Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Шу хусусда ҳадис борми?

13:34 / 27.10.2015 | ABDUTOLIBI | 2296

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, куёв билан қайнота, куёв билан аёлининг ака-укалари уришиб қолсалар, уларни яраштириб қўйиш учун қандай тадбир кўриш ва нималар дейиш керак? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шу ҳақида бирор ҳадис ворид бўлганми? Илтимос маслаҳат берсангизлар. Жавобларингизни кутиб қоламан. Олдиндан ташаккур.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Нисо” сураси 35-оятида марҳамат қилади :
35. Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир.
Бу ояти каримада келишмовчилик ҳам эр, ҳам хотин томонидан чиққан пайтда кўриладиган чора ҳақида гап кетмоқда. Бу ҳолатда оиланинг сирини ташқарига чиқармасдан ҳал этишнинг иложи қолмаган бўлади. Энди бошқалар аралашиб бўлса ҳам, оилани сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.
«Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, у(эр)нинг аҳлидан бир ҳакам ва бу(хотин)нинг аҳлидан бир ҳакам юборинг».
Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади. Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир. Шунинг учун ҳам ояти каримада
«Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ у(эр-хотин)ларнинг орасини мувофиқлаштирур», деб, ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмоқда. Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга фақат яраштириш ислоҳ ҳуқуқи берилган», – дейдилар. Бошқалари эса «Ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйишга ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади», – дейдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон Зиннурайни вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб, иш юритилганлиги тафсир китобларимизда нақл қилинади:
«Ақийл ибн Абу Толиб Фотима бинти Утба ибн Робиъага уйланган эди. Аёл:
«Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», – деган эди. Эри кўчадан келса, «Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъалар қаерда?» – деб сўрарди. Бир куни эри:
«Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўладилар», – деб жавоб қилди. Хотин кийимларини кийиб, халифа ҳазрати Усмоннинг ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди. Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб, ҳакам этиб тайинладилар ва уларга:
«Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», – дедилар».
Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлари ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола.
«Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта хабардордир».("Тафсири Ҳилол" китобидан).

Ушбу ояти каримада иложи қолмай ўртага одам тушиши керак бўлса, икки томондан биттадан ҳакам олиб, ислоҳ қилишга буйруқ бордир. Икки ҳакамнинг нияти қайси томонга бўлса ҳам ислоҳ қилиш бўлиш шарт. Шунда Аллоҳ икки томоннинг ўртасини мувофиқ қилишни ваъда қилмоқда. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat