Ассаламу алайкум! Олдинги сафар берган саволимга жавоб олдим, Аллоҳ рози бўлсин. Савол беришга ижозат берсангиз. Уйқудан уйғонгандан сўнг ёмон туш туфайли кийимимда суюқлик пайдо бўлибди. Ғусл қилиб, бомдодни ўқидим. Тонг отгандан сўнг ишга келдим. Биз бир суткадан ишлаймиз, пешин намозига таҳорат олгани ваннага кирдим ва бавлдан сўнг озгина рангсиз суюқлик сезилди, мустаҳаб қилдим-да таҳорат олиб пешинни ўқидим. Бу ҳол аср намозида ҳам такрорланди. Бунда ҳам худди аввалгидек бўлди. Яна таҳорат олиб намоз ўқидим. Ўша рангсиз суюқликдан кейин ҳам ғусл қилишим керакмиди? Ишхонада ғуслга шароит йўқ. Бундай ҳолатда намозларим жоизми? Илтимос, жавоб берсангиз, иккиланиб қолдим, Аллоҳ рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! Агар ғусл қилишдан олдин бавл қилмаган бўлсангиз, кейинги намозларни қайта ўқиб оласиз. Чунки Абу Ҳанифа ва имом Муҳаммад наздларида маний белдан ажраётган вақтда шаҳватнинг топилишини шарт қилиб, ташқарига чиқаётганида шаҳват топилишини шарт қилмаганлар. Шунга биноан биринчи бавл қилмасдан аввал қилган ғуслингиз дуруст бўлиб, бавл қилганингиздан кейин икки имомнинг наздларида манийнинг қолгани чиққани учун яна қайтадан ғусл вожиб бўлади. Агар биринчи ғусл қилишдан аввал бавл қилган бўлсангиз кейинги чиққан суюқликлар нима эканлигини билиш керак бўлади. Агар у суюқлик шаҳватдан ажраган бўлса (масалан, бирор нарсани хаёлингизга келтириш натижасида), маний бўлса, ғусл вожиб бўлади. Агар маний бўлмаса, таҳоратингиз кетган бўлиб, намозларингиз жоиз бўлади.
1. Ажралиб чиқаётганда отилиб, шаҳват билан келадиган манийни тушириш.
Аввало ушбу бобда тез-тез такрорланиб турадиган баъзи истилоҳларни ўрганиб олайлик.
«Маний» – шаҳват шиддатлашган пайтда отилиб чиқадиган суюқликдир.
Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади.
«Мазий» – эркак кишининг жинсий аъзосидан жинсий алоқани ўйлаган ёки хотинини қучоқлаган пайтда чиқадиган оқ суюқлик.
«Вадий» – бавл қилгандан кейин баъзида ажраладиган қуюқ оқ суюқлик.
Мазий ёки вадий чиққанидан ғусл қилиш йўқ.
Маний шаҳват билан отилиб чиқса, ғусл вожиб бўлади.
Бунда бошқа жинсдаги шахсга назар солиш, жинсий яқинликни тафаккур қилиш, бевосита қучоқлашиш ва шунга ўхшаш барча омиллар туфайли манийнинг шаҳват билан отилиб чиқиши назарда тутилади.
Аммо маний шахснинг оғир нарса кўтариши, баланд жойдан йиқилиб тушиши каби омиллар туфайли шаҳватсиз равишда чиқса, ғусл вожиб бўлмайди.
Ҳанафий мазҳаби ижтиҳодига биноан, эр ва аёл кишидан, хоҳ уйқуда бўлсин, хоҳ уйғоқликда бўлсин, маний шаҳват билан отилиб чиққандагина, ғусл вожиб бўлади.
Биров мастлик ёки ҳушидан кетишдан сўнг ўзига келганида ҳўлликни кўриб, маний деб гумон қилса, ғусл вожиб бўлади.
Уламоларимиз манийдан ғусл қилиш вожиб бўлишига қуйидаги ривоятни далил қиладилар:
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кўп мазийлик киши эдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эдим, ул зот:
«Мазийда таҳорат, манийда ғусл», дедилар».
Аҳмад ривоят қилган. “Кифоя” китобидан. Валлоҳу аълам.