраш улар учун беодобликка ўхшаб туюлади. Онда-сонда маҳр сўраганларидан эса куёв тараф хафа ҳам бўлади.
Шариатнинг маҳр борасидаги кўрсатмасини бузиб, фарз бўлган бу муҳим нарсага бепарво бўлиш оқибатида кўпгина муаммолар пайдо бўлмоқда. Энг ёмони, эр тарафнинг оиланинг молиявий оғирлигини кўтариш ва бошқа жавобгарликлар борасидаги масъулият ҳисси йўқолмоқда. Нари борса, бир дона никоҳ узугини бериб, бировнинг 17–20 йил боқиб, катта қилган гулдек қизини хотин қилиб олган шахс бўлган-бўлмаган нарса учун уни ҳайдаб, янги уйланиш пайидан бўлмоқда. «Жазоси бир дона никоҳ узугида», дейдиганлар йўқ эмас.
Оқибатда, битта-иккита боласи билан талоқ қилинган ёш аёл отасиникига қайтиб боришга мажбур бўлмоқда. У ерда эса, яна янги муаммолар пайдо бўлиши турган гап. Агар ўша ноинсоф эркак тузукроқ маҳр бериб уйланганида эди, яна қайта уйланиш учун етарли миқдорда маҳр бериш кераклигини ҳис қилганида эди, талоқ қилишдан олдин ўйлаб кўрар, ҳисоб-китоб қилар, натижада ўзини тийиб олар эди.
Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, ватанимизнинг аввалги фақиҳлари никоҳ қилишаётганда бировдан сўрамай-нетмай, куёвга қарата: «Маҳрига бир уй, бир даҳлиз, олдида айвони билан ва бир сигир бузоғи билан бериш шарти ила Фалончини тан маҳрамликка қабул қилдингизми?» дейишга ўтишган. Улар ўз вақтларидаги шароитни яхши ўрганишган, мабодо аёл киши талоқ қилинадиган бўлса, кўчада қолишининг, тирикчилик ўтказа олмайдиган даражага тушиб қолишининг олдини олишган. Мана шу омил эркакларни ҳам жиловлаб турган. Улар хотинларини талоқ қилишдан олдин хотинининг маҳрига аталган нарсалар – олдида айвони билан бир уй, бир даҳлизни ва бузоғи билан бир сигирнинг ҳисобини қилишган.
 Биз ҳам бу масалани, бизнинг динимиз барча нарсада мўътадил дин эканини ҳисобга олиб, маҳрнинг ҳам мўътадил равишда жорий бўлишини ўйлаб кўрмоғимиз зарур. Шариатда маҳрнинг энг ози қанча экани кўрсатилгани билан бирга, кўпининг чегараси йўқлиги ҳам маълум. Аммо келин тарафга маҳрнинг ози яхшилигини уқтириш билан бирга, куёв тарафга ҳимматни баланд қилиш айтилади. Ҳеч ким, ҳеч қачон келинга «Маҳр сўрасанг, уят бўлади», демаган. Шунингдек, куёвга ««Никоҳ узуги»дан ортиқча маҳр берсанг, гуноҳкор бўласан», дейилган ҳам эмас. ("Бахтиёр оила" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat