Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Поклик

19:38 / 19.06.2015 | Yoqub | 7958

Ассаламу алайкум! Бундан икки йил олдин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва Ислом.уз сайти ҳақида хабардор бўлганман. Шундан бери ҳар кун кўпроқ илм олиш умидида муҳтарам устозга ва сиз азизларга шогирд тушиб, билимларингиздан баҳраманд бўлиб келдим. Аллоҳ шайх Ҳазратларидан ва сизлардан рози бўлсин. Мен ичишни ва чекишни ташладим. Рўза бошланиши билан беш вақт намозга кириб, рўза тутмоқчиман. Кеч бўлсада Аллоҳ қалбимда иймонни мустаҳкамлагани учун бахтиёрман. Интиқлик билан рўзани кутаяпман. Сизлардан дуо умидворман. Сайт ва устозимизнинг китоблари орқали имкон қадар намоз, таҳорат ҳақида билимга эга бўлдим. Фақат баъзи бир тушунмаган саволларимга жавоб берсангиз, илтимос. Сийдикдан сақланмаган киши дўзахий бўлиши ҳақида эшитганимдан кейин тозаликка ҳаракат қилаяпман. Аммо олатнинг тешиги атрофида сийдикдан намлик қолади. Шуни зарари борми? Одатда бармоқ билан артиб олиб, қўлимни юваман. Шу ишим тўғрими? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!Нарса кўринадиган нажасдан сув ва ҳар қандай кетказувчи суюқлик билан нажаснинг ўзини кетказиш ила пок бўлади. Гарчи кетиши қийин бўлган асари қолса-да. Асари кўринмайдиган нажасдан агар имкони бўлса, уни уч марта ювиб, сиқиш билан пок бўлади. Бунинг имкони бўлмаса, ювиб, сув томмайдиган бўлгунича тарк қилинади, кейин яна шундай қилинади, сўнгра яна шундай қилинади. Манийдан покланиш уни ювиш ёки қуриб қолганини уқалаб ташлаш билан бўлади. Махси жисми бор нажасдан уни ерга ишқаш билан пок бўлади. Ундан бошқасидан фақат ювиш билан пок бўлади. Қилич ва унга ўхшаш нарсалар масҳ билан тозаланади. Гилам устидан бир кеча сув оқизиш билан пок бўлади. Ер ва ўсиб турган қамишдан ясалган капа ва ўт-ўланларга ўхшаш ерга ёпишган нарсалар қуриши ва (нажосат) асарининг кетиши билан намоз учун пок бўлади, таяммум учун пок бўлмайди. Отнинг ва ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби ва ейилмайдиган қушнинг ахлати каби енгил нажосатда кийимнинг тўртдан биридан ози афв қилинади. Аммо ейиладиган қушнинг ахлати покдир. Илло, товуқники худди икки чиқиш йўлидан чиқадиган нарсалар, қон ва ароқ каби оғир нажосатдир. Ундан (оғир нажосатдан) дирҳам миқдори афв қилинади. У қуюқ нажосатда бир мисқол, суюқда кафт миқдоричадир. Игнанинг учига ўхшаб сачраган пешоб ҳеч нарса эмас. Нажаснинг устига тушган сув нажасдир. Аксинча бўлса ҳам шу каби. Тезакнинг кули худди тузга айланиб кетган эшак каби покдир. Авра-астарли кийимнинг бир тарафида нажас бўлса, бошқа тарафида намоз ўқиса бўлади. Бир тарафида нажас бор гиламнинг бошқа тарафида, агар сиқилса қатра томмайдиган-у, аммо нажосатнинг бир оз ҳўли зоҳир бўлиб турган ва тезак аралашган лойдан қилиниб, қуриб кетган нарса устига ҳўл бўйича қўйилган кийимда намоз ўқиса бўлади. Агар нажосат жойи эсдан чиққан бўлса-ю, бир тарафи ювилган бўлса ҳам жоиз. Бу худди буғдойга уни тепалаётган эшаклар бавл қилса, унинг бир қисми ювилса ёки кетказиб юборилса покланганидек. Нажас ифлос нарсадир. Бу бобда нималар нажаслиги ва улардан покланиш қандай бўлиши ҳақида сўз юритилади. Нажас покнинг зиддидир. Шаръий эътиборда ифлос саналган нарса нажас бўлади. Нажас икки турга бўлинади: 1. Ҳақиқий нажосат. Луғатда: қон, пешоб каби айни ифлос нарсадир. Шариатда: намозни ман қиладиган ифлослик ҳақиқий нажосатдир. 