Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Масжидда расмга тушиш

17:36 / 09.09.2015 | Amirjon Abdukodirov | 3661

Ассалому алайкум! Масжидда расмга тушиб, кейин уни ижтимоий сайтларга қўйган одам “Аъроф” сураси 55-оятидаги “Эй мўминлар, сизлар Парвардигорингизга тазарру билан ичингизда махфий дуо илтижо қилингиз! Зотан, у ҳаддан ошувчи кимсаларни яъни, эл кўзига кўрсатиш учун риёкорлик қилувчиларни севмас” ҳукмга кириб қолмайдими? Мен ўзим Масжиди Ал-Ҳарамда тушган расмимни қўйганман. Шу оятни ўқиб қолганимдан сўнг “риёкорлик қилаяпманми” деб бироз қўрқиб қолдим. Илтимос шу оятни бир изоҳлаб беринглар.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Шайх Саъдий роҳиматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Гулистон” китобларида бир ҳикояни келтирадилар. Унда бир жамоат кўпчилик бўлиб кечани бир жойда ўтказадилар. Улар ичидан бир киши ўғли билан бирга кечаси билан намоз ўқиб чиқади. Саҳарга яқин ўғли отасига : “Отажон қаранг, булар ҳам кечани ўтказишди, биз ҳам ўтказдик. Улар ғафлатда қолиб, биз ибодатда бўлдик” деди. Шунда отаси : “Эҳ аттанг улар ухлаб дам олдилар, сен эса уйқудан ҳам қолдинг, қилган ибодатингни ҳам ҳавога совурдинг” дейди.
Сиз айтган оят қуйидагича тафсир қилинган :
55. Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарру – ёлвориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.
Худди шу маъно Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинади:
«Одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир», – дедилар».
Аллоҳ таолога ибодату дуоларни тазарру ила ва махфий қилиш, худди шу ояти каримада таъкидланганидек, салафи солиҳларимизнинг одатларига айланган эди.
Имом Абдуллоҳ ибн Муборак Ҳасан Басрийнинг қуйидаги сўзларини келтирадилар: «Агар бир киши Қуръонни жамлаган бўлса ҳам, одамларга билдирмас эди. Агар бир киши фиқҳдан жуда кўп нарсани билса ҳам, одамларга билдирмас эди. Агар бир киши кечаси уйида узундан-узоқ намоз ўқиб чиқса ҳам, меҳмонларига билдирмас эди. Биз бир одамларни кўрдикки, махфий қилиш имкони бўлган ишни ҳеч қачон ошкор қилмас эдилар. Мусулмонлар дуога кўп уринар эдилар. Товушлари ҳеч эшитилмас эди. Уларнинг дуолари Роббларига пичирлашдан иборат бўлар эди».
«Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг» дегани шу. Аллоҳ таоло қилган ишидан рози бўлиб, мақтаган солиҳ бандаси ҳақида «Қачонки Роббига махфий дуо қилди», дегани ҳам шундан. ("Тафсири Ҳилол" Аъроф 55-оят). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat