Ассалому алайкум! Ҳурмати устозларим. Одамлар уйида ҳар хил эҳсон ва худойилар қилишиб, унга ўз жойининг қори ва имомларини чақиришади. Улар еб-ичиб дуо қилганларидан сўнг, уй эгалари уларга тугун, кўйлак, тўн, ёки бошқа бирор кийим ҳамда, егулик ва пул беради. Ваҳоланки бу кийимларни ҳеч ким киймайди. Беҳуда исрофгарчилик. Ўша домлага берилган нарсага муҳтож одамлар эса маҳалласида бир қанча бўлади. Бу нарсага шариатимизда нима дейилади? Билишимча бу қори акаларимизни яшаш шароити анча яхши ҳолатда бўлади, ҳамда улар бу нарсалар бу дунёнинг ўткинчи матоҳи эканлигини халққа ўз тимсолларида акс эттириб ўрнак бўлишлари керак эмасми? Ўша тугунни олмагунча жойидан қўзғалмай ўтирадиган қори акалар ҳам бор. Нима улар шунчалик бу нарсаларга зормикин? Бу Аллоҳни дини ва илмини ҳақоратлаш эмасми? Вақтингизни олганим учун минг бор узр.
Ва алайкум ассалом! Уларни бу нарсаларга эҳтиёжи бор ёки йўқлигини ўзларидан сўраб кўринг. Агар қилган иши эвазига таъма қилиб олса, сиз айтгандек бўлади. Валлоҳу аълам.