2. Ҳукмий нажосат. Бу аъзоларга етган маънавий ҳолат бўлиб, намозни ман қилади. Унинг кичик бетаҳоратлиги таҳорат қилиш билан, катта бетаҳоратлиги ғусл қилиш билан кетади. Ҳақиқий нажосат енгил, оғир, қуруқ, ҳўл, кўринадиган ва кўринмайдиган турларга бўлинади. Намозхон учун бадан, кийим ва макондан нажосатни кетказиш вожибдир. Аллоҳ таоло Муддассир сурасида: «Ва кийимингни покла», деган (4-оят). Энди мавзуга оид матнларни шарҳлашга ўтайлик. Нарса кўринадиган нажасдан сув ва ҳар қандай кетказувчи суюқлик билан нажаснинг ўзини кетказиш ила пок бўлади. Бадангами, кийимгами, маконгами ёки бошқа бирор нарсагами, кўзга кўринадиган нажас тегса, ўша нарса уни кетказиш ила покланади. Шу билан мазкур нарса пок бўлади. Кўнгилни равшан қилиш учун кетидан яна бир-икки марта ювиб ташлашни маслаҳат берган фақиҳлар ҳам бор. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ҳадисдан олинган: Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Биздан биримизнинг кийимига ҳайзнинг қонидан тегиб қолади. Уни қандай қилиш керак?» деди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ишқалайди, сўнгра сув билан ишқалайди, кейин эса сув билан ювади, ана шундан кейин унда намоз ўқийверади», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Гарчи кетиши қийин бўлган асари қолса-да. Яъни нажосатни кетказиб, уни ювгандан кейин бирор изи қолса ҳам зарари йўқ. Аммо совун ёки унга ўхшаш воситалар ёрдамида асарини ҳам кетказиб юборилса, яна ҳам яхши бўлади. Асари кўринмайдиган нажасдан агар имкони бўлса, уни уч марта ювиб, сиқиш билан пок бўлади. Бунга пешоб ва шунга ўхшаш нажосатлар киради. Далили қуйидагича: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз уйқусидан уйғонса, қўлини уч марта ювмасдан туриб, уни идишга солмасин. Чунки бирортангиз қўли қаерда тунаганини билмайди ёки қўли қаерда айланганини билмайди», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган. Ҳанафий мазҳаби уламолари поклиги гумон бўлган нарсани уч марта ювиш зарурлигини мана шу ҳадисдан олишган. Бунинг имкони бўлмаса, ювиб, сув томмайдиган бўлгунича тарк қилинади, кейин яна шундай қилинади, сўнгра яна шундай қилинади. Нажосат теккан нарса нажас билан ошланган тери ёки сиқиб бўлмайдиган ёғочга ўхшаш нарсалар бўлса, уларни ювиб, сув томмайдиган бўлгунча тек қўйилади. Уч марта шундай қилинганидан кейин пок бўлади. Чинни ва пластмасса каби сиқиб бўлмаса-да, сувни ўзига шимиб олмайдиган нарсалар уч марта ювиш билан пок бўлади. Дон маҳсулотлари, янги сопол ва ёғоч идиш, бўйра, нажас нарса ила сувланган пичоқ каби нарсалар уч марта ювиб, қуритиш ила тозаланади. Сариёғ ва ҳайвон ёғлари сув қуйиб, ёғни сув устига чиқариб олиш ишини уч марта қилиш ила тозаланади. Асал ва мойнинг устидан