Ассалому алайкум! "42506-савол"да келган савол мен учун жуда муҳим. Тажвид китобларини ўқиб, мад аломати ҳақида яхши тушуна олмадим. quran.uz сайтидан ҳам излаб кўриб батафсил маълумот топишга эриша олмадим. Аввалроқ, биладиган одамлардан ҳам сўраб қониқарли жавоб ололмадим. Сизлардан илтимос, мад аломатига тегишли умумий қоидани батафсил ва тушунишга осон қилиб келтириб берсангизлар. Қандай ҳолатлардада тўрт, беш ёки олти алиф чўзиш вожиб ва қайси ҳолатларда ундай эмас. Бу ерда асосий мақсад, вожибни тарк қилиб гуноҳкор бўлиб қолмаслик. Аллоҳ сизларни яхшиликлар билан мукофатласин!
Ва алайкум ассалом! МАД ВА УНИНГ ҚИСМЛАРИ «Мад»нинг луғавий маъноси чўзиш дегани. Яъни « Учта мад ҳарфи ва икки лин ҳарфини чўзиб айтишдир». Мад ҳарфлари ( ا و ي ) учтадир: 1) Олдидаги ҳарф фатҳали бўлган ҳаракатсиз “алиф”. 2) Олдидаги ҳарф заммали бўлган ҳаракатсиз “вав”. 3) Олдидаги ҳарф касрали бўлган ҳаракатсиз “йа”. Бу мад ҳарфлари Аллоҳ таолонинг نُوحِيهَا “нуу ҳии ҳаа” ёки أُوذِينَا “уу зии наа” калималарида жамланган. Лин ҳарфлари: 1. Фатҳадан кейин келган сукунли « йа »: َيْ 2. Фатҳадан кейин келган сукунли « вав »: َوْ Мад сабабига кўра икки қисм бўлади: 1) Аслий мад. 2) Фаръий мад. АСЛИЙ МАД Мад ёки лин ҳарфларининг кетидан ҳамза ёки сукун келмаса, у «аслий мад», бўлади. Аслий мад - "табиий мад" деб ҳам аталади. Табиий мад деб аталишининг сабаби, икки ҳаракатдан зиёда ҳам, кам ҳам чўзилмаганидир. Табиий мад, юқоридаги мад ҳарфларисиз чўзилмайди. Бу мад, чўзилишида ҳеч қандай (ҳамза ва сукун каби) сабабларга муҳтож эмас. Унинг чўзиш миқдори икки ҳаракатдир. Мисол: قَالَ ، يَقُولُ ، قِيلَ ، قُرَيْشٍ ، خَوْفٍ Мад табиий уч қисмга бўлинади: 1) Васл ва Вақф мади. Яъни улаш ва тўхташ мади. Бу шундай мадки, васлда ҳам, вақфда ҳам мад ҳарфи собит туради. Мисол: مَالِكِ (маалики) калимаси маднинг васл ҳолатига, وَأُمْلِي (ва умлии) калимаси маднинг вақф ҳолатига мисол бўлади. Бу икки (васл ва вақф) ҳолатда ҳам мад ҳарфлари мад ҳолатида қолди. 2) Васл мади (кичик сила мади). Бу шундай мадки, васл ҳолатида мад ҳарфи собит турадиган, вақф ҳолатида эса тушиб қоладиган маддир. Мисол: إِنَّهُ هُوَ (ёзилиши), ўқилиш эса إِنَّهُو هُوَ (иннаҳуу ҳува) ёки بِهِ بَصِيراً (ёзилиши), ўқилиш эса بِهِي بَصِيراً (биҳии басироо) бўлади. Бу "ҳа" замирига боғлиқ маддир. Мусҳафларда ушбу мад "ҳа" замирдан кейин замма ҳолатида кичик “вав” билан, касра ҳолатида кичик “йа” билан белгилаб кўрсатилган. 3) Вақф мади (эваз мад). Бу шундай мадки, вақф ҳолатида туриб, васл ҳолатида тушиб қолади. Мисол: عَلِيمًا حَكِيمًا (аълийман ҳакииймаа). Агар "ҳакийман" калимасини ўзидан кейинги келадиган оятга "ҳакийман" деб улаб ўқилса, ҳеч қандай мад бўлмайди. Агар ушбу калимага тўхталса, "ҳакиймаа" деб икки ҳаракат миқдорича чўзилади. Юқорида ўтган уч турли мадларнинг барчаси икки ҳаракат миқдорида чўзилади. Бир ҳаракат миқдори деганда, битта ҳаракатли ҳарфни ўқишга кетган вақт миқдори тушунилади. ФАРЪИЙ МАД Мад ва лин ҳарфларининг бири билан ҳамза ёки сукун келса, у аслий маддан кўра кўпроқ чўзилгани учун, «фаръий мад» дейилади. Фаръий