Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокотуҳ. Аллоҳ йўлида ва ислом динининг ҳақлигини қалбимизда ва биродарларимиз дилида кўпайтириш ниятида тўпланган муҳим саволларимни баён қилмоқчиман. Аллоҳдан авф сўрайманки бир галда кўп савол сўраяпман. 1. соч жинсий майлни қўзғатмайди нега уни ҳижобга яшириш жоиз, аҳир кўз ва ёноқлар очиқ турадику, яъни улар шаҳват қўзғатиши мумкин (нима тўғри десангиз шуни ҳақ йўлида Аллоҳ учун қабул қиламиз) 2. вафот этган инсон юраги ёки бошқа аъзоси бошқа бемор ҳаёти учун зарур бўлса трансплантатсияга шариятимиз қандай ҳукмда. 3. ният қилаётганда ота-боболар, пайғамбарлар, авлиёлар руҳи қўллсин дейиш нотўғри ва фақат Аллоҳдан мадад сўраш керак деб ҳисоблайди ожиз ақлим, шу тўғрими? 4. бир диниисломни ҳаёти мазмуни деб билувчи аҳли биродарим ушбу масала бўйича сиздан фатво сўрамоқда: онаси ўз орзу-ҳаваслари туфайли замонавий, яъни исломий эмас одатий тўй қилмоқчилар ва ҳижобсиз қизга уйланиб кейин ҳижобга киритасан дебдилар. Биродаримиз эса ҳижобдаги дини пок қизни исломий никоҳ кечасида жуфти ҳалол айламоқни ният қилганлар. Албатта ота-онанинг розилиги Аллоҳ томонидан эътироф этилган. қандай йўл тутсинлар? 5. Тўнғиз ва чўчқа терисидан оёқ кийим ёки уст-бош кийиш мумкинми? 6. ҳозирги кунда мусулмонлар чизилган расм ва ясалган ҳайкалларга сиғинмайдилар, шунинг учун расм чизиш мумкинми, аҳир замонага мослаб шариатга амал қилиб қилса бўлар. агар мумкин бўлмаса аввал айтганингиздэк тўлиқ чизмасли да юзини ва юз аъзоларини чизса бўладими?
Соч жинсий майлни қўзғатмайди нега уни ҳижобга яшириш жоиз, аҳир кўз ва ёноқлар очиқ турадику, яъни улар шаҳват қўзғатиши мумкин нима тўғри десангиз шуни ҳақ йўлида Аллоҳ учун қабул қиламиз.
«Яшириш жоиз» дегани яшириш мумкин дегани бўлади. Умуман, кўпчилик «жоиз» сўзининг тўғри ишлата олмайдилар. Сиз бу ерда «яшириш вожиб» дейишингиз керак эди. Ўшанда «яшириш мажбурий» деган маъно чиқар эди.Муслима аёллар номаҳрамлардан беркитиши керак бўлган аъзолари жинсий майлга боғлаб қўйилган деган тушунчага бормаслик керак. Балки нимани беркитиш ёки беркитмаслик кераклиги шариат томонидан белгиланган. Нима учун деган савол берилганда жавобига «шаҳватни қўзғатгани учун» деган уламоларнинг гапи келтирилади. Юзни ҳам шаҳватни қўзғатадан даражада пардоз ила очиб юришга рухсат йўқ. Балки ҳожат учун уни очишга рухсат берилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Асмаа розияллоҳу анҳога ўзлари қўллари билан кўрсатганлар.
2. Вафот этган инсон юраги ёки бошқа аъзоси бошқа бемор ҳаёти учун зарур бўлса трансплантатсияга шариятимиз қандай ҳукмда?
РОБИТАТУЛ ОЛАМИЛ ИСЛОМИЙ ҲУЗУРИДАГИ ИСЛОМ ФИҚҲИЙ АКАДЕМИЯСИ ҚАРОРИ
АЪЗОЛАРНИ КЎЧИРИШ ҲАҚИДА
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин! Ортларидан набий йўқ зотга солавотлар бўлсин! Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1405 ҳ.с. 28 – рабийъус соний – 7 - жумадул улаа (1985 йил, 19 – 28 январ) кунлари бўлиб ўтган саккизинчи мажлисида бир инсоннинг аъзосини олиб ўша аъзоси ишдан чиққан ва ёрдамга муҳтож бошқа инсонга қўйиш ҳақидаги масалани кўриб чиқди. Бу иш янги тиббий илм ва жиҳозлар воситасида бажарилади.Мазкур масалани кўриб чиқишни Ислом Фиқҳи Академиясидан Робитанинг АҚШдаги ваколатхонаси илтимос қилган эди.Ислом Фиқҳи Академияси бу масала бўйича фазилатли устоз, шайх Абдуллоҳ ибн Абдурроҳман Бассом тайёрлаган илмий баҳсни ўкриб чиқди. Ундаги фикрлар, уламоларнинг айтган гаплари ва далилларини диққат қилан ўрганди.Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:Тирик инсоннинг жисмидан бир аъзони олиб, бошқа бир унга муҳтож инсоннинг ҳаётини қутқариб қолиш ёки асосий аъзоларидан бирининг вазифасини қайта тиклаш мақсадида унга қўйиш жоиз амалдир. Бу билан аъзоси олинган одамнинг инсоний эҳтироми пасаймайди. Бунда катта фойда, яхши ёрдам бор. Бу иш қуйидаги шартлар асосида бўлса, шариатга мувофиқ бўлади:
1. Аъзосини бераётган шахс оддий ҳаёти издан чиқадиган равишда зарар тортмаслиги шарт. Чунки, шариат қоидаси бўйча, «зарарни ўзига ўхшаган зарар ёки ундан зиёда зарар билан кетказилмайди». Агар аъзосини тақдим қилган шахсга зарар етадиган бўлса, ўзини ҳалокатга ташлаш бўлади ва бу шариат бўйича мумкин эмас.
2. Аъзони бериш ихтиёрий равишда, мажбурлашсиз бўлиши лозим.
3. Аъзони кўчириш беморнинг даволаш учун ягона восита бўлиши, бошқа иложнинг имкони бўлмаслиги шарт.
4. Аъзони кўчириш ва ўрнатиш одатда муваффвқият билан амалга ошишига ишонч тўлиқ бўлиши керак.Шунингдек, қуйидаги ҳолатлар ҳам шариат бўйича жоиз ҳисобланади:
1. Муҳтож бемор учун ўлган одамнинг аъзосини олиш. Ўлган одам шариат таклифдаги ва ўзи тириклигида рози бўлганлиги шарти ила.
2. Муҳтож инсонга ҳалол ва сўйилган ҳайвоннинг, зарурат юзасидан бошқаларининг ҳам, аъзосини олиб қўйилса жоиз.
3. Инсоннинг ўз жисмидан бир бўлагини олиб ўзига ўрнатиш ҳам жоиз. Мисол учун, териси ёки суягидан бир бўлагини олиб бошқа керак жойига қўйиш.
4. Турли маъдан ва моддалардан қилинган сунъий нарсаларни инсон жисмига ўрнатиш ҳам жоиз. Мисол учун, бўғинлар, юракнинг клапини ва бошқаларни.
3. Ният қилаётганда ота-боболар, пайғамбарлар, авлиёлар руҳи қўллсин дейиш нотўғри ва фақат Аллоҳдан мадад сўраш керак деб ҳисоблайди ожиз ақлим, шу тўғрими?
Бу фикрингиз жуда ҳам тўғри.
4. Ота-онанинг розилиги Аллоҳнинг розилигидан кейинги ўринда туради. Уларга қилинадиган итоан Аллоҳнинг итоатидан ташқари бўлмаслиги шарт.
5. Тўнғиз ва чўчқа терисидан оёқ кийим ёки уст-бош кийиш мумкинми?
6. Ҳозирги кунда мусулмонлар чизилган расм ва ясалган ҳайкалларга сиғинмайдилар, шунинг учун расм чизиш мумкинми, аҳир замонага мослаб шариатга амал қилиб қилса бўлар. агар мумкин бўлмаса аввал айтганингиздэк тўлиқ чизмасли да юзини ва юз аъзоларини чизса бўладими? Бундай расм солиш ўрнига табиат манзараларини чизиш керак.