сув қуйиб, улар сувнинг устига чиққунча қайнатилади. Кейин ўзини бир нарса билан ажратиб олинади. Бу амал ҳам уч марта такрорланади. Нажас нарса ила пиширилган гўшт уч марта қайнатиб-совутиш ила тозаланади. Патини юлиш осон бўлиши учун ичидаги нарсаларини олмай туриб қайнатилган товуқ ҳам мазкур услуб ила тоза бўлади. Манийдан покланиш уни ювиш ёки қуриб қолганини уқалаб ташлаш билан бўлади. Бу ҳукмнинг далили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган: Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан жунублик асарини ювиб қўяр эдим. Ул зот кийимларидаги сувнинг ҳўли билан намозга чиқар эдилар». Бешовлари ривоят қилишган. Оиша онамизнинг «жунублик асарини» дейишлари «манийнинг асари» деганларидир. Чунки инсон маний чиқиши билан жунуб бўлади. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларидан манийни яхшилаб уқалаб ташлар эдим. Ул зот ўша кийимда намоз ўқир эдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Махси жисми бор нажасдан уни ерга ишқаш билан пок бўлади. Махси ва бошқа пойабзаллар шу тариқа покланади. Абу Довуд, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз оёқ кийими ила ахлатни босса, уларнинг поклиги тупроқ биландир», деганлар. Абу Довуд ва Таҳовий Абу Саъиддан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз масжидга келса, қарасин. Агар икки кавушида ифлос ёки ахлатни кўрса, артсин ва иккиси билан намоз ўқийверсин», деганлар. Ундан бошқасидан фақат ювиш билан пок бўлади. Жисми йўқ суюқ нажосат оёқ кийимига сингади. Уни артиш билан кетказиб бўлмайди. Балки ювиш керак. Қилич ва унга ўхшаш нарсалар масҳ билан тозаланади. Ўша вақтдаги сайқалланган қиличларга сув тегса, сифати бузилган. Шунинг учун уларни артиб тозаланган. Саҳобаи киромлар шундай қилганлари ҳақида ривоятлар келган. Гилам устидан бир кеча сув оқизиш билан пок бўлади. Кундузи бўлса ҳам ҳечқиси йўқ. Муҳими – муддат. Шундай қилинса, гиламдаги нажосат қолмайди. Ер ва ўсиб турган қамишдан ясалган капа ва ўт-ўланларга ўхшаш ерга ёпишган нарсалар қуриши ва (нажосат) асарининг кетиши билан намоз учун пок бўлади, таяммум учун пок бўлмайди. Бу нарсалар ердан ажрамагани учун, уларни ювиб, сиқишнинг ёки ёйиб қуритишнинг иложи йўқ. Улар қуёшда, шамолда ёки оловда қуритилади ёки нажосат асари кетказилади. Бу услуб ила тозаланган нарсаларда намоз ўқиса бўлади. Аммо уларга қўлни уриб, таяммум қилиш жоиз эмас. Асл тупроқнинг тозалиги Қуръони Каримда келган. Нажосатдан мазкур услуб ила тозаланган тупроқ унинг даражасига етмагани учун таяммум қилишга ярамайди. Отнинг ва ейиладиган ҳайвонларнинг пешоби ва ейилмайдиган қушнинг ахлати каби енгил нажосатда кийимнинг тўртдан биридан ози афв қилинади. Енгил нажосатнинг «енгил» деб аталишига сабаб, уларнинг нажаслиги ҳақида ривоятлар ҳар хил келганидир. Баъзилари «нажас» деса, бошқалари «нажас эмас» деган. Нажаслиги ғолиб бўлган. Шунинг учун уни «енгил нажосат» дейилган. Мазкур нажосатдан кийимнинг тўртдан бирига ва ундан озига тегса, афв бўлгани учун намоз ўқиса бўлаверади. Бадандан бир аъзонинг тўртдан бирига тегса, афв