Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сажда ояти

07:15 / 30.10.2015 | Sardor Niyazov | 9294

Ассалому алайкум! Қуръон Каримдаги сажда ояти эшитганимизда ёки ўқиганимизда сажда қилиш вожибми? Сажда оятидаги эшитгандаги сажда қандай қилинади? Илтимос Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, менга сажда қилиш тартибини батафсил айтиб берсангизлар. Саждани дарҳол қилиш керакми? Айтмоқчиманки эшитган пайтимизда кўчада ёки таҳоратсиз бўлсак ҳам қилиш керакми? Олдиндан раҳмат


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Саждани эшитган заҳоти қилиш шарт эмас, умрининг охиригача қолиб кетмаса бўлди.

ТИЛОВАТ САЖДАСИ ҲАҚИДАГИ ФАСЛ 

«Аъроф»нинг охири, Раъд, Наҳл, «Бану Исроил», ­Марям, Ҳажнинг биринчиси, Фурқон, Намл, «Алиф л­аам мийм Сажда», Сод, «Ҳаа мийм Сажда», Нажм, «Иншаққот» ва Иқро(суралари)даги ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига намознинг шартлари билан қўл кўтариш, ташаҳҳуд ва саломсиз икки такбир ўртасида бир сажда қилиш вожиб бўлади. Унда саждада айтиладиган тасбеҳ бор. Имом сажда оятини тиловат қилганда уни эшитган кимса сўнгра унга бошқа ракъатда иқтидо қилса, худди ўзи билан бўлмаган одамдан сажда оятини эшитган намозхон каби, намоздан сўнг сажда қилади. Ким ўша ракъатда имомнинг саждасидан кейин иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди. Аммо олдин иқтидо қилса, агар эшитмаган бўлса ҳам, у билан бирга тиловат саждасини қилади. Агар муқтадий сажда оятини тиловат қилса, уни ташқаридан эшитган кимсагина сажда қилади. Намоздаги тиловат саждаси ташқарида қазо қилинмайди. Тўхталмасдан қилинган рукуъ тиловат саждасига ўринбосар бўлади. Агар бир мажлисда ёки намозда сажда оятини бир неча бор такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. Тингловчида ўзининг мажлиси эътиборга олинади. Кийим тўқишдаги юриш ва бир шохдан бошқа шохга ўтиш жойни ўзгартиришдир. Сажда оятининг ўзини тарк қилиш макруҳдир. Акси макруҳ эмас. Унга бошқасини қўшиш мандубдир. Уни тингловчидан махфий қилиш яхшидир. Ушбу фаслда Қуръони Каримдаги сажда оятлари тиловат қилинганда сажда қилиш, унинг фазли, ҳукмлари ва шунга оид бошқа масалалар ўрганилади. Одам боласининг бахт-саодати Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, сажда қилишидадир. Ана ўша саждалар ичида тиловат саждаси ҳам бор. Чунки ҳар бир тиловат саждасида Аллоҳ таолога сажда қилиш ҳақида амр, шу маънодаги гап бор. Энди «Мухтасари Виқоя»даги матнни шарҳлашга ўтайлик. Ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига намознинг шартлари билан қўл кўтариш, ташаҳҳуд ва саломсиз икки такбир ўртасида бир сажда қилиш вожиб бўлади Тиловат саждаси бир саждадан иборат бўлиб, унга бош қўйилаётганда бир такбир ва ундан бош кўтарилаётганда яна бир такбир айтилади. Тиловат саждасини қилиш вожибдир. Унинг вожиблиги қуйидаги далиллардан олинган: Аллоҳ таоло Сажда сурасида:

إِنَّمَا يُؤْمِنُ بِآيَاتِنَا الَّذِينَ إِذَا ذُكِّرُوا بِهَا خَرُّوا سُجَّدًا وَسَبَّحُوا بِحَمْدِ رَبِّهِمْ وَهُمْ لَا يَسْتَكْبِرُونَ  

