Ассаламу алайкум! Мен водийданман, ора кунда тошкентдаман. Бир яқин танишим “уйим бўш хоҳлаганизда келиб кетаверинг” деб калитни берган эди. Мен энди номозни фарзларини қаср қилиб ўқийми ёки тўлиқ?
Ва алайкум ассалом! Тошкентда бир туришда 15 кун ёки ундан кўп туришни ният қилиб келсангиз, намозларингизни тўлиқ ўқийсиз. Ундан оз муддатга келсангиз ёки неча кун туришингиз маълум бўлмаса, қаср қилиб ўқийсиз.
Ҳанафий мазҳабига кўра, бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ туришни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз туришни ният қилса, қаср қилиб ўқийди.
Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:
Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:
«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўлиқ ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи», дейишган.
Таҳовий ривоят қилган.
Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундай эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.
Биров бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам, намозни қаср қилиб ўқийди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср қилиб ўқиганлар.(“Кифоя” китобидан). Валлоҳу аълам.