қилинади. Аммо ейиладиган қушнинг ахлати покдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг устига кабутар тезак ташлаганда, тош билан артиб ташлаб, намоз ўқиган. Худди шундай ҳолат Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг устиларига чумчуқ тезак ташлаганда ҳам бўлган. У киши бармоқлари билан артганлар. Масжидул Ҳаром ва бошқа масжидларда қадимдан кабутарлар боқиб келинган. Илло, товуқники худди икки чиқиш йўлидан чиқадиган нарсалар, қон ва ароқ каби оғир нажосатдир. Бу жумлада оғир нажосатлар ҳақида сўз бормоқда. Нажаслиги қатъий далил билан собит бўлган нарса «оғир нажосат» ҳисобланади. Бунга оққан қон, гўштини еб бўлмайдиганларнинг тезаги ва пешоби, агар ўша ҳайвон таом емайдиган даражада кичик бўлса ҳам, ароқ, ҳавода тезак ташламайдиган уй ўрдаги ва ғози ҳамда товуққа ўхшаш паррандаларнинг тезаги, ўлимтикнинг гўшти ва териси, итнинг тезаги, йиртқичларнинг тезаги ва сўлаги, оғизни тўлдириб чиққан қайт, одамдан чиқиб, таҳоратни синдирадиган нарсалар киради. Ундан (оғир нажосатдан) дирҳам миқдори афв қилинади. У қуюқ нажосатда бир мисқол, суюқда кафт миқдоричадир. Ушбу миқдоргача бўлган оғир нажосат теккан кийим ила намоз ўқиса жоиз. Ундан ортганда ўқиб бўлмайди. Оз миқдордаги нажосатдан сақланиш қийин бўлганидан бунга рухсат берилган. Дирҳамнинг оғирлиги 2,975 грамм. Игнанинг учига ўхшаб сачраган пешоб ҳеч нарса эмас. Бундан сақланиш мушкулдир. Аммо пешоб шу шаклда оқмайдиган сувга тушса, у сув нажас ҳисобланади. Қассобга теккан қон ҳам афв қилинади. Шунингдек, нажосатга теккан пашшанинг асари ҳам, эшак ва сигирнинг тезаги ҳам. Кўчада сачрайдиган лой ҳам, агар нажосат аниқ бўлмаса, афв қилинади. Нажаснинг устига тушган сув нажасдир. Аксинча бўлса ҳам шу каби. Яъни сувнинг устига нажас тушса, сув ҳам нажасга айланади. Тезакнинг кули худди тузга айланиб кетган эшак каби покдир. Табиий ўзгариш туфайли ўзининг нажаслик моҳиятини йўқотган нарсаларнинг мисолига қуйидаги ҳолни келтиришимиз мумкин: меванинг сиқилгани пок бўлади, ачиб, ароққа айланганда нажас бўлади ва яна туриб, сиркага айланганда пок бўлади. Авра-астарли кийимнинг бир тарафида нажас бўлса, бошқа тарафида намоз ўқиса бўлади. Чунки бу ҳолатда бир тарафга теккан нажосат иккинчи тарафга таъсир қилмайди. Бир тарафида нажас бор гиламнинг бошқа тарафида, агар сиқилса қатра томмайдиган-у, аммо нажосатнинг бир оз ҳўли зоҳир бўлиб турган ва тезак аралашган лойдан қилиниб, қуриб кетган нарса устига ҳўл бўйича қўйилган кийимда намоз ўқиса бўлади. Бир жойида нажас бор гиламнинг нажас тегмаган ерида намоз ўқиса бўлади. Бунда намоз ўқийдиган ер пок бўлиши эътиборга олинади. Иккинчи ва учинчи ҳолатларда ҳам нажосат тарқалмаган бўлади. Агар нажосат жойи эсдан чиққан бўлса-ю, бир тарафи ювилган бўлса ҳам жоиз. Бу худди буғдойга уни тепалаётган эшаклар бавл қилса, унинг бир қисми ювилса ёки кетказиб юборилса покланганидек. Ўша ювилган жойда ёки ҳиба, садақа йўли билан бериб юборилган, ёҳуд ўғирлаб кетилган қисмда нажосат бўлиши эҳтимоли бор. (“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat