Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Исломда ғийбат тушунчаси

00:00 / 09.02.2007 | eski savollar | 7903

Ассалому алйкум шайҳ ҳазратлариБизнинг имом қуръон ўқишда ги одоблар ичида фарз намозларида замсурани бирор бир сурани бошидан бошлаб оҳиригача ўқиш қуръоннинг одоби экан. Менинг саволим каттароқ сурани зам қимоқчи бўлсам уни иккига бўлиб зам қисам бўладими қуръон одобларини бузмаган бўламанми?Исломда кишини ғийбат қилиш ундаяҳши фазилатларини ҳам унинг ёғида гапириш ғийбат ҳисобланадими (Умуман у ҳақда гапириш ҳам шунг ичига кириади)?Умуман қандай гапларни гапириш ғийбат бўлиб ҳисобланмайди?&гт;


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! Фарз намозларда битта сурани бир ракъатда ўқиш афзал.

ҒИЙБАТ

Ғийбатнинг луғатдаги маъноси бир нарсанинг кўздан тўсилишидир.Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар:
Журжоний: «Ғийбат инсоннинг бор айбларини унинг йўқлигида зикр қилишдир», деган.
Муновий: «Ғойибнинг айбини зикр қилиш», деган.
Ғийбатнинг энг мукаммал таърифи қуйидаги ҳадиси шарифда келгандир. Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. Расули акрам алайҳисоллоту вассалам: «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда:
«Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар.
Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканлигини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Ғийбат нақадар қабиҳ ва нақадар ёмон эканлиги «Ҳужурот» сурасида баён қилинади:
«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир», деган (12 -оят).
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнингки, камчилигини қидирса, унинг уйидан шарманда қилган ҳолатда чиқаради», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мерожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари-ю кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен:
«Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим.
«Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.
Мўмин-мусулмонлар ғийбатдан четланибгина қолмасдан, бошқа ғийбатчиларнинг оғзига уриб, ғийбатга йўл қўймасликка ҳаракат қилишлари матлубдир.
Саҳл ибн Муоз ибн анас Жуҳунийдан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимки, бир мўминни ғийбатчи мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади. Кимки, бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.
Ғийбатчига қулоқ солган унинг шеригидир. Фақат унинг гапини тили билан инкор қилсагина ғийбат эшитганлик гуноҳидан қутилади. Агар очиқ инкор қилишдан қўрқса қалби ила инкор қилсин ва гапни бошқа тарафга буриш ёки туриб кетишга ҳаракат қилсин.

