Ассалому алайкум! Фарз амали қилиш шарт, қилмаган одам гуноҳкор бўлишини биламан. Намоз ва рўза каби илм олиш ҳам фарзми? Илм олиш фарз дейилганда диний илм назарда тутилганми? Намоз бир кунда 5 вақт фарз, рўза эса йилига 30 кун фарз илмни қанчалик ўрганиш фарз?
Ва алайкум ассалом! Илм икки қисмга бўлинади. Фарзи аъйн ва фарзи кифоя. Фарзи аъйн бўлган илм ҳар бир инсонни ўз зиммасига фарз қилинган илмдир. Уни илми ҳол ҳам дейилади. Яъни ким қайси ҳолатда бўлсин ўша ҳолатининг илмини ўрганиши фарздир. Масалан балоғат ёшига яқинлашган ўғил ва қизларга, балоғатга етганларидан сўнг зиммаларига фарз бўладиган амалларни зиммасидан соқит бўладиган даражада илмини ўрганиш фарзи аъйндир. Буларнинг аввалги сафида иймон келтириш фарз бўлган нарсаларни билиши туради. Сўнг қайси ҳолатларда иймондан чиқиб қолиш мумкин бўлган сўз ва амалларни билиш туради. Шунингдек ҳар бир касб эгасига ўша касбини ҳалол ва ҳаромини ўрганиш ҳам фарзи аъйн бўлади. Қуръон ва ҳадисда келган илмдан мурод шаръий илмлар кўзда тутилган бўлиб, дунёвий илмлар ҳолатдан келиб чиқиб фарзи кифоя даражасига кўтарилади. Яъни инсонлар дунёвий томондан қайси соҳаларга эҳтиёжлиги бўлса, ўша илмларни ўрганиш фарзи кифоя даражасида бўлади. Диний илмлар ҳам дунёвий илмлар ҳам фарзи кифоя мақомида бўлади, лекин диний илмларнинг фарзи кифоялиги “Ҳасанун лиаъйниҳи” яъни бу илм ўзи гўзал бўлганлиги туфайлидир. Дунёвий илмларнинг фарзи кифоялиги эса, “Ҳасанун лиғойриҳи” яъни у илмдаги гўзаллик одамларнинг унга бўлган эҳтиёжи туфайли пайдо бўлган. Муҳтожлик сезилмасдан аввал унда гўзаллик йўқ эди. Вақтлар келиб одамларнинг унга эҳтиёжи қолмаганда яна ўз ҳолига қайтади. Валлоҳу аълам.