Ассаламу алайкум! Ҳурматли устозлар. Бизнинг қўшнимиз динга қаттиқ риоя етадиган инсон, лекин намознинг такбирини қисқартириб айтади. Масалан бошида 2 марта Аллоҳу акбар, 1марта Ашҳаду ал ла илаҳа иллаллоҳ, 1 марта Ашҳаду анна Муҳаммадар росулуллоҳ ва “аттаҳияти”ни ўқиётганда "Ашҳаду ал ла" деганда, бош бармоғини кўтариб "Ашҳаду анна.." деганда туширади. Шу ишлари бизнинг мазҳабга тўғри келадими? Аслида қайси мазҳабда бундай ҳолат мумкин? Жавоб учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ барчаларингиздан рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! 1). Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан бошқа уччала имом, яъни имом Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Молик ибн Анас роҳимаҳумуллоҳлар иқоматни тоқ айтишни ихтиёр қилганлар. Лекин уччаласининг орасида ҳам бир оз фарқ бор. Шофиъий ва Ҳанбалийлар “иқомат калималар ўн битта калимадан иборатдир, унда шаҳодатай ва ҳайъалатайнни бир бор айтилинади” дейишади. Имом Молик наздларида эса ўн калимадан иборат бўлиб, унда “қод қоматиссолаҳ”ни ҳам бир бор айтилади. Ҳанафийлар наздларида эса иқомат ўн етти калимадан иборатдир. Такбир тўр бора, шаҳодатайн ҳам тўрт бора, ҳайъалатайн ҳам тўрт бора, қод қоматиссолаҳ ҳам икки бора, такбир икки бора ва охирида “Лаа илааҳа иллаллоҳ” бир бора. Ҳар бир мазҳабнинг ўзига яраша ҳадислари бор. Аллома Ниймавий “Аттаълиқул ҳасан ъалаа аасаариссунан” китобида қуйидагиларни келтирган : “Уламоларнинг баъзилари иқоматни тоқ айтишни мансуҳ бўлган” деганлар. Бунга далил қилиб, Билол розияллоҳу анҳунинг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин иқомат калималарини жуфт-жуфт қилиб айтганлигини келтирганлар. Баъзилар эса “ҳадисдаги тоқ айтишдан мурод, тўрттала такбир, шаҳодат калимаси, “ҳаййа алассолаҳ, ҳаййа алал фалаҳ”ларни бир нафасда икки марта айтишдир. Азонда эса алоҳида-алоҳида айтилади” деганлар. Баъзилари эса “Иккиси ҳам мубоҳ” деганлар. Ҳанафий мазҳабидаги одам Абу Ҳанифа роҳиматуллоҳи алайҳ ихтиёр қилган қавлни ушлаши керак. Валлоҳу аълам.
2). http://savollar.islom.uz/savol-39712/