Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Мен қўлимдан келганича ўзимга пок юраман, тозаликка риоя этаман. Лекин 5 маҳал намоз ўқий олмайман. Мен бир қизга унаштирилганимдан сўнг, менда ўз-ўзидан қўрқув, қалбимда ғашлик ва хавотир пайдо бўлиб, феъл атворим ўзгарганини сездим. Кўпчилик “сени кимдир ўқитган” деб айтишаяпти. Лекин бунга ўзим ишонмайман. Менинг саволим қуйидагича. Иссиқ- совуқ қилиш ва одамларни ўқиш бор нарсами? Ўқитилган одам бу нарсаларга ишонмаса унга таъсир этадими? Агар таъсир этса бундан қандай қилиб қутилишнинг иложиси бор? Жавобингиз учун катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом!
عن أبي هريرة ، قال : قال رسول الله - صلى الله عليه وآله وسلم - : " إذا أذنب العبد نكت في قلبه نكتة سوداء ، فإن تاب صقل منها ، فإن عاد زادت حتى تعظم في قلبه ، فذلك الران الذي ذكره الله - عز وجل - ( كلا بل ران على قلوبهم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : Қачон банда гуноҳ қиладиган бўлса, қалбида бир қора доғ пайдо бўлади. Агар гуноҳидан тавба қилса, қалби сайқалланади. Гуноҳга қайтса, доғ ҳам зиёда бўлади. Оқибатда қалбидаги доғ катталашиб кетади. Аллоҳ таолонинг ушбу оятида зикр қилган :
كَلَّا بَلْ رَانَ عَلَى قُلُوبِهِم مَّا كَانُوا يَكْسِبُونَ
Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир.
моғор ўшадир".
Ҳоким ривояти.
فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ أَضَاعُوا الصَّلَاةَ وَاتَّبَعُوا الشَّهَوَاتِ فَسَوْفَ يَلْقَوْنَ غَيًّا
59. Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар.
Роҳманнинг ояти тиловат қилинганда, йиғлаб, саждага отиладиган ҳассос зотлар ортидан уларнинг ўринларига нобакор, фосиқ ва бетавфиқ ўринбосарлар келди. Бу бетавфиқ кимсалар намозни зое қилдилар. Намозни зое қилиш, уни ўқимаслик энг катта мусибат эканини ушбу ояти каримадан билиб олса ҳам бўлади. Намозни тарк этган одам ҳар қандай ёмонликдан, гуноҳдан тап тортмайдиган бўлиб қолади. Шунинг учун мазкур нобакор ўринбосарларнинг намозни зое қилганлари зикр этилгандан кейин шаҳватларга эргашганлари баён этилмоқда. Яъни улар ҳавойи нафслари нимани истаса, шуни қиладиган бўлиб қоладилар. Жумладан, ароқхўрлик, зинокорлик, айшу ишрат, ўйин-кулги каби шаҳватлар шулар жумласидандир. Энди улар намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юраверадилар.
«Бас, тезда ёмонликка йўлиқурлар».
Намозни зое қилгач, шаҳватга эргашади. Шаҳватга эргашган залолатга юз буради. Залолатга кетганга эса ҳалокат етади. Лекин, барибир Аллоҳ таоло меҳрибон, уларга яна бир бор имкон бериб, тавба эшигини очди:
إِلَّا مَن تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ صَالِحًا فَأُوْلَئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ وَلَا يُظْلَمُونَ شَيْئًا
60. Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар ва ҳеч зулм қилинмаслар.
Намозни зое қилиб, шаҳватларига эргашиб юрганлардан ким тавба қилса, ношойиста амалидан афсус-надомат чекиб, тамомила тўғри йўлга қайтса, сўнгра иймон келтириб, мўмин бўлса ва яхши амалларни адо этса, ёмонликка учрамайди. Балки
«...ана ўшалар жаннатга кирурлар...»
Ноил бўлган иймонлари ва адо этган яхши амаллари эвазига жаннатга дохил бўлурлар. Валлоҳу аълам.