Ассалому алайкум! Ҳозирги кунда ўзининг жонига қасд қилишнинг турли хил йўллари пайдо бўлмоқда. Жирканч экстремистик оқимлар “ўзингни портлатсанг шаҳид бўласан” деган ғояни уларга қўшилган ғўр ёшларнинг миясига сингдиришмоқда. Яқинда Саудияда бўлган ҳодиса ҳамма инсонни маҳзун қилади. Савол: Мана шу замонларда ўзини ўлдиришнинг юқоридаги усуллари пайдо бўлиши ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирон саҳиҳ ҳадис ворид бўлганми?
Ва алайкум ассалом! Ҳадисларда қуйидагича келади:
عَنْ ثَابِتِ بْنِ الضَّحَّاكِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ مِلَّةِ الْإِسْلَامِ فَهُوَ كَمَا قَالَ، وَمَنْ قَتَلَ نَفْسَهُ بِشَيْءٍ عُذِّبَ بِهِ فِي نَارِ جَهَنَّمَ، وَلَعْنُ الْمُؤْمِنِ كَقَتْلِهِ، وَمَنْ رَمَى مُؤْمِنًا بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ الْأُصُولُ الْخَمْسَةُ
Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир. Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади. Мўминни лаънатлаш уни қатл этиш кабидир. Ким мўминни кофирга чиқарса, бу уни қатл этиш кабидир», дедилар».
Ушбу уч ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида тўртта муҳим ва ҳар бир мўмин-мусулмон жуда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган масалани зикр қилмоқдалар:
1. «Ким Ислом миллатидан бошқа нарса билан қасам ичса, у ўзи айтганидекдир».
Бошқа ривоятларда баён қилинишича, ким «Агар фалон ишни қилсам, яҳудий бўлай», деса, яҳудий бўлади. Ёки «Агар фалон ишни қилмасам, насроний бўлай», деса, насроний бўлади. Мазкур мункар ишни қилган одамнинг бу тасарруфи куфрдан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳеч бир мусулмон банда юқоридагига ўхшаш гапларни зинҳор ва зинҳор тилга олмаслиги керак.
2. «Ким бир нарса билан ўзини ўзи ўлдирса, ўша нарса билан жаҳаннам оловида азобланади».
Бу масалага тегишли ҳукмларни «Ҳаддлар китоби»да муфассал ўрганиб чиқамиз. Ким ўз жонига қасд қилса, худди ўзганинг жонига қасд қилгандек, гуноҳкор бўлади. Чунки унга жонни Аллоҳ таоло берган, шунинг учун ҳам жон банданинг эмас, Аллоҳ таолонинг мулки ҳисобланади. Ўзини ўзи ўлдирган одам Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиққан нобакор сифатида охиратда қаттиқ азобларга гирифтор бўлади. Жумладан, у ўзини бу дунёда нима билан, қандай қилиб ўлдирган бўлса, жаҳаннамда ҳам ўзини худди ўша нарса билан, худди ўшандоқ қилиб, қайта-қайта ўлдириб туради.
3. «Мўминни лаънатлаш уни қатл этиш кабидир».
Зотан, «лаънат» сўзининг луғавий маъноси «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш»дир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъмат ва раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса мўминни қатл этгандан баттардир.
4. «Ким мўминни кофирга чиқарса, бу уни қатл этиш кабидир».
Кофирлик ҳар бир мўмин одам учун дунёдаги энг катта бадбахтликдир. Иймон ҳаловатини татиб кўрган инсон учун кофирликка қайтиш ўлимдан ҳам оғир мусийбатдир. Шунинг учун ҳам мўмин инсонни кофирга чиқарган, «Фалончи кофир», «Пистончи куфрга кетди», каби гапларни айтган одам худди ўша мўминни ўлдирган каби иш қилган бўлади. Чунки аввал айтиб ўтганимиздек, кофирлик мўмин киши учун ўлимдан баттардир.
Лекин, минг афсуслар бўлсинким, ичимизда дарди-ҳасрати, қиладиган машғулоти мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш бўлиб қолганларимиз ҳам бор. Улар ўзларига одамларнинг кофир-мўминлигини ажратувчи тафтишчи сифатини бериб олганлар. Диндорлик ғурурига кетган мазкур кимсалар бўлган-бўлмаган нарсага «Фалончи кофир», «Пистончи мушрик», «Писмадончи мунофиқ» деб, фатво чиқариш билан оворалар.
Ана шу кишилар мўмин-мусулмонлар орасида турли гаплар чиқишига, ҳар хил фитна-фасод қўзғалишига, орага совуқчилик тушишига ва бошқа кўпгина муаммоларга сабаб бўладилар.
Ана шундай «фатвочи» биродарлар ўзларининг бу қилаётган ишлари динимиз таълимотларига мутлақо зид эканлигини тушуниб етмоқлари ва мазкур қабиҳ одатларини ташламоқлари лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" ктобидан). Валлоҳу аълам.