ҒИЙБАТНИНГ САБАБЛАРИ ВА ИЛОЖИ

Ғийбатнинг сабаблари жуда кўп, баъзисини эсга оламиз:
1.Аччиғини тўкиб солиш.
Бир одам бошқасининг аччиғини чиқарган бўлса, аччиғи чиққан уни ғийбат қилиш ила ундан ўч олишга ҳаракат қилади.
2. Тенгдошлар ва ҳамсуҳбатларга шерик бўлиш, уларнинг гапини қўллаб қувватлаш.
Таниш билиш ёки улфатлар бировнинг ғийбатини қилаётган бўлсалар, уларга ёқиш ва яхши кўриниш ниятида қўшилади. Буни ўзича одамгарчилик деб ўйлайди. Аслида эса гуноҳга шерик бўлади.
3. Ўзининг обрўсини кўтариш учун бировни айблаш.
Мисол учун фалончи жоҳил, фаҳми йўқ дейди ва ўзини илми ва ўткир фаҳмли қилиб кўрсатишга уринади.
1. Ҳасад. Одамлар бир кишини мақтаётганлари учун ҳасад қилади ва уни ғийбат қилиб обрўсини тўкиш пайидан бўлади.
2.Ўйин кулки ва ҳазил.Одамларни кулдириш ва даврани қизитиш мақсадида бошқаларнинг камчилиги ва айбини айтиб ғийбатини қилинади. Баъзилар бу ишни ўзига касб қилиб олган ҳам бўлади.
Ғийбатнинг иложи.
Аввало ғийбатчи қиладиган ғийбати туфайли Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиши билиб қўйиши керак. Шунингдек, унинг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, агар савоби бўлмаса, нариги одамнинг гуноҳлари унга олиб берилишини ҳам билиб қўйсин.
Ғийбат пайти бўлиб қолса ўзининг айбларини ўйласин ва уларни тузатишга киришсин. Ўзининг айблари бўла туриб бошқаларни ғийбатла айблашдан уялсин.
Агар ўзини айблардан холий билса, ўшанга шукр қилиш ила машғул бўлсин. Ўзини ўзи энг ёмон айб – ғийбатчилик ила ифлосламасин. Ўзини биров ғийбат қилишини истамаганидек, ўзи ҳам ўзгаларни ғийбат қилишни истамасин.
Ғийбатга боис бўлган сабабга назар солсин ва ўша сабабни йўқ қилиш пайидан бўлсин. Дарднинг давоси унинг келтириб чиқарган сабабини йўқ қилиш ила бўлади.
Қалб ғийбати.
Гоҳида ғийбат қалб ила ҳам содир этилади. Бу мусулмонлар ҳақида ёмон гумон қилиш ила бўлади.
Аллоҳ таоло «Ҳужурот» сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар», деган (12 - оят).
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бадгумонликдан сақланиг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тарбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Ўтган уламолардан аз-Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик-яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишликдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар. Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак. Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Гар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», дедилар». 
Ғийбатнинг зарарларидан:
1. Ғийбатчи дўзахда сассиқ ва ифлос нарсаларни еб азобланади.
2. Ғийбатчи қабрида Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлади.
3. Ғийбатчининг иймон нури ва ислом асари кетади.
4. Ғийбат қилинган шахс кечирмагунча ғийбатчининг гуноҳи кечирилмайди.
5. Ғийбат бардавом ёмонликдир.
6. Ғийбат озор, зарар, хусумат ва нафрат сабабчисидир.
7. Ғийбатчи пасткаш шахсдир.
8. Ғийбат одамлар орасидаги муҳаббат ришталарини узувчи омилдир.
Ғийбатга рухсатли узрлар:
1.Зулм кўриш.
Зулмга учраган киши то ҳақини олгунча золмнинг зулми ҳақида гапириш ва шикоят қилишга ҳақли. Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳақ эгасининг гапи бор», деганлар.
2. Мункарни ўзгартириш ва гуноҳкорни тўғри йўлга солиш.
Хусусан, раҳбарларга гуноҳ иш қилаётганлар ҳақида хабар етказиш ғийбатга кирмайди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар ўзларига бу каби хабарлар келганда ғийбат ҳисобламаганлар.
3.Фатво сўрашда.
Бир киши муфтийнинг ҳузурига келиб, фалончи менга зулм қилди ёки ҳақимни бермаяпти, уни қандай қилиб олсам бўлади? деса, ғийбат бўлмайди. Айбдорнинг номини айтиш мумкин. Аммо, фалон ишнинг қилган одамнинг ҳукми нима бўлади, қабилида ишора билан гапирилса, яна ҳам яхши бўлади. Абу Суфён ибн Ҳарбнинг хотини Ҳинд бинти Утба эридан шикоят қилиб унинг номини айтиб, бахил деб атаганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инкор қилмаганлар.
4. Мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учун.
Мусулмонларга зарар келтириши мумкин бўлган фосиқ кишилардан одамларни огоҳлантириш учун ундаги бор гапни айтиб қўйиш мумкин.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига киришга изн сўради. Бас, у зот:«Унга изн беринглар. У ўз уруғининг қандоқ ҳам ёмон биродари ёки уруғининг қандоқ ҳам ёмон ўғли», дедилар.
У кирганда эса унга мулойим гап айтдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг расули, айтган гапингизни айтдингизу кейин унга мулойим гапирдингиз?» дедим.
«Эй Оиша! Одамларнинг ёмони одамлар унинг фаҳшидан қўрқиб тарк қилганларидир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган.
Уламоларимизнинг таъкидлашларича ушбу ҳадиси шарифда номи зикр қилинмасдан унинг ҳақида сўз кетаётган одамнинг исми Махрама ибн Навфал бўлган. Мазкур шахс мунофиқ ва фосиқ одамлардан бўлган. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: унинг ҳақида ўзига эшитдирмасдан мазаммат сўзини айтганлар. У зот бу билан унинг ёмонлигини бошқаларга билдириб уларни ундан эҳтиёт бўлишлари чорасини кўрганлар.
Шунингдек, никоҳ ва омонат қўйиш масаласида бировнинг ҳақида маслаҳат сўралган одам маслаҳат сўровчига борини айтса, гуноҳ бўлмайди.
5. Айби лақабига айланиб қолган кишининг лақабини айтиш ҳам жоиз.
Мисол учун ўтган машҳур кишилар ичида Аъмаш – шилпиқ ва Аъраж – чўлоқ лақабли зотлар бўлишган.
6. Очиқ – ойдин фосиқлик қилган кишининг зикри.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Мужоҳирдан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Бир кишининг кечаси бир ишни қилиб тонг отганда, Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам, эй фалончи, кечаси ундоқ қилдим, бундоқ қилдим, демоғидир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда у ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», дедилар».

Икки шайх ривоят қилган.
«Мужоҳир» луғатда жаҳр сўзидан олинган бўлиб ошкора қилувчи маъносини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради.
Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв бўлмас экан. Ана шундоқ мужоҳирларнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмас экан.
Ғийбатнинг каффороти.
Ғийбатчи бир йўла икки ҳаққа нисбатан жиноят қилади:
1. Аллоҳ таолонинг ҳақига жиноят қилган бўлади. Чунки у Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилди. Бунинг каффороти тавба қилиш билан бўлади.
2. Банданинг ҳақига жиноят қилган бўлади.
Агар ғийбат банданинг ўзига етган бўлса, ғийбатчи унинг олдига бориб ҳақини ҳалол қилишни илтимос қилиши ва надоматини билдириши лозим бўлади.Уламолар унинг тавбаси тўлиқ бўлиши учун қаерда, қайси мажлисда ғийбат қилган бўлса, ўша ерда, ўша мажлисда ғийбат қилинган киши ҳақида яхши гапларни гапириши керак, деганлар.Агар гап ғийбат қилинган одамга етмаган бўлса, тавба қилган ғийбатчи унинг ҳақига истиғфор айтади.

Топ рейтинг www.uz Openstat