Ассаламу алайкум! Таомни пуфлаб ичишни макруҳ деб эшитган эдим. Шу гап тўғрими? Шу ҳақда тўлиқрок маьлумот берсангиз? Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ворид бўлганми? Саволим ўринсиз бўлган бўлса олдинда узр сўрайман! Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Ва алайкум ассалом! http://savollar.islom.uz/savol-12941/
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم نَهَى عَنِ النَّفْخِ فِي الشَّرَابِ، فَقَالَ رَجُلٌ: الْقَذَاةُ أَرَاهَا فِي الْإِنَاءِ، قَالَ: أَهْرِقْهَا، قَالَ: فَإِنِّي لَا أَرْوَى مِنْ نَفَسٍ وَاحِدٍ؟ قَالَ: فَأَبِنِ الْقَدَحَ إِذَنْ عَنْ فِيكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар. Бас, бир киши: «Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди. «Олиб ташла», дедилар у зот. «Мен бир нафасда ича олмайман», деди. «Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таомланиш маданиятини қанчалик меҳнат билан жорий қилганларининг ёрқин намунасини кўриб турибмиз. Ҳар бир нарсани айтиб, тушунтириш, турли саволларга чидам билан жавоб бериш лозим бўлган экан. Аввал у зот саҳобаларга ичиш одобларидан бирини баён қилмоқдалар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимликка пуфлашдан қайтардилар». Аммо ҳамма ҳам бу қайтаришни эшитиши билан «Бундай қилмаслигимиз керак экан», деб кетавермади. Бас, бир киши: «Идишга тушиб қолган нарсани кўрсам-чи?» деди». Яъни, «Сиз идиш ичига пуфламанглар деяпсиз. Аммо бир ичимликни ичмоқчи бўлиб, оғзимга олиб борсам, идишда – ичимлик устида бир нарса турган бўлса, пуфлаб юбориш керак бўлади-ку?» Бу саволга жавобан: «Олиб ташла», дедилар у зот». Яъни «Ўша нарсани ҳам пуфлама, балки олиб ташла». Сўровчида яна бошқа савол пайдо бўлди ва у ўша саволни ҳам берди: «Мен бир нафасда ича олмайман», деди. Яъни, «Мен идишдаги ичимликни бир нафас билан охиригача ичиб, битира олмайман. Орада нафас олишим керак бўлади. Орада нафас олсам, идиш ичига пуфлашим керак бўлади. Бунга нима дейсиз?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ҳам сабр билан ҳал қилдилар: «Ундай бўлса, қадаҳни оғзингдан узоқлаштир», дедилар». Яъни, «Нафасинг етмай қолганда идишни оғзингдан узоқлаштириб, нафасингни ростлаб олиб, кейин ичишда давом этсанг, идиш ичига пуфлаш содир бўлмайди». Одамнинг оғзидан чиқадиган нафасда турли кўзга кўринмас зарарли нарсалар, қўланса ҳид ва бошқалар бўлиши ҳозирги пайтда ҳаммага маълум бўлиб қолди.عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا شَرِبَ أَحَدُكُمْ فَلَا يَتَنَفَّسْ فِي الْإِنَاءِ
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз ичса, идиш ичига нафас олмасин», дедилар». Шарҳ: Ичимлик ичаётган одам нафас олмоқчи бўлса, ичишдан тўхтаб, идишни оғзидан узоқлаштириб туриб, нафас олади. Сўнгра яна ичишни давом эттиради. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам.