Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сура ва оят

14:23 / 04.02.2016 | muhammad1911 | 8753

Ассалому алайкум! Сура ва оятларнинг бир-биридан нима фарқи бор?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! «Оят» сўзининг бир неча луғавий маъноси бор:
1. «Мўъжиза».
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

سَلْ بَنِي إِسْرَائِيلَ كَمْ آتَيْنَاهُم مِّنْ آيَةٍ بَيِّنَةٍ

«Бану Исроилдан уларга қанчадан-қанча очиқ-ойдин оят(мўъжиза)ларни берганимизни сўра» (211-оят).
2. «Белги-аломат».
Аллоҳ таоло яна Бақара сурасида марҳамат қилади:

إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَن يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِّن رَّبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِّمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَى وَآلُ هَارُونَ

«Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти (белгиси) – сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир» (248-оят).
3. «Ибрат».
Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади:

إِنَّ فِي ذَلِكَ لآيَةً لِّلْمُؤمِنِينَ

«Албатта, бунда мўминлар учун оят (ибрат) бордир» (77-оят).
4. «Ажойиб иш».
Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:

وَجَعَلْنَا ابْنَ مَرْيَمَ وَأُمَّهُ آيَةً

«Ибн Марямни ва унинг онасини оят (ажойиб иш) қилдик» (50-оят).
5. «Бурҳон, далил».
Аллоҳ таоло Рум сурасида марҳамат қилади:

وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ

«Ва осмонлару ернинг яратилиши ҳамда тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлиши Унинг оят (бурҳон)ларидандир» (22-оят).
6. «Жамоат».
Арабларда «Қавм ояти – жамоаси билан чиқди» деган гап бор.
7. Қуръон ояти.
Уламолар истилоҳида оят шундай таърифланади:
«Оят Қуръон сурасига кирган, бошланиши ва тугаши белгили бўлган сўзлар мажмуасидир».
Шу билан бирга, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти юқоридаги луғавий маъноларни ўз ичига олган бўлади. Ҳа, Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти мўъжиза, ибрат, ажойиб иш, белги-аломат, бурҳон, далил, ҳарф ва сўзлар мажмуаси ҳамда Аллоҳ таолонинг қудрати далилидир.
Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти, унинг аввали ва охири ҳақидаги илмни Аллоҳ таолодан Жаброил алайҳиссалом ўрганган. У кишидан Набий алайҳиссалом, у зотдан эса мусулмонлар ўрганганлар.
Оятларни бир-биридан ажрата билиш, уларнинг бошланиш ва тугаш жойларини англаб етиш маъноларни яхши тушуниб етишда ва бошқа бир қанча ишларда ёрдам беради.
Қуръони Каримда «оят» сўзи кўп марта такрорланган. «Оят» сўзи баъзи бир жойларда юқорида зикр қилинган маъноларнинг ҳаммасини, иккинчи бир жойда икки-учтасини, учинчи жойда эса фақат биттасини ифода этиб келган. Ушбу нозик фарқ англаб етилгандагина маъно тўғри тушунилади.

«Сура» сўзи луғатда «қўрғон», «манзил» ва «шараф» деган маъноларни англатади.
Уламоларимиз истилоҳида эса «Сура Қуръон оятларининг бошланиши ва тугаши белгиланган мустақил мажмуасидир».
Бошқача қилиб айтсак, Қуръон оятларининг қўрғон билан ўралгандек бир тўплами «сура» дейилади.
Қуръони Каримдаги энг қисқа сура Кавсар сураси бўлиб, уч оятдан, энг узун сура эса Бақара сураси бўлиб, 286 оятдан иборат.
Қуръонда 114 та сура бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз номи бор. Баъзи сураларнинг номи суранинг аввалидаги сўздан олинган. Баъзилариники эса ўша сурада зикри кўпроқ келган нарсаларнинг номига қўйилган.(“Улумул Қуръон” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat