Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Оятлар тафсири

18:18 / 02.01.2016 | MuslimQUVA | 3012

Ассаламу алайкум! Ҳурматли Зикр аҳлидан сўранг ҳайати аъзолари, азиз устозлар. Қилаётган хизматларингизни Аллоҳ муносиб тақдирласин. Бир илтимосим бор эди. Менга “Нур” сурасининг 35-дан 40-гача бўлган оятлари тафсири керак эди. Устозимиз шайх Ҳазратлари роҳимаҳуллонинг “Тафсири Ҳилол” китобларидан иқтибос қилиб бера оласизларми? Устозимизни Аллоҳ Ўз раҳматига олган бўлсин. Қимматли вақтларингизни олганим учун узр.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِن شَجَرَةٍ مُّبَارَكَةٍ زَيْتُونِةٍ لَّا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاء وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ 35. Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир. Суранинг номи мана шу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур ояти» деб ҳам номланади. Тафсирчиларимиз, файласуфларимиз бу ояти карима ҳақида кўп баҳс юритганлар. Ҳатто Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий «Нур ояти»ни тафсир қилиб, «Мишкотул анвор» номли бир китоб ҳам ёзганлар. Оятда Аллоҳ таоло Ўз Зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган, олимлар тахминича, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қиладиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. У ўхшаши йўқ Зотдир. Буни ҳамма уламоларимиз бир овоздан таъкидлаганлар. Аммо оятнинг тафсирига келганда, фикрлар турлича бўлган. «Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир». Бу жумлани баъзи уламоларимиз «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилувчидир», – деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтирувчидир», – деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Яна бир тоифаси «Аллоҳ таоло борлиқни билдирувчидир», – деганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи, аслида, ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғиликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади, яъни кўрсатади. Шу сабабдан, қуёш, ой, юлдузлардан тараладиган, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қилиб, кўзга, миядаги кўриш марказига таъсир ўтказадиган ёруғлик ҳам нур дейилади. Шунингдек, илмга нисбатан ҳам «нур» сўзи ишлатилади. Яна иймон ҳам нур дейилади; Қуръонни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи нур деб атаган; кўзнинг кўриш қобилиятини-да нур дейишади; фарзандга нисбатан ҳам «кўзимнинг нури» деган иборани ишлатишади. Қисқаси, «нур» сўзи жуда кўп маъноларда қўлланган. Шунга ўхшаш луғавий маънолар эътиборидан келиб чиқиб, оятдаги жумланинг тафсири турлича бўлган. Ўша тафсирлардан баъзилари юқорида келтирилди. Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг нури экани инсоний тасаввурга сиғиши қийин, шунинг учун инсон идрокига мос мисол билан тушунтирилмоқда: «Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир». Ўша вақтда ёруғлик ҳосил қилиш учун ишлатиладиган шиша чироқ инсонлар онгида энг тараққий этган восита бўлган. Нур яхши таралиши учун, аввало, деворда ўйма токча бўлиши керак. «Нурининг мисоли худди бир токча...» Токчада турган чироқнинг нури беҳуда тарқалмасдан, бир тарафга таралади, шамол тегиб, ўчиб қолавермайди ҳамда липиллаб, тутамайди. Аммо фақат пилик ёнган билан ёруғлик бўлмайди. Агар пиликнинг устига шиша ўрнатилса, у ўчиб ҳам қолмайди, нури ҳам атрофга равшан таралади. «…унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида...» Энди, шиша билан шишанинг ҳам фарқи бор. Шиша қанчалик шаффоф бўлса, чироқнинг нури шунчалик равшан ёритади. Ушбу оятда мисол келтирилаётган чироқнинг шишаси гўё дурдан бўлган бир юлдуз экан. «…шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб...» Дур мусаффолик, юлдуз эса ёруғлик тимсоли. Икки тимсол бир бўлиб, ўша чироқнинг шишасида акс топмоқда. Бу эса мисли йўқ даражада ёруғлик берадиган чироқ деганидир. Энди, бу чироқ ёниши учун ёқилғи – мой керак. Аммо мой яхши бўлмоғи лозим, йўқса, чироқ равшан нур таратолмайди. Оятнинг давомида васф қилинаётган чироқнинг ёғи қанақа экани баён этилмоқда: «...шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир». Яъни чироқнинг ёғи муборак зайтун дарахтидан олинган. Ўша вақтдаги энг яхши чироқ ёғи зайтун ёғи бўлган. Аммо ҳамма зайтуннинг ҳам ёғи бир хил бўлавермайди. Қуёш тегмай, сояда ўсган зайтундан умуман яхши ёғ чиқмайди. Қуёш фақат шарқ томонидан тушадиган зайтуннинг ёғи ҳам, шунингдек, фақат ғарб томонидан қуёш тушадиган зайтун дарахтининг ёғи ҳам унча яхши бўлмайди. Энг яхшиси шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмай, эртадан кечгача қуёшда тобланиб, қуёш нурини тўла эмиб ўсган зайтуннинг ёғидир. Бунинг устига, зайтун муборак дарахтдир. «Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди». Яъни яхши жойда ўсган муборак дарахтнинг – зайтуннинг ёғи бўлгани учун, чироққа қуйиб, пиликка олиб ёқмаса ҳам, ўзидан-ўзи зиё таратиб юборай деб турибди. Хуллас, токча нур учун тайёрланган, чироқнинг ўзи нур, устига кийдириладиган шиша нурли юлдуз каби, дурдек равшан, ёғи ҳам нур сочай деб турибди. Буларнинг ҳаммаси «...нур устига нурдир». Ҳа, Аллоҳнинг нури ана шундай ёрқиндир. Аммо «Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур». Ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди. Шундай қилиб, «Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур». Одамларга қандай мисол тўғри келишини У Зотнинг Ўзи билади. Чунки «Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир». Аллоҳнинг мазкур нурли чироғи қаерда? فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَن تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآصَالِ 36. У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар… رِجَالٌ لَّا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَن ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ 37. бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар. Демак, Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури «У бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига...» изн берган. Яъни моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Бу уйларни баланд қилиб қуришга изн берган. «...ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир». Яъни ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари, «Бу уйлардан мурод масжидлардир», – дейдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган. Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касир масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар. Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен масжидларни безашга амр қилинмаганман», – деганлар. Имом Аҳмад ва яна бир қанча муҳаддислар Анас розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Одамлар масжидлар ила мақтанадиган бўлмагунларича, қиёмат қоим бўлмайди», деганларини ривоят қилганлар. Демак, масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда. «Уларда Унга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар…» У уйларда Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар – Аллоҳни поклаб ёд этурлар. Улар «бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас». Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини қолдирмайдилар. Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки «Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган Кундан қўрқарлар». Яъни қиёмат кунидан қўрқадилар. У Кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади. Аммо юқорида айтилган сифатга эга бўлганларнинг иймон ва амаллари ҳамда ўша Кундан қўрқишлари: لِيَجْزِيَهُمُ اللَّهُ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَيَزِيدَهُم مِّن فَضْلِهِ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَن يَشَاء بِغَيْرِ حِسَابٍ 38. Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазлу карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур. Мазкур сифатларнинг соҳиблари Аллоҳнинг нурига сазовор бўладилар ва қиёматда ушбу оятда зикр қилинган мукофотларга эришадилар. Шу билан бирга, у нурдан маҳрум бўлганлар ҳам бор. Уларнинг ҳоли тамоман бошқача. Келаси оятда ўшаларнинг аҳволи васф қилинади: وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَعْمَالُهُمْ كَسَرَابٍ بِقِيعَةٍ يَحْسَبُهُ الظَّمْآنُ مَاء حَتَّى إِذَا جَاءهُ لَمْ يَجِدْهُ شَيْئًا وَوَجَدَ اللَّهَ عِندَهُ فَوَفَّاهُ حِسَابَهُ وَاللَّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ 39. Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар. Ташна одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У Зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса саҳродаги саробга ўхшатилмоқда. «Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшар». Саҳродаги ташна одамга узоқдаги сароб сув бўлиб кўринади. «Ана, сув топдим, энди маза қилиб ичаман», деб хориб-толиб, қоқилиб-суриниб етиб борса, ҳеч нарса йўқ бўлади. «Ташна одам уни сув деб ҳисоблар. Қачонки унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас». Худди шунингдек, кофир ва мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, яхши-яхши умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, «манзил»га етганларида эса ҳеч нарса топмайдилар. Чунки куфр ва нифоқ ҳар қандай ва ҳар қанча амални йўққа чиқаради, саробга айлантиради. «Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У Зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур». Кофирлар «Қилган амалимизнинг савобини топамиз», деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади. Зотан, «Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир». Келгуси оятда эса куфр келтирганларнинг амаллари бошқачароқ васф билан баён қилинади. Уларнинг амаллари: أَوْ كَظُلُمَاتٍ فِي بَحْرٍ لُّجِّيٍّ يَغْشَاهُ مَوْجٌ مِّن فَوْقِهِ مَوْجٌ مِّن فَوْقِهِ سَحَابٌ ظُلُمَاتٌ بَعْضُهَا فَوْقَ بَعْضٍ إِذَا أَخْرَجَ يَدَهُ لَمْ يَكَدْ يَرَاهَا وَمَن لَّمْ يَجْعَلِ اللَّهُ لَهُ نُورًا فَمَا لَهُ مِن نُّورٍ 40. Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас. Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Кофир ва мунофиқлар ўз амаллари билан «...худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар». Яъни тубсиз денгиз остидаги қоронғи зулматда қолган одамга ўхшайди. У қоронғилик фақат денгизнинг тубсизлигидан эмас, балки яна «Унинг устидан мавж қоплагандир». Яъни денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг – «…у(мавж)нинг ҳам устидан мавж…» қоплагандир. Аммо ҳали ҳам зулмат битгани йўқ. Тўлқин устидаги тўлқинни – «…уни эса булут (қоплагандир)». Демак, ҳаммасининг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Шундай қилиб, булар: «Бир-бирининг устидаги зулматлардир». Бу зулматлар остида қолган кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин?! Ҳолбуки: «У қўлини чиқарса, кўра олмас». Ўз қўлини кўра олмагандан одам Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап. «Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас». Чунки Аллоҳнинг нуридан бошқа нур йўқдир. Шунинг учун Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқлар қат-қат зулматлар остида қолган киши кабидирлар.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat