Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Сиз Абдуллоҳ Бухорийни танимасангиз ҳам Рамазон Бутий ҳазратлари ҳақида айтган гапларидан хабарингиз бўлса керак. Мен очиғи оддий мусулмонман. Кўп нарсаларни тафсилотини билмайман. Аммо айтилган гаплардан қаттиқ изтиробдаман. Шу инсон вафот этди. Ромазон Бутий ҳақида оммада ёмон гумон уйғотишдан нима наф? Улар Бутий ҳазратларига худди Аллоҳ таолонинг ҳукмини чиқариб қўйишгандек. Ахир танқидчилар ким бўлишидан қатъий назар, ўзларини 100 фоиз жаннатда деб ҳисоблаётгандай туйилди менга. Шунинг ўрнига ўзларини ҳидоятда собитқадам бўлиб дунёдан ўтиб, охиратда Аллоҳнинг фазлига йўлиқиш ташвишини қилиши керак эмасми? Улар умрининг Ислом заҳматларида ўтказган одамнинг ижтиҳоди учун оммага айбларини санашни ўзларига “вожиб” деб билишлари жуда ҳам муҳим эмасдир? Аллоҳим барчамизга фазлини кўрсатсин.
Жуда тўғри гап! Улар ўзларини жаннат ва дўзах калитларини қўлларидан тутиб тургандек иш тутадилар. Ўзларини жаннатнинг эгалари деб биладилар. Уларнинг эгри фикрига қўшилаганларни дўзахи деб биладилар. Уларнинг барчаси ўзини худди шундай тутади. Ҳолбуки ўзлари чаласавод. Бирор ерда етарли таълим олмаган кишилар бўлади. Дунёнинг турли тарафидаги номусулмонларни диндан бохабар қилишни ёки ибодатсиз юрганларни ибодатга чақиришни ўйлаб ҳам қўймайдилар. Асосий ташвишлари мўмин, ибодатли кишиларни кофирга чиқариш, уларнинг ичидаги илмли кишиларга тош отишдир. Сиз ушбу ҳақиқатни англаб етибсиз. Аллоҳ таоло хайрингизни берсин!