маднинг икки сабаби бўлиб, улар ҳамза ва сукундир. “Ҳамза” сабабидан чўзилган мадлар «ҳамза мадлари», “сукун” сабабли чўзилган мадлар «сукун мадлари» дейилади. Фаръий мад "зиёда мад" деб ҳам аталади. Зиёда деб аталишининг сабаби, баъзи сабаблар аслий мадга зиёда қилингани учундир. Ҳамза сабабидан чўзиладиган мадлар тўрт қисмга бўлинади: 1) Муттасил (қўшилган) мад. Бир калимада мад ҳарфидан кейин ҳамза қўшилиб келса, “муттасил мад” бўлади. Бу мадни тўрт ҳаракатдан беш ҳаракатгача хоҳ васл ҳолатида бўлсин, хоҳ вақф ҳолатида бўлсин чўзиш вожибдир. Мисол: جَاءَ - قُرُوءٍ - جِيءَ 2) Мунфасил (айри) мад. Бир калиманинг охирида мад ҳарфи келса, кейинги калиманинг бошида ҳамза келса (яъни мад билан ҳамза бошқа-бошқа калималарда ажраган ҳолда келса), “мунфасил мад” бўлади. Бу мадни васл ҳолатида тўрт ҳаракатдан беш ҳаракатгача, вақф ҳолатида беш ҳаракатдан олти ҳаракатгача чўзиш жоиз. Мисол: إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ - وَفـِي أَنْفُسِكُمْ - إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ - وَتُوبُوا إِلَى اللهِ 3) Катта сила мад. Кичик сила маддан кейин ҳамза келса, «катта сила мад» бўлади: وَلَهُ أَجْرهُ - مَالَهُ أَخْلَدَهُ Бу мад ҳукмда жоиз мунфасил мадга эргашади. 4) Бадал мад. Бир калимада мад ҳарфидан аввал ҳамзанинг келишига бадал мад дейилади. Яъни бир калимада икки ҳамза келса, биринчи ҳамза ҳаракатли, иккинчи ҳамза сукунли булса, ўқишлик енгил бўлиши учун шу иккинчи сукунли ҳамзани биринчи ҳамзанинг ҳаракатига мос мад ҳарфига алмаштирилади. Шунинг учун “бадал мад” дейилади. Мисол : (إِأْمَانًا) إِيـمَاناً (أُؤْتُوا ) - أُوتُوا (أَأْمَنُوا ) – أَامَنُوا Мад ҳарфидан кейин сукун ҳам, ҳамза ҳам келмайди. Бу мадни аслий мад каби икки ҳаракат чўзиш жоиз. Сукун сабабли бўладиган мадлар икки қисмдир: 1. Сукунга ориз (йўлиққан) мад. 2. Лозим сукун мад. Сукунга ориз мад “Ориз мад” деб аталишининг сабаби, тўхтаган (вақф)да мад ёки лин ҳарфини сукунга йўлиққанлиги учундир. Агар тўхталмаса, бу табиий мад ҳолича қолади. Мад ёки лин ҳарфидан кейин ориз сукун (тўхташлик сабабидан пайдо бўлган сукун) келса, улар “ориз сукун мади” бўлади. Ориз сукун мади ориз сукундан келиб чиқишидан биламизки, бу мад вақф ҳолатига хосдир. Мад ҳарфидан кейин келган сукунга мисол: الْحِسَابِ ← الْحِسَابْ , الْمُفْلِحُونَ ← الْمُفْلِحُونْ , بِمُؤْمِنِينَ ← بِمُؤْمِنِينْ Лин ҳарфидан кейин келган сукунга мисол: يَوْمٌ ← يَوْمْ، قُرَيْشٍ ← قُرَيْشْ Бу маднинг ҳукмида икки, тўрт ва олти ҳаракат миқдорида чўзиш жоиздир. Лозим сукун мад Лозим мад деб, мад ёки лин ҳарфидан кейин васл ва вақф ҳолатида сукуни лозим келишидир. Бу бир калимада бўлсин ёки бир ҳарфда, бунинг фарқи йўқ. Мисол: اَلْحَاقَّةُ ، اَلصَّاخَّةُ, الم ، ق Бу мад чўзилишидаги сабаб лозим сукун бўлиб, доим бир хилда чўзилгани ҳамда у барча қироатларда чўзилиши лозим деб топилгани учун «лозим» дея ном олган. Бу мадни олти ҳаракат чўзиш вожибдир. 1. Лозим мад. (6 ҳаракат) 2. Муттасил мад. (4,5 ҳаракат) 3. Сукунга ориз мад. (2,4,6 ҳаракат) 4. Мунфасил мад. (4,5-5,6 ҳаракат) 5. Бадал мад. (2 ҳаракат). Валлоҳу аълам.