Ва алайкум ассалом! Намоз рукнлари икки қисмга бўлинади. Аслий ва ғойри аслий. Қаъдаи охир ғойри аслий, яъни аслий бўлмаган рукн ҳисобланади. Унинг фарзлиги мутавотир ҳадис билан собит бўлмаган. Бухорий ривоят қилган ҳадисда : Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга намозни таълим бераётиб : “Бошингни охирги саждадан кўтарсанг ва ташаҳҳуд миқдорича ўтирсанг намозинг тўлиқ бўлади” деганлар. Ушбу ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг тўлиқ бўлишини қаъдаи охирига боғлиқ қилганлар. Бу ердаги намознинг тўлиқ бўлишидан мурод фарзларнинг тўлиқ бўлишидир. Чунки намоз ибодати у билангина кифояланмайди, балки ундан кейин ўқиладиган ташаҳҳуд ва саловатлар ҳам бор. Шундан келиб чиқадики, намознинг тамом бўлишидан мурод фақат фарзи тамом бўлади. Усиз намоз тамом бўлмайди. Валлоҳу аълам.