«Албатта, оятларимизга улар‑ла эслатилганда, саждага йиқиладиган, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтадиган ва мутакаббирлик қилмайдиганларгина иймон келтирурлар», деган (15-оят). Аллоҳ таоло Иншиқоқ сурасида сажда қилмайдиганларни мазаммат қилиб: «Ва қачон уларга Қуръон ўқилса, сажда қилмаслар», деган (21-оят). Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда ояти бор сурани қироат қилиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик. Ҳаттоки биримиз пешонасига жой топа олмай қолар эди». Учовлари ривоят қилишган. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга Қуръон қироат қилиб берар, қачон сажда оятидан ўтсалар, такбир айтиб, сажда қилар эдилар. Биз ҳам у зот билан сажда қилар эдик». Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилишган. Тиловат саждасини қилиш учун шартлар намоз ўқиш учун қўйилган шартларнинг айни ўзидир: мусулмонлик, оқиллик, балоғатга етганлик ва ҳайзу нифосдан пок бўлиш. Тиловат саждаси тўғри бўлиши учун таҳоратли бўлиш, бадан, кийим ва маконнинг поклиги, қиблага юзланиш, сатри аврат ва ният шарт. Унда қўл кўтарилмайди, ташаҳҳуд ва салом ҳам йўқ, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тиловат саждасини қилганларида бу нарсаларни қилмаганлар. Унда саждада айтиладиган тасбеҳ бор. Яъни тиловат саждасида турганда намоз саждасида айтиладиган тасбеҳ айтилади. У қуйидаги ўн тўрт оятдан бирини тиловат қилган кишига ёки эшитган кишига вожиб бўлади. 1. Аъроф сурасининг охиридаги 206-оят. 2. Раъд сурасидаги 15-оят. 3. Наҳл сурасидаги 49-оят. 4. «Бану Исроил» (Исро) сурасидаги 109-оят. 5. Марям сурасидаги 58-оят. 6. Ҳаж сурасидаги биринчи сажда ояти, яъни 18-оят (бу сурадаги иккинчи сажда ояти, яъни 77-оят ҳанафий мазҳабига кўра вожиб эмас). 7. Фурқон сурасидаги 60-оят. 8. Намл сурасидаги 26-оят. 9. Сажда сурасидаги 15-оят. 10. Сод сурасидаги 24-оят. 11. Фуссилат сурасидаги 37-оят. 12. Нажм сурасидаги 62-оят. 13. Иншиқоқ сурасидаги 21-оят. 14. Алақ сурасидаги 19-оят. Имом сажда оятини тиловат қилганда уни эшитган кимса сўнгра унга бошқа ракъатда иқтидо қилса, худди ўзи билан бўлмаган одамдан сажда оятини эшитган намозхон каби, намоздан сўнг сажда қилади. Бир одам масжидга кирса, имом сажда оятини тиловат қилиб тиловат саждасини қилди ва янги ракъатга турди. Ҳалиги одам ўша янги ракъатга келиб қўшилди. У намозни ўқиб, салом бериб ундан чиққанидан сўнг тиловат саждасини қилади. Бу худди намоз ўқиётган одам намоздан ташқаридаги ёки бошқа бир намоздаги одамдан сажда оятининг тиловатини эшитганга ўхшайди. У ҳам намозини ўқиб битирганидан кейин тиловат саждасини қилади. Ким ўша ракъатда имомнинг саждасидан кейин иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди. Намознинг ичида ҳам, уни тамом қилганидан кейин ҳам тиловат саждасини қилмайди. Чунки у ўша ракъатга қўшилиши билан мазкур ракъатдаги ҳамма нарсаларни, жумладан, тиловат саждасини ҳам топган бўлади. Аммо олдин иқтидо қилса, агар эшитмаган бўлса ҳам, у билан бирга тиловат саждасини қилади. Аммо мазкур шахс имом тиловат саждасини қилишидан олдин унга иқтидо қилган бўлса, агар сажда оятини эшитмаган бўлса ҳам, имомга эргашиб тиловат саждасини қилади. Чунки ният қилиб иқтидо қилгандан кейин имомга эргашиш лозим бўлади. Агар муқтадий сажда оятини тиловат қилса, уни ташқаридан эшитган кимсагина сажда қилиб, ўзи сажда қилмайди. Мабодо шундай вазият юзага келиб қолса, бунда сажда оятини тиловат қилган муқтадий тиловат саждасини қила олмайди. Чунки у бу ишни қилса, имомига хилоф қилган бўлади. Унинг имоми ҳам тиловат саждасини қила олмайди. Чунки унинг ўзи сажда оятини тиловат қилгани йўқ. У муқтадийга эргашиши мумкин эмас. Мазкур муқтадий билан бирга намоз ўқиётган бошқа муқтадийлар ҳам тиловат саждасини қила олмайдилар. Чунки улар ҳам ўз имомларига эргашишлари шарт. Аммо мазкур сажда ояти тиловатини намоздан ташқарида туриб эшитган одам тиловат саждасини қилади. Намоздаги тиловат саждаси ташқарида қазо қилинмайди. Чунки мазкур сажда намознинг баркамоллиги сифатида вожиб бўлган эди. Намознинг баркамоллиги учун қилиниши лозим бўлган амал намоздан ташқарида қилинмайди. Тўхталмасдан қилинган рукуъ тиловат саждасига ўринбосар бўлади. Яъни биров намозда сажда оятини тиловат қилгандан кейин уч оят ўтгунча рукуъ қилса, ўша рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтади. Агар уч оятдан ўтиб кетиб қолса, ўша рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтмайди. Ўша одамдан тиловат саждаси соқит бўлиб, сажда қилмаганлиги учун гуноҳкор бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳу намозда сажда оятини тиловат қилгандан кейин рукуъ қилиб қўяр эдилар. Чунки рукуъ ҳам мутавозеълик учун қилинган, сажда ҳам шунга қилинган. Агар сажда оятини тиловат қилгандан кейин тиловат саждасини ният қилиб намознинг одатдаги рукуъсини ва яна тиловат саждасини ният қилиб намознинг навбатдаги саждасини қилса, ҳам намознинг, ҳам тиловат саждасининг ўрнига ўтади. Агар ният қилмаса, ўтмайди. Агар бир мажлисда ёки намозда сажда оятини бир неча бор такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. Сажда оятини тиловат қилувчи уни масжидда, кичик уйнинг ичида, юриб бораётган улов ёки кеманинг устида ёки намоздан олдин қилган қироатни ўша ерда намозда такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. Чунки бу ҳолатларнинг барчасида макон битта ҳисобланади ва тиловатлар бир-бирига киришиб кетади. Бунда такрорни қилиб бўлиб сажда қилса ҳам, саждани қилиб олиб, кейин такрор қилса ҳам, барибир. Тиловат қилувчи ёдлаш учун, таълим учун, эътибор ёки фаҳмлаш учун такрор қилади. Буларнинг ҳар бирида сажда қиладиган бўлса, қийинчилик туғилади ва ўшандан қочиб, такрорни тарк қилиш хавфи туғилади. Аллоҳ таоло эса динда қийинчиликни раво кўрмайди. У Зот Ўз Китобида: «Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади», деган (Ҳаж сураси, 78-оят). Яна бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 185-оят). Тингловчида ўзининг мажлиси эътиборга олинади. Сажда оятини тингловчига тиловат саждасининг вожиб бўлиши унинг мажлиси эътиборидан бўлади. Тиловат қилувчи бир неча жойда тиловат қилган бўлса ҳам, тингловчи бир жойда эшитган бўлса, бир марта тиловат саждаси қилади. Агар тиловат қилувчи бир жойда ўтириб тиловат қилса ва тингловчи жойини алмаштириб турган бўлса, алмашгани ададича сажда қилади. Кийим тўқишдаги юриш ва бир шохдан бошқа шохга ўтиш жойни ўзгартиришдир. «Кийим тўқишдаги юриш» деганда аввалги вақтдаги қўл билан ўрмак ўрнатиб мато тўқиш, яъни маълум масофага қозиқ қоқилиб, йигирилган ипни ўша қозиқлар орасидаги масофага бориб-келиб тўқиш англанади. Демак, ўрмакнинг бир тарафида турганда сажда оятини ўқиса ёки эшитса, бир тиловат саждаси, нариги тарафга борганда эшитса, яна бир тиловат саждаси вожиб бўлган. Шунингдек, дарахт устидаги одам шохдан шохга ўтса ҳам жойи ўзгарган ҳисобланади. Унга ҳам неча марта шохдан шохга ўтса, шунча тиловат саждаси вожиб бўлади. Саҳрода ва йўлда уч қадам юрилса, бир мажлисдан иккинчи мажлисга ўтган бўлади ва тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади. Агар бир нечта сажда оятини тиловат қилса, бир мажлисда бўлса ҳам, ўша оятларнинг ададича сажда қилади. Сажда оятининг ўзини тарк қилиш макруҳдир. Намоздами ёки намоздан ташқаридами, тиловат қилаётганда сажда оятининг ўзини қолдириб, ундан кейинги оятга ўтиб кетиш макруҳдир. Бунда саждадан, Аллоҳ таолонинг тоатидан юз ўгириш содир бўлган бўлади. Акси макруҳ эмас. Сажда оятининг ёлғиз ўзини тиловат қилиш макруҳ эмас. Бунда саждага қизиқиш бор. Унга бошқасини қўшиш мандубдир. Бир оятни бошқа оятдан афзал кўришга ўхшаб қолмаслиги учун сажда оятига бир-икки оятни қўшиб тиловат қилиш яхши бўлади. Сажда оятини қироат қилиб туриб, охиридаги сажда маъносидаги сўзни тиловат қилмаса, сажда қилмайди. Агар сажда маъносидаги сўзнинг ўзини тиловат қилса ҳам, сажда қилмайди. Уни тингловчидан махфий қилиш яхшидир. Чунки у тиловат саждасига тайёр бўлмаса, қийналиб қолади. Мисол учун, таҳорати бўлмаслиги мумкин. Қироати махфий бўлган намозда имомнинг сажда оятини тиловат қилиши макруҳ. Бунда муқтадийларга шубҳа тушади. Нима учун сажда қилганларини билмай қоладилар. Жума ва ийд намозларида сажда оятини тиловат қилиш ҳам макруҳ. Агар имом минбарда сажда оятини тиловат қилса, минбарда туриб ёки ундан тушиб тиловат саждасини қилади. Тингловчилар ҳам тиловат саждасини қиладилар. Тиловат саждасини аввал ўриндан туриб, кейин қилган афзал. Сажда оятини тиловат қилган одам саждадан бош кўтармагунича, тингловчи бошини кўтармайди. (“Кифоя” китобидан) Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat