Ассаламу алайкум! Ҳурматли устозлар. Сувда сузиш, улоқ миниш, камондан ўқ узиш каби амаллар мўмин инсон учун суннат амаллари эканлиги ростми? Умуман суннат ва фарз амаллари ҳақида кенгроқ маълумот билишни истардим. Саволим ножоиз бўлса узр.
Ва алайкум ассалом! Имом Бухорий ва имом Аҳмад Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақасини ўтказаётан асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва:
«Эй Бани Исмоиллар! Отинглар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар:
«Сиз улар билан бўлсангиз, қандай ҳам отар эдик?!» дейишди. Шунда у зот:
«Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!» дедилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот:
«Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни ўргатинглар», деганлар.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ёзишни, сузишни ва отишни ўргатиш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидир», дейилган.
Ушбу ривоятларда келган маънолар яхши, албатта. Аммо ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳеч нарса ҳаракатсиз бўлмайди. Ўйлаб кўринг-а, бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалик ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жо¬йига бориб, икки ракъат намоз ўқигунича одамнинг бирорта бўғини қолмай, ҳаракатга келади.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)
Фарз.
Шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир.
Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:
Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.
Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилишни мисол келтириш мумкин.
Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги мисол бўлади.
Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.
Суннат.
Шариат жазм этмасдан талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади.
Қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм бунинг мисолидир.
Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк этган одам иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.
Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар.
Ҳанафийлар эса суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар.
Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда шарт бўлмаган, аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва баъзан узрсиз тарк қилганлар.
Мандуб ёки мустаҳаб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилмаган амаллардир.
Ҳанафийлар Суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:
1. Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар.
2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.
3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ейиш-ичишлари, кийинишлари, юриш-туришлари, ухлашларига эргашишга ўхшаш ишлар. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам.