Ассаламу алайкум! Мени холамнинг хўжайнини синглисини уч етим фарзанди бор. Оилавий шароитлари бироз оғир. Улар бир қизларини турмушга беришмоқчи. Қизларининг хулқи ёмонроқ. Биз шу оилага молиявий ёрдам берсак бизга савоб борми ёки закот садақаларимизни бошқа инсонларга берганимиз афзалми?
Ва алайкум ассалом! Бошқалардан кўра уларга бериб, улардан узоқлашиш ўрнига тобора яқинлашиб, ҳикмат ила уларга тушунтиришга, ўнглинишларидан ноумид бўлмасликка ҳаракат қилишингиз керак.
ҚАЛБЛАРИ УЛФАТ ҚИЛИНГАНЛАР СИНФИ
«Қалблари улфат қилинганлар» деганда, Исломга киришидан ёки Исломда собит бўлишидан умид қилинаётган кишилар ҳамда Исломдан уларнинг шаррини тўсиш, Ислом йўлида хизмат қилдириш, мусулмонларга ёрдам бериш кўзланаётган кишилар кўзда тутилади. Улар бир неча қисмга бўлинадилар: 1. Закотдан улуш олса, ўзи ҳам, аҳли-аёли, уруғ-аймоғи ҳам Исломга кириши умид қилинадиган кишилар. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафвон ибн Умайяга шундай муомала қилганлар. Макка фатҳ қилинган куни унга омонлик эълон қилиб, тўрт ой муҳлат берганлар. У сафарда эди. Қайтиб келиб, кофир ҳолида Ҳунайн урушида мусулмонлар билан бирга қатнашган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу урушга чиқишдан олдин унинг силоҳини қарзга олган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир водийдаги кўп туяларни юклари билан берганлар. Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилинади: «Сафвон ибн Умайя: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен учун энг ёмон одам бўлиб кўринганларида мол бердилар. Улар мол беришда давом этавердилар ва охири мен учун энг маҳбуб одамга айландилар», деди». Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ислом учун нима сўралса, шуни берар эдилар. Шу тариқа Исломга кирганлар ҳам анчагина бўлган. 2. Ислом ва мусулмонлар учун ёмонлик қилиши мумкин-у, мол олса, ўша ёмонлигини қайтариш имкони бор. Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишар, уларга закотга тушган молдан берсалар, «Ислом жуда яхши дин-да!» деб мақтаб кетишар, бермасалар, ёмонлаб кетишар эди. 3. Исломга янги кирган-у, унга закот молидан берилса, унда собит бўлиши умид қилинадиган одамлар. Чунки одатда Исломга янги кирган одам ота-онаси, қариндош-уруғи, жамияти ва эски дини аҳли томонидан турли тазйиқларга, жумладан, иқтисодий тазйиқларга ҳам учрайди. Шунинг учун унга ёрдам бериш керак. 4. Обрў-эътиборли, аммо кофирлардан тенгдошлари бор мусулмонлар. Агар уларга яхши муомала қилинса, ўша тенгдошлари ҳам мусулмон бўлишидан умид бўлса, ана шундай мусулмонларга ҳам закотдан берилади. Бунга ҳужжат қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Адий ибн Ҳотим ва Забурқон ибн Баррга яхши мусулмон ва қавмлари орасида обрў-эътиборли бўлишларига қарамай, закотдан берганлари мисол келтирилади. 5. Мусулмонлардан ўз қавмларида катта обрўга эга бўлган иймони заифроқ бошлиқларга ҳам кўнгилларини улфат қилиш учун закотдан берилади. Набийимиз алайҳиссалом ана шундай кишиларга Ҳавазондан тушган ўлжалардан берганлар. Уларнинг кўплари аҳли Маккадан бўлганлар. Кейинчалик ҳақиқатда ҳам улар яхши мусулмон бўлиб кетганлар. 6. Душман билан чегарадош жойларда ҳимоя-мудофаа ишини бажариб турган мусулмонлар. 7. Закот йиғиш ишларида обрў-эътиборлари ёрдам берадиган мусулмонлар. Албатта, баъзи мазҳаб ва уламоларнинг бу ҳақда ўзларига яраша мулоҳазалари бор. Ҳозирда «қалблари улфат қилинганлар» улушидан олишга ҳақли кишилар борми? Уламоларимиз бу ҳақда кўпгина гапларни айтганлар. Ҳанбалий мазҳаби: «Бу улушга ҳақлилар доимо бор», дейди. Ҳанафийлар эса: «Бу ҳукм насх бўлган. Ҳозир қалблари улфат қилинганлар йўқ», дейдилар. Замондош уламолардан кўплари: «Бу улушни қўллаш керак, чунки ҳозир Исломга янги кираётган ва Исломда собит қолишга эҳтиёжи борлар кўп, бошқа ҳолдагилар ҳам мавжуд», дейдилар.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.